Рақобат қўмитасига 2025 йилнинг ўтган даврида газ етказиб бериш билан боғлиқ истеъмолчиларидан жами 19 487 та мурожаат келиб тушган. Қўмитанинг таъкидлашича, бу рақамлар соҳада тизимли муаммолар борлигини кўтсатади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда тўғридан тўғри АЖнинг бўйсунувида бўлган корхоналарда ўрганиш ишлари ўтказилганда ўтган даврда республиканинг бешта вилоятида аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида суюлтирилган газнинг оғир қолдиқлари (конденсат) ҳажми жами 1,5 минг тоннани ташкил қилиши аниқланган. Бунда:
Навоийда — 92,9 тонна,
Сурхондарёда — 490,2 тонна;
Қашқадарёда — 371,3 тонна;
Фарғонада — 370,5 тонна;
Бухорода — 175,6 тонна.
Маълум бўлишича, бунинг ҳисобига истеъмолчилардан жами 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олинган.
Хусусан, Навоий вилоятида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан газ баллонидаги жами 92,9 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари учун истеъмолчилардан 125,4 млн сўмлик ортиқча маблағлар олинганлиги аниқланган.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан 79 та истеъмолчидан 125,7 млн сўмлик ортиқча ҳисобланган ҳамда газ баллонларидаги жами 490,2 тн оғир қолдиқ суюқлик миқдорлари (конденсат) учун истеъмолчилардан 640,3 млн сўмлик, жами 766, 0 млн сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.
“Ушбу ҳолатлар бўйича Рақобат қўмитаси томонидан ҳудудий газ таъминоти корхоналари бу хизматларни кўрсатишда қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатлари мавжудлиги сабабли, истеъмолчиларга ортиқча олинган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда”, - дейилади расмий хабарда.