“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ веб-сайтида банк Бошқаруви раиси Сахи Аннакличевнинг “Коррупцияга муросасизлик – адолатли жамият пойдевори” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда жамият ва давлат тараққиётига жиддий таҳдид солувчи коррупция иллатининг банк-молия тизими ва тадбиркорлик ривожига салбий таъсири ҳақида сўз боради.
Шунингдек, мақолада “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБда коррупциявий хатарларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бу йўналишда эришилаётган натижалар ҳам ёритилган.
Қайд этилишича, банкда халқаро стандарт ва тажрибани ўзида мужассам этган самарали тизим яратилган. 2023 йилда Бош банк, ҳудуд ва туман сотув нуқталари даражасида “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарти жорий қилинган. Мазкур тизим самарадорлиги жорий йилнинг март ойида мустақил халқаро ташқи аудит томонидан ижобий баҳоланиб, мувофиқлик сертификатининг муддати узайтирилди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ раҳбарининг таъкидлашича, банкда коррупцияга қарши самарали курашиш, банкни бозор ва мижоз талабларига мослаштириш ва янада ривожлантириш учун муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан: ▫️жараёнларни рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш; ▫️замонавий технологиялар асосида янги маҳсулот ва хизматларни жорий этиш; ▫️мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини доимий ошириб бориш; ▫️ходимлар ўртасида ҳалоллик вакцинаси ва этика қоидаларини тарғиб этиш ҳамда ҳуқуқий саводхонликни ошириш; ▫️мижозларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан сўровномалар ўтказиб бориш чоралари кўрилмоқда.
“Коррупцияга қарши курашиш бу фақатгина давлат идораларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва бурчи ҳамдир. Ҳар биримиз ҳалолликни кундалик ҳаётимизда, оиламизда, фаолият юритаётган ташкилотимизда, қўйингки, жамиятимизда асосий қоидага айлантира олсак, барқарор ва тараққий этувчи келажакни биргаликда яратишимиз мумкин бўлади” – дейилади мақолада.