Сўнгги вақтларда дунёда ва аста-секин Ўзбекистонда ҳам Labubu номли ўйинчоқларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Кўринишидан у шунчаки “юмшоқ ўйинчоқ”, аммо мутахассислар фикрича, бу ўйинчоқ боланинг руҳий ҳолати, кечинмалари ва хатти-ҳаракатларига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Психологлар Labubu ўйинчоқлари орқали болаларнинг хаёлий ва реал оламни аралаштириб юбориши, агрессивлик ва қўрқув ҳисси ортаётгани ҳақида жиддий огоҳлантирмоқда.
Бутун дунё изидан қуваётган Labubu тарихи
Labubu ўйинчоқлари ўзининг тишли ҳайвончаларни эслатувчи ғайриоддий кўриниши билан ажралиб туради. Уларнинг асосий хусусияти — blind box эканлиги, яъни харидор қутини очмагунча қайси фигурача чиқишини билмаслигидадир. Ўйинчоқ нархлари ҳам арзон эмас: бир дона Labubu тахминан 65 доллар, blind box қутиси эса 120 доллар туради.
Бундай муваффақиятдан сўнг, Labubu ишлаб чиқарувчи PopMart компанияси асосчиси Ван Нин Хитойнинг энг бой одамларидан бирига ва мамлакатдаги энг ёш миллиардерга айланди. У атиги 38 ёшда ва унинг бойлиги 22,7 миллиард долларга етди.
Labubu қаҳрамони илк бор 2015 йилда “Махлуқлар” номли график романда пайдо бўлган. Аммо бу ўйинчоқлар таниқли инсонлар томонидан ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилинганидан кейингина оммалашди.
Бундай ўйинчоқларнинг оддий версияси 10–30 доллар атрофида туради, аммо сиз ноёб Labubuни топиб олсангиз, унинг нархи бир неча баробарга ошади. Кўплаб коллексионерлар ва трендларга амал қилувчилар бундай қутиларни улгуржи тарзда харид қилишади ва камёб моделлар ортидан қувади.
Болалар руҳиятига қандай таъсир қилмоқда?
Ижтимоий тармоқлар, блогерлар ва норасмий онлайн дўконлар орқали Labubu ўйинчоғи болалар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Аввал коллекционерлар ва катталар учун мўлжалланган деб ҳисобланган ушбу персонаж эндиликда кўплаб ёш болаларнинг қўлида, сумкасидан осилиб турибди.
Бир қарашда беғубор кўринган ушбу “маклуқча” аслида бола психологияси учун хавфли бўлиши мумкин. Чунки бола учун ўйинчоқ – у билан мулоқот қуроли, ҳис-туйғуни ифода этиш воситаси, атроф-муҳитни тушунишга хизмат қилувчи тарбиявий элементдир.
Психологлар таъкидлашича, Labubu каби ғалати, баъзан жаҳлли ва ҳатто қўрқинчли кўринишдаги ўйинчоқлар боланинг онгида нотўғри тасаввур ва салбий ҳис-туйғуларни шакллантириши мумкин. Айниқса, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун бу ўйинчоқнинг тасвири, юз ифодаси, агрессив деталлари жиддий таъсир кўрсатади.
Қуйида мутахассислар томонидан қайд этилган асосий хавфлар билан танишишингиз мумкин.
1. Агрессияни келтириб чиқаради
Америкалик психолог Альберт Бандура томонидан ўтказилган тажрибаларга кўра, болалар кўрган хатти-ҳаракатларни беҳосдан такрорлайди. Labubu ўйинчоқларининг юз ифодаси – ўткир тишлар, жаҳл аралаш кўзлар – болада агрессивликни “норма” сифатида қабул қилишга сабаб бўлади. Масалан, бир боланинг бу ўйинчоқ билан ўйнагандан сўнг боғчада бошқа болаларни тишлай бошлагани қайд этилган.
2. Хаёл ва ҳақиқат чегараси бузилади
6–7 ёшгача бўлган болалар учун реал ва фантастик олам ўртасидаги фарқ тушунарсиз. Labubu эса айнан шу ёшдаги болаларда кечаси уйғониб кетиш, ёлғизликдан қўрқиш, асоссиз хавотир каби муаммоларни юзага келтириши мумкин.
3. Хавфсизлик ҳисси йўқолади
Психолог Доналд Винникотт таъкидлаганидек, юмшоқ ўйинчоқ боланинг психологик таянчи бўлиши керак. Масалан, оддий айиқча уни тинчлантиради, Labubu эса аксинча – мимикаси орқали қўрқув ҳиссини уйғотади.
4. Салбий хатти-ҳаракатлар шаклланиши
Болалар ўйин орқали турли ижтимоий рольларни синаб кўришади. Меҳрибон, дўстона персонажлар билан ўйнаган бола кўпроқ ижобий туйғуларни сингдиради. Аммо Labubu каби “йиртқич” образлар боланинг тасаввурини ҳам зўравонликка яқинлаштиради.
Нима қилиш керак?
Психологлар ва педагогларнинг тавсиясига кўра, қуйидаги чораларга риоя қилиш зарур:
Labubu каби салбий мимикали ўйинчоқлар ўрнига меҳрибон чеҳрали, оддий юмшоқ ўйинчоқлар танлансин;
Бола учун ривожлантирувчи конструкторлар, пазллар, LEGO каби ўйинчоқлар афзал;
Ота-оналар болага ҳар қандай ўйинчоқни олиб беришдан аввал унинг кўриниши, маъноси, психологик таъсири ҳақида ўйлаб кўришлари лозим;
Боланинг ўйинларидаги хатти-ҳаракатини кузатиб боринг: тасодифий ўзгаришлар, зўравонликка мойиллик сезилса, мутахассисга мурожаат қилинг.