23 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судида Россия армияси сафида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган 59 ёшли Ўзбекистон фуқароси Р.Д.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Қайд этилишича, судланувчи Р.Д. 2020 йил 27 февраль куни Москвага мавсумий ишлаш мақсадида бориб, у ерда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда гумон қилиниб қўлга олинган ҳамда 2021 йил 10 август куни жиноят ишлари бўйича Москва вилояти Подольский шаҳри суди томонидан Россия Жиноят кодексининг 105-моддасида (Қасддан одам ўлдириш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Шундан сўнг, Р.Д. мазкур ЖИЭМда жазо муддатини ўташи давомида 2022 йил 21 сентябрь куни Россия ҳудудида фаолият олиб бораётган «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати томонидан берилган таклифга асосан Россия тарафини олиб, Россия ва Украина ўртасида бўлаётган жанговар ҳаракатларда иштирок этиш тўғрисида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган.
У 2022 йил 21 сентябрдан 2023 йил 21 мартга қадар жанговар ҳаракатларда иштирок этган. 2023 йил 21 март куни ҳарбий ҳаракатлардан озод этилиб, мазкур ҳарбий ҳаракатларда намунали иштирок этганлиги эвазига Россия президентининг фармони билан содир этган жинояти учун авф этилган ҳамда «За отвагу» ва бошқа турли кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Р.Д. ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, 2023 йилнинг март ойидан 2025 йилнинг март ойига қадар ишлаб пул топиш мақсадида Москвада турли кўринишдаги меҳнат турлари билан шуғулланган. Шундан сўнг, 2025 йил 9 март куни Москва—Самарқанд йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистондаги яшаш манзилига қайтиб келиб, содир этган жинояти хусусида 2025 йил 11 март куни ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармасига ихтиёрий равишда пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилган ҳамда ўзининг жанговар ҳаракатларда иштирок этганини тасдиқловчи нарса ва ҳужжатларни тақдим қилган.
Судланувчи Р.Д. суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Судланувчи ҳикояси
“Россияга мавсумий ишлаш мақсадида 2013 йилдан буён бориб келаман, охирги маротаба 2020 йил 27 февраль куни Россиянинг Москва шаҳрига борганман. Москва шаҳрига борганимдан сўнг қурилиш ишларида ишлаб, карантин бошлангани сабабли яшаш манзилимга қайта олмаганман.
2021 йилнинг сентябрь ойларида Подольск туманида қурилишда ишлаб юрган вақтимда уч нафар Навоий вилоятида яшовчи шахслар билан қурилиш фирмасига тегишли вагон кўринишидаги ётоқхонада бирга яшаб келганман.
Ётоқхонада спиртли ичимлик истеъмол қилиб келган шеригим билан ўзаро жанжаллашиб қолгандик. Ўшанда жаҳл устида ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида Назар исмли кишининг кўкрак қисмига пичоқ санчиб олганман. Оқибатида у олган тан жароҳати сабабли вафот этган. Содир қилган жиноятим юзасидан менга нисбатан 2021 йил 10 август куни Подольск шаҳар жиноят ишлари бўйича суди томонидан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жазони Саранск вилояти, Мордовия шаҳрида жойлашган ИК-7-сонли умумий тартибли жазони ўташ муассасасида ўтаб келганман.
2022 йил 18 сентябрь куни «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати масъул шахслари жазони ўташ муассасасига келиб, унга ҳар ойда 100 000 рубль миқдорида ойлик маош ва Россия фуқаролиги берилишини, шунингдек, унга тайинланган жазони ўтамаслигини ваъда қилишган.
Уларнинг таклифига рози бўлиб, 2022 йил 21 сентябрдан 2023 йил 21 мартга қадар Украинадаги жанговар ҳаракатларда Россия тарафини олиб иштирок этдим. 2025 йил 9 март куни Внуково-Самарқанд йўналишидаги самолёт орқали учиб уйига қайтиб келдим” дейди у судда.
Ҳукм қандай бўлди?
Судда гувоҳ сифатида қатнашган айбланувчининг ўғли отаси 2020 йилнинг февраль ойида ишлаш мақсадида Россияга кетгач, 2021 йилда қамалгани, 2023 йилнинг март ойида озодликка чиққани ҳақида уларни хабардор қилганини айтди. Аммо жанговар ҳаракатларда иштирок этганини уйга қайтиб келганидан кейин маълум бўлганини таъкидлади.
Суд Р.Д.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) билан айбли деб топди ва унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.