“Ўзбекгидроэнерго” АЖда 2025 йилнинг I ярим йиллиги: ютуқлар ва келгусидаги устувор йўналишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди

07.08.2025 20:18

Бугун, 7 август куни Жамият маъмурий биносида мамлакатимизнинг етакчи босма ва электрон ОАВ вакиллари иштирокида “2025 йилнинг I ярим йиллиги: ютуқлар ва келгусидаги устувор йўналишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Жамият Бошқаруви раҳбарияти, Ижро аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, масъул мутахассислар, телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Дастлаб, матбуот анжуманини “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Аппарат раҳбари Сухроб Ҳамраев кириш сўзи билан очиб, жамият фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Матбуот анжумани кун тартибидаги асосий масала юзасидан Бошқарув раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев ОАВ вакилларига батафсил маълумот берди. Бошқарув раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев таъкидлаганидек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан соҳани янада тараққий эттириш, ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, мамлакат ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини узлуксиз қондириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жамият томонидан 2025 йил I ярим йиллик давомида амалга оширилган кенг кўламли ишлар бунинг яққол исботидир.

Эътиборли жиҳати, Жамият ташкил топган 2017 йилдан бугунги кунга қадар амалга оширилган янги қурилиш ҳамда модернизация лойиҳалари эвазига яратилган қўшимча 450 МВт қувватлар орқали жорий йилдаги электр энергияси ишлаб чиқариш ошириб борилмоқда.

Натижада, сўнгги 8 йилликдаги (6,5 млрд киловатт-соат) ўртача кўрсаткичга нисбатан 500-600 миллион киловатт-соат ёки 10-15 фоизга кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Қолаверса, ушбу кўрсаткич жорий 2025 йилдаги янги қувватларни фойдаланишга топширилиши ҳисобига янада юқорилаб, йиллик ишлаб чиқариш салоҳияти қўшимча тарзда яна 1 миллиард киловатт-соатга кўпаяди.

Жамият таркибидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан жорий биринчи ярим йилликда 3,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа кўрсаткичининг бажарилиши таъминланди.

Ҳозирги кун маълумотига кўра, мамлакатда техник гидроэнергетика салоҳияти йилига 27,4 млрд кВт.соатни ташкил этади. Ҳозирги мавжуд салоҳиятнинг тахминан 25%идан фойдаланилмоқда.

ГЭСлар барқарор кунлик электр энергиясини таъминлашнинг самарали воситаси, нархи бошқа манбаларга қараганда анча арзон ва экологик тозалиги билан ҳам аҳамиятлидир, унинг аҳамияти нақадар беқиёс эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу боис, Президентимиз томонидан 2024-2028 йилларда гидроэлектр станциялар қувватларини 6 минг мегаваттга (2,7 баробар), ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 17-19 млрд кВт.соатга етказиш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ҳамда бунинг учун соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш зарурлиги алоҳида қайд этилганди.

Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ гидроэнергетикани ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча қувватларни яратиб, 2028 йилга бориб умумий электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини 6 минг мегаваттга етказиш ва бу орқали ўртача йиллик ишлаб чиқариш қувватини қарийб 19 млрд кВт.соат ёки 3 баравар ошириш учун зарурий чораларни кўрмоқда.

Том маънода, жорий 2025 йил гидроэнергетика учун юксалиш даври бўлмоқда. 2025 йил давомида Жамият томонидан 405 миллион долларлик, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 912,0 млн кВт.соатга тенг 32 та лойиҳа ишга туширилади.

Хусусан, I ярим йилликда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида қуввати 16 МВт, йиллик ўртача ишлаб чиқариш қуввати 69,6 млн кВт.соатга тенг Зарчоб-3 кичик ГЭС ишга туширилди. Лойиҳалар бўйича жами яратилган янги иш ўринлари – 15 тани ташкил этди.

Самарқанд вилоятида 2 та лойиҳа, шундан: жами қуввати 1,5 МВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 7,3 млн кВт.соат Аyланма Дарғом каналида микроГЭС-2 ва ГЭС-3 кичик ГЭС ишга туширилди. Лойиҳалар доирасида жами яратилган янги иш ўринлари – 8 тани ташкил этди.

Жиззах вилоятида жами қуввати 0,55 МВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5,7 млн кВт.соат бўлган Жиззах сув омбори қошида микроГЭС ишга туширилди. Лойиҳа доирасида жами яратилган янги иш ўринлари – 3 тани ташкил этди.

Жамият бу билан чекланиб қолмасдан, ҳудудларда кам сув ва паст босимда самарали электр энергияси ишлаб чиқариш қобилиятига эга микроГЭСларни, шу жумладан, Сурхондарё вилоятида умумий қуввати 150 киловаттга тенг 8 та, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хўжайли туманларида жами қуввати 145 киловаттга тенг 5 та кинетик турдаги турбинали мобил микроГЭСларни ишга туширди.

Қувонарлиси, 2025-2026 йилларда Чорбоғ сув омбори юқори қисмида Хитой Халқ Республикасининг беғараз кўмак грант маблағи эвазига умумий қуввати 20 МВт, йиллик ишлаб чиқариши 50 млн кВт.соатга тенг 4 та шамол станцияси қад ростлайди ҳамда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш кўрсаткичи янада ошади.

