Экология вазирлиги томонидан Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланган. Шаҳар ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда, олтингугурт икки оксиди (SO₂) белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар юқори эканлиги маълум бўлган.
Жумладан, (собиқ “Электрокимё” заводи ҳудудида) “Sogda Kimyo Zavod” МЧЖ, “Ferrosplav” МЧЖ ва "Zarafshon industrial technology" МЧЖ заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида концентрланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилган.
Шунингдек, ўрганиш давомида 22 та корхона фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмаганлиги, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилганлиги, бетартиб чиқиндихоналар яратилганлиги сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилган. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилган.
Бундан ташқари, “Навоий азот корхонаси” ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келинганлиги, қурум (сажа) чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосфера ҳавоси ифлослантирилганлиги аниқланган. Аммиак белгиланган меъёридан 1,08 баробар юқорилиги, 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси “Навоийазот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида соат 23:43 да шарқий ҳудуд атрофида аммиак (NH₃) моддаси миқдори 1,5 баробар, водород сульфиди (H₂S) 36 баробар, соат 00:16 да ғарбий ҳудуд атрофида аммиак (NH₃) моддаси миқдори 6,6 баробар, водород сульфиди (H₂S) 1,4 баробар, олтингугурт тўрт оксиди (SO₄) моддаси 1,2 баробар меъёрдан юқори эканлиги аниқланган.
Оқибатда корхона жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланган.
Шунингдек, Навоий шаҳрига чегарадош Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар фуқаро томонидан тегишли рухсатномаларсиз, экологик меъёрларга мутлақо зид бўлган ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилаётганлиги, натижада атмосфера қора тутун ва чанглар билан ифлослантирилаётганлиги аниқланган. Оқибатда жами 24 нафар фуқарога нисбатан 18 млн сўм жарима белгиланди ҳамда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланган.
Вазият қатъий назорат остидалиги, Экология вазирлиги табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузувчи корхоналарга нисбатан бундан буён ҳам қатъий чоралар кўришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 19 июлдан бошлаб, бир неча кун давомида Навоийни чангсимон тутун қоплагани ҳақида хабар берган эдик.