Қозоғистон Республикасида қайд этилган куйдирги (Сибирь яраси) ҳолатлари сабабли Ўзбекистон билан қўшни давлат ўртасидаги 55 та чегара пункти кучайтирилган назоратга олинди.
Куйдирги инсониятга қадимдан маълум бўлган, зооноз (яъни ҳайвонлардан одамга юқадиган) юқумли касалликлардан биридир. Айниқса, чорвачилик билан шуғулланувчи ҳудудларда бу касаллик тупроқ орқали ёки тўғридан-тўғри зарарланган ҳайвонлардан юқиши мумкин. Инфекциянинг ўткир шакли инсон саломатлиги учун ўта хавфли бўлиб, яллиғланиш, ҳарорат кўтарилиши, яра ва тери ўзгаришлари билан кечади. Айни пайтда ушбу касалликнинг тўлиқ давоси мавжуд эмас, лекин эрта босқичда аниқланса, антибиотиклар билан муолажа қилинади.
Айни дамда ушбу касаллик Ўзбекистон ҳудудига кириб келмаслиги учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан хавфли деб топилган чегара ҳудудларида тупроқ намуналари олиниб, лабораторияларда таҳлил қилинмоқда. Шунингдек, эҳтимолли ҳолатлар аниқланганда, зарур диагностика ва даволаш имкониятлари мавжудлиги айтилди.
Шунингдек, чегара постларида ҳар бир фуқаронинг соғлиғи кўздан кечирилаётгани, инфекция аниқланганда ёки гумон қилинганда карантин чораларига тезкор ўтилиши таъкидланди.
Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирча Ўзбекистонда касаллик билан боғлиқ тасдиқланган ҳолат кузатилмаган. Бироқ, қўшни давлатдаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, профилактик назоратни кучайтириш муҳим бўлиб қолмоқда. Айниқса, инсонлар ва ҳайвонларнинг эркин ҳаракатланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимининг ҳушёрлиги зарур бўлмоқда.
Қозоғистонда вазият жиддийми?
Айни дамда қўшни Қозоғистоннинг Оқмўла вилояти, Отбосар туманидаги икки қишлоқда куйдирги касаллиги аниқлангани боис карантинга олинган.
Дастлаб касаллик аниқланган ҳудудларда айрим чекловлар жорий этилган, кейинчалик эса лаборатория текширувлари тасдиқлангач, 1 июль куни расман карантин эълон қилинган.
Ҳозирда карантинга олинган иккита қишлоққа одам ҳам, чорва ҳам кира олмайди. Ҳудудлар тўсиб қўйилиб, шлагбаумлар ўрнатилган ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, июнь ойининг охирида Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова Отбосарда тўрт бемор аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Улар назоратга олинган, касаллик тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилаётгани айтилганди. Ўшанда ҳудудда карантин жорий этилмаслиги маълум қилинган эди. Аммо вақт ўтиб вазият кескинлашгани сабабли карантин эълон қилинди.
Сапаровнинг айтишича, 19 кишидан таҳлил олинган, улардан 7 нафари куйдиргига чалингани тасдиқланган, қолганларининг натижалари манфий чиққан. Касалликка чалинганлар шифокорлар назоратида, соғаймоқда.
Карантин чоралари 15 кун давом этади. Шундан сўнг ҳудудда қайта таҳлиллар олинади. Агар янги ҳолатлар аниқланмаса, чекловлар бекор қилинади.
Тарихий илдизлардан замонавий хавфларгача
Куйдирги (антракс) — ҳайвонлардан инсонларга юқадиган хавфли инфекцион касаллик бўлиб, “Bacillus anthracis” бактерияси сабабли юзага келади. Касалликнинг хавфи нафақат унинг ўткир кечишида, балки турли йўллар билан тез тарқалиш хусусиятидадир. Бу эса уни нафақат соғлиқни сақлаш тизими, балки қишлоқ хўжалиги учун ҳам долзарб масалага айлантиради
Куйдирги инсониятга қадим замонлардан бери маълум. Тарихий манбаларда қадимги Миср ва Месопотамия даврида бу касаллик ҳақида илк қайдлар мавжуд. XVII асрдан бошлаб касаллик илмий жиҳатдан ўрганила бошланган бўлса-да, уни чуқур англашга 1876 йилда Роберт Кох томонидан Bacillus anthracis бактериясининг кашф этилиши сабаб бўлди. Айнан шу тадқиқотлар замонавий микробиология ва эпидемиология фанларининг ривожланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
Касалликнинг табиий манбалари ва тарқалиш усуллари
Куйдирги бактерияси ўзининг тирикликка чидамлилиги билан ажралиб туради. У ерда, айниқса инфекцияланган ҳайвонларнинг ўлиги ёки ахлати билан ифлосланган тупроқда йиллар давомида спора ҳолида яшириниб ётиши мумкин. Ушбу спора ҳолатдаги бактериялар оғир иқлимий шароитларга ҳам бардошли бўлиб, қулай фурсат топилиши билан фаол ҳолатга ўтади.
Инфекциянинг асосий манбалари чорва ҳайвонлари бўлиб, одамлар билан тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқада касаллик юқиши мумкин. Хусусан, инфекцияланган гўшт, жун ёки тери маҳсулотлари билан алоқада бўлиш, яроқсиз санитария ҳолатидаги гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш, ёки нафас орқали бактерияларни ютиш касаллик тарқалишининг асосий йўлларидир.
Куйдирги организмга қандай киришига қараб бир нечта шаклларда кечади ва бу турли органларга турлича таъсир кўрсатади.
Тери куйдиргиси — энг кенг тарқалган кўриниш бўлиб, касаллик одатда инфекцияланган маҳсулотлар билан алоқада бўлганлар орасида учрайди. Ташқи белгилари оддий ярадан бошлаб, қора қобиқ билан қопланган оғриқсиз ярагача ривожланади.
Нафас йўллари куйдиргиси — энг хавфли шакли бўлиб, одатда саноат корхоналарида чанг орқали нафас олиш йўли билан юқади. Белгилари гриппга ўхшаш бўлса-да, қисқа фурсатда оғирлашади ва ўлим ҳолатлари юқори бўлади.
Овқат ҳазм қилиш тизими куйдиргиси — кам учрайдиган, аммо оғир кечадиган шакл бўлиб, инфекцияланган гўшт ёки сут маҳсулотлари орқали юқади.
Септик куйдирги — бактериялар қон оқимига кириб, бутун организмга тарқалганда юзага келади. Бу ҳолат жуда тез ривожланиб, кўп ҳолларда ўлим билан тугайди.
Куйдирги йиллар давомида назорат остига олинган инфекциялар қаторида қайд этилган бўлса-да, у мутлақо йўқ қилинган касаллик эмас. Аҳоли ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлган жойларда, айниқса қишлоқ ҳудудларида, ҳар йили қайд этилаётган ҳолатлар мавжуд. Бу эса профилактика, ветеринар назорати ва гигиеник талабларнинг сустлиги билан изоҳланади.
Куйдиргининг ўзига хослиги шундаки, у соғлиқни сақлаш тизими, санитария ҳолати ва ветеринария хизматлари ўзаро узвий ишламаса, тезда тарқалувчи эпидемиологик хавфга айланади. Бу эса уни фақат тиббий масала эмас, балки ижтимоий-иқтисодий ва агро-сиёсий муаммо сифатида ҳам кўриб чиқишни талаб этади.