Ўзбекистонда таксичиларнинг ўз доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудда таксичилик қилиши қонунга зид деб белгиланди. Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовнинг тасдиқлашича, ушбу тартиб кучга кириб бўлган.
«Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда қабул қилинган йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солувчи 139-сонли қарорида қайд этилган. Ўша қарор билан тасдиқланган низомда йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг фаолият юритиши учун қўйилган талаблар бор. Ўша низомнинг 5-боб 9-бандида ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксида ташишни лицензия карточкасида белгиланган ҳудудда амалга оширилади деб ёзилган. Бу қарор ҳозир ўзининг кучини йўқотган. Мазкур қарор ўрнини босувчи 2025 йилда чиққан қарорга кўра, ҳайдовчининг ўз ҳудудида, яъни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилди. Бу олдиндан бўлган нарса ва аллақачон кучга кириб бўлган», — дейди вазирлик вакили.
«Таксичилик қилувчилар лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд ва унга туташ ҳудудда таксичилик қилиши керак. Соддароқ қилиб тушунтирганда, сизнинг машинангиз бор ва унинг давлат рақами белгиси Тошкент вилояти ҳудудидан рўйхатдан ўтган, яъни „10“ рақамли номер берилган. Шунда сиз Тошкент вилояти ҳудуди ичида ва унга туташ бўлган ҳудуд: Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Наманган вилоятлари ичида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишингиз мумкин. Ёки Самарқанд вилояти давлат рақами белгиси олган машина эгалари Самарқанд вилояти ичида ва унга чегарадош бўлган бошқа вилоятлар ҳудудида таксичилик қилиши мумкин», — дейди Ашурматов.
Эртага навбат вилоятлик новвойлар, вилоятлик ўқитувчилар ва ҳаммамизга етиб боради
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчиликка ими-жимида киритилган бу янгилик жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда.
Отабек Бакиров, иқтисодчи:
«Қарор муҳокамага қўйилмаган, нима учун бундай талаб киритилаётгани изоҳланмаган. Унинг оқибатлари ҳам ўйланмаган. Ўнминглаб одамларнинг нафратини қўзғайдиган бу қарорнинг лоббисти ким бўлганини ўзингиз учун тасаввур қилишингиз мумкин.
Бу қарор қайси ақл билан ва нима мақсадда қабул қилингани шахсан менга тушунарсиз. Хўп, энди нима бўлади?
Энди Тошкент шаҳрида таксичилик фаолияти билан шуғулланаётган ўнминглаб Ўзбекистон фуқароларида бир неча вариантлар қолади:
1. Машинасини сотиб, Россияга мардикорликка кетиш.
2. Вилоятларга қайтиш ва ишсизлар ёки камбағаллар армиясини кўпайтириш.
3. Камида 5,5 млн сўм пул сарфлаб, ўз машинасини тошкентлик қариндоши ёки таниши номига ўтказиш (Тошкент рақами учун), кейин ижарада ёки ишончномада таксичилик қилиш. Ўтган ёмон замонда юзминглаб ўзбекистонликлар Тошкент шаҳридаги ўз уйини бошқалар номига расмийлаштириб ва ижара шартномаси қилиб яшашига тўғри келарди. Худди шу бузуқ практика қайтмоқда. Масала хусусан, автомобил рақамига оид бўлгани учун лобби айнан рақам қиролларидан чиққанмикан, деган гумон ҳам келади. Чунки охирги чора сифатида вилоятлик ҳайдовчилар Тошкент рақамларини олишга мажбур бўлишади.
Табиийки, пойтахтликлар вилоятликларни камситишга оид бу қарорнинг оқибатларини чўнтакларида сезишади. Такси нархлари ошади, йўналишсиз таксилар камаяди.
Конституцион судга мурожаат қилинадими?
Шахсан менинг фикримча, пойтахтда такси хизмати кўрсатишдан вилоятликларни четлатадиган ёки чекловни айланиб ўтиш учун қўшимча харажатга мажбурлайдиган бу расво талаб Конституция руҳи ва мундарижасига зид. Беҳзод Ҳошимов билан бу борада тўлиқ ҳамфикрман.
Конституцион судга мурожаат қилишнинг энг тез варианти сифатида парламент депутатлари орқали амалга оширилиши мумкин. Сиз нима деб ўйлайсиз, депутатлар орасида биронта мард чиқармикан?
Агарда вилоятлик таксистларнинг ҳуқуқи чекланишига кўз юмилса, эртага навбат вилоятлик новвойлар, вилоятлик ўқитувчилар ва ҳаммамизга етиб боради. Биз ўтган ёмон замонда бир кечада уйғониб туриб, 2016 йилга келиб қолмаганмиз».
Конституцияга қарши прописка режими расман қайтгани билан ҳаммани табриклайман!
Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер:
«Эндиликда ҳайдовчилар машина рақами берилган ҳудудда таксичилик қилиши мумкин бўларкан. Бу дегани, масалан, 60 рақамли автомобили бор ҳайдовчилар фақат Андижонда таксичилик қила оладиган бўлибди. Ёки 95 рақамли автомобили бор ҳайдовчилар фақат Қорақалпоғистонда таксичилик қила олади.
