Чорвоқ Агаларовга нега жуда арзонга берилди?

06.08.2025 20:40

Чорвоқдаги Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу лойиҳа экологияга зарар етказиши, фуқароларнинг манфаатларига зид бўлиши ёки бюджет учун юк бўлишидан хавотирда. Қолаверса ,  туристик мажмуа қурилиши учун ажратиладиган ернинг 25 йиллик ижара тўлови бор-йўғи 17 миллиард сўм миқдорида белгилангани ҳам ушбу лойиҳа атрофидаги саволларни янада кўпайтирди. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Департаменти бошлиғи ўринбосари Музаффар Раҳимжонов шундай саволларнинг  айримларига жавоб берди.

Нега айнан Sea Breeze?

Чорвоқ – туризмнинг дурдонасидир. Шу боис бу ерда лойиҳани шошиб қуриб ташлаш эмас, балки юқори даражада, яъни мактаблар, шифохоналар, оқова-сув тизимлари, боғлар барпо қилиб, кўплаб янги иш ўринлари ташкил қилиб амалга ошира оладиган кучли инвестор керак эди.

Агаларов Девелопмент компанияси 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция, ижтимоий инфратузилма объектлар қурилиши, экологик ечимлар ва лойиҳани давлат назорати остида босқичма-босқич амалга оширишни таклиф қилди.

Нега лойиҳа битта инвесторга ишониб топширилди?

Битта девелопер – бу ягона архитектура, йирик канализация тизими, автомобиль йўллари, кўкаламзорлаштириш тизимлари ва масъулият дегани. Агар ер бир нечта қурувчиларга бўлиб берилганида, зиддият, тартибсизлик ва назоратнинг имконсизлиги юзага келган бўларди.

Мисол: Саудия Арабистонидаги The Red Sea Project ҳам экология ва ягона ёндашувни сақлаб қолиш мақсадида ягона девелоперга топширилган.

Лойиҳа қайси манбаалар ҳисобидан амалга оширилади? Қарздорлик юзага келмайдими?

Лойиҳа тўлиқ хусусий маблағлар асосида амалга оширилмоқда. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди. Барча молиявий хатарлар инвестор зиммасида. Кредитлар тижорат асосида олинади, давлат қарзининг ортиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шу билан бирга, давлат лойиҳанинг барча босқичларида – экологик меъёрларга амал қилинишидан тортиб, молиявий шаффофлик ва ижтимоий самарагача қаттиқ назоратни сақлаб қолади.

Мисол: Грециядаги Sani Resort айнан шу тартибда қурилган – бюджетдан бир тийин ҳам сарфланмаган, лекин мамлакат иқтисодиёти учун катта фойда келтирган.

Инвесторда тажриба борми?

Ҳа. Озарбайжондаги Sea Breeze – бу дунё даражасидаги курорт бўлиб, меҳмонхоналар, концерт майдончалари, ресторанлар ва ободонлаштирилган ҳудудларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Москва ва Москва вилоятида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилган.

Мисол: Kerzner компанияси Дубайдаги Atlantic лойиҳасини муваффақиятли қуриб, кейинчалик Хитойда ҳам шунга ўхшаш лойиҳа амалга оширган.

Нега ижаранинг қиймати атиги 17 млрд сўм?

Ижара тўлови инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида рамзий даражагача камайтирилган. Бунинг эвазига инвестор 240 миллион доллар миқдорида инфратузилма тўлови тўлайди – бу ер ижарасининг бозор қийматидан анча юқори. Мазкур тўлов Тошкент вилоятида биринчи марта жорий қилинмоқда.

Бу маблағлар канализация, йўллар, кўприклар ва тозалаш иншоотларини қуришга йўналтирилади. Ортиб қоладиган 100 миллион доллар ҳудуд инфатузилмасининг кейинги ривожланиш ва модернизацияга сарфланади.

Мисол: Мексика ва Вьетнамда хорижий сармояни жалб қилиш ва ривожланишни жадаллаштириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаларининг ижараси нолга қийматида берилган. 

Ерларни қайта сотиш мумкинми? Бу спекуляция эмасми?

Йўқ. Ер давлат тасарруфида қолади. Қайта ижарага бериш фақат лойиҳа консепсиясига мувофиқ қурилишни амалга ошириш учун қўлланилиши мумкин. Масалан, халқаро меҳмонхоналар ва бошқа объектларни қуришда. Шартлар бузилган тақдирда — шартнома бекор қилинади, ер давлатга қайтарилади.

Мисол: БААдаги Saadiyst Island ҳудудида айнан шундай шартлар амал қилади: давлатнинг назорати остида, аниқ бош режа асосида ва фақат лойиҳа доирасида фойдаланиш учун ижарага топшириш ҳуқуқи берилган.

Нега объектларни бир вақтнинг ўзида  лойиҳалаштирган ҳолда қурилишга рухсат берилди?

Қонунчиликда айрим ҳолларда Ҳукумат томонидан параллел лойиҳалашга рухсат берилиши кўзда тутилган. Қарор ҳукумат томонидан қатъий назорат шарти билан қабул қилинган.

Нега объектларни бир вақтнинг ўзида  лойиҳалаштирган ҳолда қурилишга рухсат берилди?

Қонунчиликда айрим ҳолларда Ҳукумат томонидан параллел лойиҳалашга рухсат берилиши кўзда тутилган. Қарор ҳукумат томонидан қатъий назорат шарти билан қабул қилинган.

Бунда лойиҳани Бош прокуратура назорат қилади, Бош вазир ўринбосари раислигида идоралараро гуруҳ ташкил этилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар