Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов 15 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳаси ҳали расман тақдим этилмаганини маълум қилди.
“Расмий равишда, лойиҳа сифатида ҳали келгани йўқ. У келганидан кейин, биз жамоатчилик муҳокамасига қўямиз, ҳамма кўрсин уни. Қанақадир беркитиб, менимча, кечаси қўл қўйиб чиқариб юборадиган одам ҳам йўқ республикада”, — деди вазир.
Вазирнинг бу баёноти жамоатчиликда танқидий муносабатларга сабаб бўлди. Чунки лойиҳага доир илк маълумотлар бир йил аввал очиқланган ва бу орада бир қатор амалий қадамлар ташланган.
Хусусан, 2023 йил 16 декабр куни озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларов “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм марказини Чорвоқ сув омбори ҳудудида барпо этиш таклифи билан Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилганди. Президент таклифни маъқуллаб, бош вазир бошчилигида махсус комиссия тузишни ҳам буюрган.
Бундан ташқари, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга расмий ташрифи доирасида Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “Sea Breeze” дам олиш мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишганди.
Демак, расмий ҳужжат расман тақдим этилмаган бўлиши мумкин, аммо лойиҳа аллақачон муҳокама қилинган ва йўлга қўйилган. Бу ҳолат вазирнинг “ҳали лойиҳа келмаган” деган баёноти билан бўлиб ўтган воқеаларни кўрмаганга олишга уринишга ўхшайди ёки вазиримиз бундан хабарсиздек кўринмоқда.
Айни пайтда лойиҳа доирасида Чорвоқ атрофида дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, дўконлар, концерт майдонлари, кўприк ва бошқа инфратузилма қурилиши режалаштирилмоқда.
Жамоатчилик эса бу ҳудуддаги табиий муҳит ва сув омбори ҳудуди ландшафтига зиён етиши, ерлар хусусийлаштирилиши ва аҳоли ҳаётига ва сув захирасига нисбатан хавф юзага келишидан хавотир билдирмоқда.
Шу боис, мутахассислар ва фаоллар вазирликдан фақат баёнотлар эмас, балки аниқ жавобгарлик ва фаол жамоатчилик иштироки асосида амалий ечимлар кутмоқда.