Энди нима бўлади?
Биринчидан, энди Тошкентда таксилар қиммат бўлади;
Иккинчидан, 2 минутда келадиган такси 10 ёки 20 минутда келишни бошлайди, чунки қонуний таксичилар сони кескин камаяди;
Учинчидан, энди вилоятликлар ноқонуний таксичилик қилишга ўтади. Кўчаларда қўл кўтариб турганлар кўпайишни бошлайди, яширин иқтисодиёт яна гуллаб, яшнайди;
Тўртинчидан, энди қонуний ишламоқчи бўлган вилоятликлар ноилож ЎЗ МАШИНАСИНИ Тошкент пропискаси бор бирон танишининг номига ўтказишга, ўзи эса “ген доверенност” орқали юришга МАЖБУР бўлади. Натижада мулкий низоларнинг янги тўлқини бошланади, танишига ишониб, ўз машинасидан айрилиб қолган юртдошларимиз кўпайишни бошлайди.
Масъуллар ўйлаганидек, бу қарор орқали Тошкентда тирбандликлар камайиб қолмайди. Ҳамма ўз вилоятига қайтиб кетмайди (иш йўқ жойда нима бор?). Бунга ишонаётганларнинг ёки ўзи аҳмоқ, ёки бошқаларни аҳмоқ деб ўйлайди. Энг асосийси ПРОПИСКА РEЖИМИ расман қайтгани билан ҳаммани табриклайман! Қанчадан қанча “қон ютишлар” орқали бир амаллаб йўқотилган лаънати режим таксичилар мисолида яна ОРТГА ҚАЙТИБДИ! Конституцияга зид бўлса ҳам, барибир шу қарорни қабул қилишибди. Эҳ, прописка режими бекор қилингани Янги Ўзбекистондаги энг катта ютуқлардан бири сифатида эътироф этилган эди-я... Бунча тез ортга қайтамиз, деб ўйламагандим».
Республика ичидаги чекловлар шунчаки мантиқсиз
«Ижтимоий тармоқларда ёзилаётган гаплар рост бўлса, Тошкентдаги тирбандликлар масаласини хато йўл билан ечмоқчи бўлишяпти, шекилли. Муаммо талабда, таклифда эмас. Тошкентда кўп автомобилларга талаб бор, кўп одамлар эса бу талабни қондиради. Бу масаланинг тўғри ечимлари бор – пуллик “парковка”, жамоат транспортига сармоя, балки кўчалардаги ҳаракатланиш айрим вақтларда пуллик бўлиши мумкин. Белгиланган чорада эса, масала худди фақат таклифдадек туюляпти.
Қайсидир Жанубий Америка мамлакатида, автомобил номерлари тоқ рақам билан тугаса тоқ кунларда, жуфт рақам бўлса жуфт кунларда ҳаракатланишга рухсат беришган эди. Натижада, автомобиллар сони қарийб икки карра ошган. Бу лойиҳани ҳам айланиб ўтишади, салпал ҳақлар поймол қилинади, қонунийлика нисбатан беҳурматлик ошади, лекин таксилар йўқ бўлиб қолмайди.
Иккинчи томондан – қонуний масала. Буниси муҳим. Конституциявий ва базавий инсон ҳуқуқлари. Агар қайсидир фаолият тури – одамни келиб чиқиши сабабидан бошқа вилоятларда ишлаши тақиқланса – инсонларнинг конституциявий ҳуқуқи масаласи кўтарилиши керак. Ўзбекистонликлар, Ўзбекистонни исталган худудида яшашга ва меҳнат қилишга бўлган ҳақлари чекланмаслиги керак деб ўйлайман.
Яна бир ментал эксперимент: агар вилоятлараро чеклов тўғри деб ўйласангиз, нега унда туманлараро чеклов хато нарса деб ўйлайсиз?
Ўйлаб кўринг, қашқадарёлик ҳайдовчи Тошкентда ишламаслигини оқлашга ишлатилган мантиқни юнусободлик ҳайдовчи Сергелида ишламаслигига ёки чинозлик ҳайдовчи Янгийўлда ишлаши мумкин эмаслигига қўйиб кўринг. Аҳмоқона эшитилади-а? Бир республика ичидаги чекловлар ҳам худди шундай эшитилади. Улар мантиқсиз.
Мен олдинлари Россияга борганимда жуда кўп маротаба ўзбекистонлик ёки қирғизистонлик ҳайдовчиларга дуч келар эдим. Ёки Ню Йоркда ҳам, бир неча марта ўзбек ҳайдовчиси мени манзилга етказиб қўйган. Кўплари Ню Жерси ёки ҳатто Пенсилванияда истиқомат қилишар эди, Ню Йоркда эмас. Яхшиям, ким қайси шаҳарда фаолият олиб боришига рухсат беришда келиб чиқишига (ўзбек) қаралмас экан. Ваҳоланки, Ню Йорк билан Ню Жерси умуман ҳар хил штат ва ҳатто ҳар хил солиқ тизими».