Охирги икки ойда Бекобод туманида ижодкорлар, журналистлар ва санъаткорлар серқатнов бўлиб қолди. Ҳудудда “Ҳар мактабга 100 китоб” лойиҳаси эълон қилинди. Кўп йиллардан буён бадиий адабиётларга муҳтож бўлиб турган кутубхоналарга китоблар оқиб кела бошлади.
Юздан зиёд юртимизнинг кўзга кўринган ижодкорлар, олимлар, санъаткорлар, хусусан, Абдусаид Кўчимов, Зулфия Мўминова, Шерзод Қудратхўжаев, Бобур Бобомурод, Муҳаммад Исмоил, Раҳимбой Жуманиёзов, Тоҳир Долиев, Олимжон Ўсаров, Тўлқин Эшбек, Гуландом Тоғаева, Нурилла Чори, Шодмонқул Салом, Носиржон Жўраев, Шуҳрат Ориф, Фозил Фарҳод, Зилола Хўжаниёзова, Шоҳсанам Нишонова, Қозоқбой Йўлдошев, Бобоқул Тошев, Нуриддин Зиё, Фурқат Алимардон, Элёр Мурод, Маҳмуд Намозов, Салоҳиддин Азизбоев, Аслиддин Дўстов, Шуҳрат Дарё, Жаҳонгир Фозилжонов, Олима Тожибоева “Долзарб 90 кун” доирасида туман мактабларида дарсдан бўшаган ва таътилни қандай самарали ўтказишни ўйлаб турган ўқитувчи ва ўқувчилар билан дилдан суҳбатлар қурдилар, жонли ва жозибали мулоқотлар, қизиқарли чиқишлар уюштиришди.
“Маърифат хазиналари шунчаки бериб қўйилса, ўқувчини ўзига камроқ жалб этишини эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак. Китобларни ёзувчи, шоир ва санъаткорларнинг ўзлари келтириши мутолаа маданиятини ошириш, ёшларни қизиқтиришнинг таъсири усули бўлади. Қолаверса, тумандаги ижодкорларни ҳам бу жараёнга фаол жалб этиш уларни ҳам руҳиятини кўтариб, илҳом ва куч бағишлайди”, деди туман ҳокими З.Низомиддинов.
Шубҳасиз, барча буюк ислоҳотлар маънавий тафаккурдан озиқланади. Сўкинғич ҳокимлару, оғзи шалоқ вазирлар, маънавияти бутун бўлмаган қуйи бўғин раҳбарлари билан катта карвонни узоққа бошлаб бориш осон иш эмас. Президент бир йиғилишда одамларнинг уйларини э йўқ, бе йўқ бузиб юбораётган ҳокимларга қарата “сенлар билан катта ишни қилиб бўлармиди, одамлар уйини бузгунча, аввал миянгни буз” деб хафсаласи бўлиб қаттиқ ёзғирганда савиясиз, кўр-кўрона ҳаракат қиладиган амалдорларни назарда тутган эди.
Сентябрдан республика марказий газета ва журналлари барча мактабларга етиб бориши бўйича аниқ режалар белгиланди. Республикамизнинг таниқли шоир, ёзувчи ва журналистларни узоқ йиллар синовдан ўтган “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳар бир мактабга фаол жалб этиш, уларнинг ижодий кечаларини ўтказиш, туман ёшларида ижодий ёндашувни юксалтириш, ўғил-қизларни кўпроқ ўқишга ундаш, уларда куртак ёзаётган салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, умуман олганда, креатив фикрлашни ривожлантириш учун доимий мулоқот майдони яратиш бўйича таълим мутасаддилар билан бамаслаҳат фикрлашиб олинди.
Аслида бундай ишларга катта маблағ ҳам кетмайди, фақат зўр иштиёқ ва интилиш билан, юксак маърифий ёндашувлар билан ҳаракат қилинса, туман миқёсида кўп нарсага эришиш мумкинлигини БЕКОБОД МАЪНАВИЯТ ТАЖРИБАСИ яққол кўрсатмоқда.