Сенат чиқиндидан қарзи борлар электрга тўлов қилолмаслиги механизмини танқид қилди

23.07.2025 13:32

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва Экология қўмитаси томонидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари соҳасида тўлов интизомини, қонун ижросини таъминлаш механизмлари ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга аниқ манзилли саволлар йўлланди.

Маълумки, “Айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ маиший чиқиндилар хизмати учун мажбурий тўлов бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, истеъмолчи мазкур қарздорлик ҳақида СМС орқали огоҳлантирилганидан сўнг 5 кун ичида қарздорликни бартараф этмаса, электр энергияси бўйича тўловларни қабул қилиш вақтинчалик тўхтатилиши назарда тутилган.

Бироқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг HET иловасида аҳоли томонидан маиший чиқинди хизмати бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаётгани, “Тоза макон” электрон биллинг тизими билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизими ўртасида тўлиқ интеграция таъминланмагани, шунингдек, айрим истеъмолчиларда чиқинди хизмати бўйича шартнома мавжуд эмаслиги ҳамда абонент ҳисобрақамларидаги ноаниқликлар жамоатчиликда ташвиш туғдирмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Сенат қўмитаси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳамда Энергетика вазирлигига маълумотлар алмашинуви жараёнида юзага келаётган муаммолар юзасидан аниқ маълумот ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар тақдим этиш сўралди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар