2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.
Иш ҳақи ва стипендиялар ошади
2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади. 1 августдан эътиборан, базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм деб белгиланади (ҳозир – 375 минг). Шу санадан бошлаб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 271 минг сўмни ташкил этади (ҳозир – 1 млн 155 минг).
Чиқиндидан қарзи борлар “свет” ўчун тўлов қилолмайди
Ўзбекистонда маиший чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизмати учун тўлов 2025 йил 1 августдан бошлаб электр энергияси тўловига боғлаб қўйилади. Бунда чиқиндидан қарздор истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.
Давлат хизматчиларининг вазни назорат қилина бошлайди
Жорий йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида ҳар иш кунининг муайян вақтларида жисмоний тарбия ва ҳаракат фаоллиги бўйича тадбирлар ўтказиб борилади.
Боғча учун компенсация
Айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинади. Бунда компенсация бола таъминоти учун ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади.
Экологик назорат кучайтирилади
Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан Давлат экологик назорат инспекцияси давлат инспекторларининг ваколати кенгайтирилади.
Улар 2025 йил 1 августдан қуйидаги ҳолатлар аниқланганда тезкор назорат тадбирларини текширувлар бошлангандан сўнг 24 соат ичида «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этади:
юридик шахсларнинг ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайхон қилиш ёки йўқ қилиш;
ўлчами беш юз квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш;
ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш.