2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредилар (NPL) 23,52 трлн сўмга етди (2024 йил мос даврида 20,93 трлн сўм бўлган). Бу миқдор мамлакатда жами ажратилган қарзларнинг (567,7 трлн сўм) 4,1 фоизига тенг.
Қайтарилмаётган кредитларнинг катта қисми (15,76 трлн сўм) давлат улуши мавжуд банклар томонидан берилган. Ўзмиллийбанк доимгидан ажратган қарзларини ундира олмаётган давлат банклари орасида етакчи — 3,2 трлн сўм (1 йил аввал 3,7 трлн сўм). Кейинги ўринни Агробанк банд этган — 2,96 трлн сўм. Мазкур банкда бир йил олдинги муаммоли кредитлар 2 трлн сўм бўлган. Бунда қайтарилмаган қарзлар миқдори йиллик 900 млрд сўмдан кўпроқ ўсган. Ўзсаноатқурилишбанкда ҳам муаммоли кредитлар улуши юқорилигича қолмоқда (2,57 трлн сўм).
Ўтган ой бошида Бизнесни ривожлантириш банки қайтарилмаган кредитлар миқдори 1,85 трлн сўмни ташкил этган. Мазкур банк бир йил давомида муаммоли қарзларни кескин қисқартиришга эришган. Яъни 2024 йил июнда қайтарилмаётган қарзлар улуши 2,84 трлн сўм бўлган.
Ўз навбатида Асака банк (1,92 трлн сўм), Халқ банки (1,2 трлн сўм) ва Микрокредитбанк (1,27) қайтариб ололмаётгани қарзлари ҳам 1 трлн сўмдан кўп.
Хусусий банклар орасида қайтарилмаган кредитларнинг энг кўп миқдори Ипотека банкда — 3,35 трлн сўм (2024 йил 1 июнда 2,36 трлн сўм). Банк 2022 йил 12 декабрда 75 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилган. У сотилишидан олдин муддати ўтган кредитлар миқдори 873 млрд сўм бўлган. Хусусийлаштрилгандан кейин бир йил ўтиб, бу миқдор 1,9 трлн сўмга етган. Якуний рақамлар эса муддати ўтган кредитлар миқдори ўсиш суръати жадал тус олганидан далолат беради.
Давлатга қарашли бўлмаган банклар ичида Капитал банкнинг муаммоли қарзлари (1,8 трлн сўм) улуши ҳам нисбатан юқори.