Натижада, Жамият таркибидаги умумий ГЭСлар сони 100 дан ошиши режалаштирилган бўлиб, Жамият ташкил топган 2017 йил билан таққослаганда, ўсиш суръатлари 3 баробарни ташкил этади.

Муҳандислик ишлари, транспорт-коммуникация ва геостратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга кўра ноёб ҳисобланган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш заводи – “UzHydroPower” ҚКнинг ишга туширилиши нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ҳаётида ҳам муҳим воқеадир. Келгусида корхона фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, илмий-ишлаб чиқариш базасини яратиш, хизмат кўрсатиш – сервис марказларини ташкил этишга, шунингдек, мамлакатимизда энергетик аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Табиийки, ушбу тарихий лойиҳа фойдаланишга топширилишини инобатга оладиган бўлсак, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, ўз навбатида, соҳада гидроагрегатлар ишлаб чиқаришда шак-шубҳасиз етакчиликка даъво қилади.

“UzHydroPower” корхонасида республикадаги биринчи миллий ГЭС бўлиши кутилаётган “Норин ГЭСлар каскади”га ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий гидроагрегатлар етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Шу билан бир қаторда, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган тизимли ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида, зарур пайтда хорижий инвесторларга “тайёр лойиҳалар”ни амалга ошириш учун тақдим этиш мақсадида Жамиятда “лойиҳалар фабрикаси” фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур “лойиҳалар фабрикаси”да ҳозирга қадар умумий қуввати 3,2 гигаваттга тенг 50 га яқин лойиҳа устида ишлар олиб борилиб, келгусида гидроэнергетика қувватини амалга ошириш учун замин ҳозирланмоқда. Бугунги кунда “лойиҳалар фабрикаси”да умумий қуввати 408 МВтга тенг 9 та лойиҳа амалга ошириш учун “тайёр ҳолат”да бўлса, умумий қуввати 2 737 МВтга тенг бўлган 20 тага яқин истиқболли лойиҳаси доирасида манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида яқин келажакда гидроэнергетика соҳасида ишлаб чиқариш салоҳияти йилига қарийб 20 млрд кВт.соатга етади. Бу билан юртимиз техник гидроэнергетика салоҳиятининг 73%идан оқилона ва самарали фойдаланилади.

Яна бир муҳим йўналиш – халқаро кредит рейтингларни қўлга киритишда жамият томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари бўйича тайёрлаш бўлими бошлиғи Лазизхўжа Усмонов матбуот анжумани қатнашчиларига ахборот берди.

Унга кўра, жамият томонидан тармоқда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш, уларни амалга оширишда қатъий назорат механизмини ўрнатиш ҳамда истиқболли лойиҳалар ижросини ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида дунё ҳамжамиятида “Ўзбекгидроэнерго” компанияси энг юқори юксак кўрсаткичларда эътироф этилмоқда. Жамият қўлга киритган халқаро рейтинглар ва индексларда, эгаллаб турган мақомлар бунга ёрқин мисол бўла олади.

Умуман олганда, сўнгги йилларда Жамият молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари барқарор ўсиш динамикасига эга эканлиги, халқаро даражадаги инвестор ва молиявий ташкилотларнинг Жамиятга бўлган ишончининг ортишига олиб келмоқда.

Энг муҳими, халқаро молиявий ташкилотлар ҳамда инвесторлар Жамиятнинг истиқболли лойиҳаларни амалга оширишида ўзлари ташаббус билан чиқишмоқда.

Хусусан, буни Жамият томонидан истиқболли йирик лойиҳалар, шу жумладан, жами қиймати 3 млрд доллар, жами қуввати 1,7 ГВт ва йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4,5 млрд кВт/соатга тенг бўлган Юқори Пском ГТЭС, Хўжакент ГТЭС, Қоронғи-тўқай ва Юқори Пском ГЭС қурилиши лойиҳалари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётганлигидан ҳам кўриш мумкин.

Бундан буён Жамият барча лойиҳаларни давлат кафолатисиз, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳисобига амалга ошириш учун барча иқтисодий имкониятларга эга бўлиб, келгусида барча лойиҳалар мазкур тамойилда амалга оширилиши мақсад қилиб олинган. Хабарингиз бор, халқаро майдонда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ халқаро кредит рейтингини барқарор суверен даражада сақлаб келмоқда. Жамият коррупцияга қарши бошқарув тизими ISO 37001 халқаро стандарти бўйича мувофиқлик сертификатига эга. “Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG)” нуфузли халқаро рейтинги 2024 йилда 72 балл билан юқори поғонага кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичга эга.

Бунинг натижасида, халқаро молиявий ташкилотлар, хусусан, АҚШ, БАА ва Хитойнинг нуфузли молиявий ташкилот ва банклари “Ўзбекгидроэнерго” АЖга тўғридан-тўғри давлат кафолатисиз ва суғурта харажатларисиз қарийб ярим миллиард АҚШ доллари қийматида истиқболли инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга тайёр эканликларини билдиришган.

Бу, ўз навбатида, Жамиятнинг халқаро миқёсда эгаллаб турган нуфузи ва обрўси тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Жамият бундан кейин ҳам давлат ва жамиятимиз равнақи, халқ фаровонлиги йўлида барча куч ва ресурсларини сафарбар этади.

Матбуот анжумани давомида ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар