“Ўзимизни бўлмаса ҳам меҳнатимизни қадрлашсин” – ободонлаштириш ходими

16.07.2025 11:20

Инсон вафот этса, унинг суяклари чириб битгунича кетадиган вақт 80-100 йилни ташкил қилади.  Аммо у табиатга ташлаган биргина пластик “баклажка” инсоният билан 450 йил бирга бўлади, яъни унинг чириб битишига айнан шунча вақт кетади. Биз ҳозир бир дона “баклажка” ҳақида гапиряпмиз, ваҳоланки дунё бўйлаб ҳар йили 300 000 000 тоннага яқин пластик чиқиндилар ҳосил бўлади. 

Дўконлар ёки, дорихоналарда арзимаган нарсаларни ҳам алоҳида пакетларга солдираётганлар, уни чириб йўқ бўлиши учун 10 йилдан 20 йилгача вақт кетишидан, "кунига 2-3 та энергетик ичаман” дейдиганлар алюминий банкаларни чириб битишига 80 йилдан 200 йилгача вақт кетишидан хабарлари бормикан? Майли, биз  ҳозир қанча чиқинди ташлаётганимиз–у, улар қачон йўқ бўлиши ҳақида эмас, уларни қаерга ташлаётганимиз ҳақида гаплашамиз.

Бошқа вилоятларга ўрнак бўлувчи пойтахтимиз кўчаларидаги кўнгилочар боғлар,  ва ҳатто туристик зоналарда ҳам “ўта фаросатли” одамлар томонидан улоқтирилган уюм-уюм  чиқиндиларни кўриб, кўзингиз ўрганиб кетгани аниқ..

 

Орамизда “Пойтахтда чиқинди қутилари етишмовчилиги бор”, дея иддао қилувчилар ҳам топилади. Аммо, бу чиқиндисини исталган жойга ташлаб кетиш мумкин дегани эмас.

Аслида, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш ҳатто қонун билан тақиқланган.                           

Бунга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-1-моддасига асосан жавобгарлик белгиланган. Хусусан, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший, қурилиш ва суюқ маиший чиқиндиларни ташлаш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, яъни 340 минг сўмдан 1 миллион 20 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача, яъни 3 миллион 400 минг сўмдан 6 миллион 800 минг сўмгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Аммо шунча чора-тадбирларга қарамасдан, биргина 2023 йилнинг ўзида Ўзбекистонда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 17 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Ҳуқуқбузарларга 7,6 миллиард сўм миқдорда маъмурий жарималар қўлланган.

Кўчага чиқинди ташлаб кетаётган инсонлар ҳеч бўлмаса ободонлаштириш ходимларининг меҳнатини қадрлаш ҳақида ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. “Пулини олгандан кейин тозалайди-да”, дегувчилар, шошманг — тасаввур қилинг, сиз қураётган уйга кимдир ҳар куни келиб ғишт ташлаб, деворларни бузиб кетса, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз?

“Ҳар кимнинг тушунчаси ҳар хил. Энди ўқимаган инсонлар шу ишни қилади десак, ўқиганлардан ҳам баъзида хафа бўлиб кетаман. Одатда бизга паст назар билан қарашади. Кўча-кўйда меҳнатимизни қадрлашмаганидан кейин хафа бўласиз. Баъзида кўр-кўрона, қўлидаги чиқиндини тўғри келган жойга ташлаб кетишади. Инсон ўзини қадрлаб, ҳурмат қилмаса ҳам, меҳнатни қадрлаши керак эди”, — дейди ободонлаштириш хизмати ходими Сожида Жўраева.

Меҳнатингизни қадрламаганларга нима деган бўлардингиз?

“Мен биринчи ўринда одамлар ободонлаштириш ходимларига ҳурмат билан қарашларини хоҳлардим. Ўзимизни бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда меҳнатимизни қадрлашса яхши бўларди. Чиқиндиларни тўғри келган жойга ташлаб кетмасдан, махсус идишларга солиб кетишларини сўраб қоламан. Агар биз биргаликда ҳамжиҳат бўлсак, шаҳримиз ҳам обод бўлади, — дейди Сожида опа Rost24.uz га берган интервьюсида.

 

Ушбу фотосурат Тошкент шаҳридаги “Эски Жўва” бозорида олинган. Бу ҳудудда бундай манзараларга тез-тез дуч келамиз. Айниқса, ёмғир суви оқиши учун мўлжалланган ариқчалар (дренаж) доимо чиқиндига тўла бўлади. Шунинг учун бўлса керак, ёмғиргарчилик мавсумида озгина ёмғир ёғди дегунча, бозор атрофида сувлар йиғилиб, ҳавзалар пайдо бўлади. Аслида дренаж тизимини ҳам яхши аҳволда деб бўлмайди. Қоида бўйича, дренажга мўлжалланган ариқларнинг усти махсус тўсиқ билан тўсилган ҳолатда бўлиши керак.

Бундан ташқари танганинг иккинчи томони бўлганидек, кўчалар, чиқиндига тўлиб кетишининг яна бир асосий сабаби — Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларида оғир муаммога айланган урналар етишмаслиги ёки бор бўлган тақдирда ҳам ўз вақтида олиб кетилмаслигидир.

Хўш, аслида чиқинди қутилари ўрнатиш талаби кимларга қўйилган? Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ҳар бир ҳудудда жойлашган ташкилотга санитар тозалаш хизматларини ўз вақтида амалга ошириш мажбурияти билан қутилар ўрнатиш вазифаси юклатилган. Масалан, бозорлар ҳудудига бозорлар маъмурияти, кўп қаватли уйлар ҳудудига уларга хизмат кўрсатувчилар, марказий йўлларга эса шу йўлларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар чиқинди қутилари ўрнатиши керак. Ташкилотлар ўз ҳудудини тоза сақлаш мажбуриятини ҳам олган.

Шу ўринда “Махсус чиқинди қутилари аслида қаерларга ўрнатилиши керак?” деган савол пайдо бўлиши табиий. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги маиший чиқиндилар ҳақидаги қарорида бинолар ва иншоотлар, савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар олдида ўрнатиш лозим эканлиги таъкидланган.

Чиқинди билан боғлиқ ҳолатларни ўрганарканмиз, бир парадокс ҳолат бизни ажаблантирди. 2018 йилда қабул қилинган қарорга асосланиб, айрим кўчаларга чиқиндиларни алоҳида тўплаб олиб кетиш учун тўрт хил рангдаги чиқинди қутилари ўрнатилган. Аҳоли қай даражада чиқиндиларни саралаб қутига ташламоқда — буни билмадик, аммо ободонлаштириш ходимлари уларни битта қутига солиб олиб кетаётганига гувоҳ бўлдик. Гўё рангли қутилар безак вазифасини ўтаётгандек.

Огоҳлантиришлар берилади, қонунлар қабул қилинади, жарималар қўлланилади. Аммо одамлар ўз ҳаракатлари билан дунёдаги экологик инқирозни келтириб чиқараётганини англаб етмагунча, ҳеч қандай ўзгариш рўй бермайди.

 

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар