Тадқиқот: Ўзбекистонликлар йўлларнинг умумий ҳолати ва пиёдалар хавфсизлигидан жиддий ҳавотирда

08.06.2025 13:24


Ўзбекистондаги автомобиль йўлларининг умумий ҳолати ва пиёдалар хавфсизлиги борасида аҳоли ўртасида жиддий ташвиш мавжуд. Бу “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Aвтомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш, автомобил йўллари ва ички йўллар ҳолати бўйича” аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда маълум бўлди

Аҳолида салбий муносабат мавжуд

Сўровда жами 2743 нафар респондент қатнашиб, уларнинг 46,36 фоизи қишлоқда яшовчилар ва 44,94 фоизини шаҳар аҳолисини ташкил этди.

Респондентларнинг 35,55 фоизи ўз яшаётган ҳудудидаги автомобиль йўлларининг умумий ҳолатини “яхши”, 27,95% - “қониқарли”, 18,01% - “қониқарсиз”, 10,38% - “аъло”, 7,71% эса “жуда ёмон” баҳолади. 

Бу аҳоли ўртасида йўлларнинг ҳолати ва уларда амалга оширилаётган ишларга нисбатан салбий муносабат борлигини акс эттиради. 

Ички йўллар бўйича вазият қандай?

Яшаш ҳудудларидаги ички йўлларнинг умумий ҳолатини иштирокчиларнинг 33,1% - “яхши”, 27,62% - “қониқарли”, 19,69% - “қониқарсиз”, 9,68% - “жуда ёмон”, 9,28% - “аъло” баҳолаган. Бу кўрсаткич аҳолининг ички йўллар ҳолатига бўлган муносабати асосий автомобиль йўлларига нисбатан салбий эканлигини англатади. 

Сўровномадаги “Охирги йилларда яшаш жойингизда автомобиль йўллари таъмирланганми?” деган саволга иштирокчиларнинг аксарияти (47,23%) “ҳа” деб жавоб берган бўлса, 26,17% респондент “йўқ” жавобини белгилаган. Ушбу таъмирлаш ишларининг асосий қисми янги асфальт ётқизиш (28,72%) ва эски асфальтни янгилаш (13,96%) ишлари ташкил қилиши билдирилган. 

Пиёдалар йўлакчалари қанчалик хавфсиз?

Респондентларнинг 39,24% ўзи яшайдиган ҳудуддаги автомобиль йўллари пиёдалар учун хавфсиз эмаслигини қайд этган бўлса, 38,98% “ўртача” ва 21% “хавфсиз” деб жавоб берган. Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 40,99% аҳоли пунктларидан ўтган автомобиль йўлларидаги пиёдалар кесиб ўтиш жойларида хавфсизлик таъминланганини қайд этган бўлса, 30,87% хавфсизлик таъминланмаган, деб жавоб берган, 27,07% эса хавфсизлик “етарлича эмас”лигини билдирган. Ушбу рақамлар аҳоли пунктидаги пиёдалар хавфсизлиги билан боғлиқ инфратузилмада камчиликлар борлигини кўрсатди. 

Шунингдек, 44,61% респондент ўз яшаш ҳудудида пиёдалар йўлаклари (тротуарлар) борлигини қайд этган бўлса, 28,75% “йўқ” ва 25,47% “тўлиқ эмас” деб жавоб берган.

Пиёдалар йўлакларининг ногиронлиги бор (аравачадаги) инсонлар учун қулайлиги бўйича 39,82% респондент “қисман қулайлик бор”, 38,98% - “қулай эмас”, 20,64% - “қулай” деб жавоб берган. 

Қандай таклифлар бор?

Йўлларни яхшилаш ва хавфсизликни таъминлаш учун, асосан, йўлларни кенгайтириш, сифатли таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилган. 

Сўров натижалари Ўзбекистондаги автомобиль йўлларининг умумий ҳолати ва пиёдалар хавфсизлиги борасида аҳоли ўртасида жиддий ташвиш мавжудлигини тасдиқлади. Aйниқса, йўллар ҳолатига нисбатан билдирилган салбий фикрлар, пиёдалар учун хавфсизлик даражасининг пастлиги, пиёдалар йўлаклари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай инфратузилманинг етарли эмаслиги бу соҳадаги тизимли муаммоларни очиқ-ойдин намоён қилмоқда. Мавжуд инфратузилмавий камчиликлар фақат транспорт ҳаракатининг самарадорлигига эмас, балки аҳоли, хусусан, болалар ҳаёти ва саломатлигига ҳам тўғридан-тўғри хавф туғдираётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда одам ўлими билан якунланаётган йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши йўлларда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда илғор ёндашувлар ва тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини англатади. Шундан келиб чиқиб, Ҳаракат ва экспертлар томонидан соҳада амалга оширилиши зарур бўлган қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди: 

- етишмаётган йўл белгиларини ўрнатиш, ортиқча ва ноўринларини олиб ташлаш бўйича давлат дастурини қабул қилиш;

- йўл чизиқлари сифати ва стандартларга мувофиқлигини қатъий назорат қилиш;

- йўл ҳаракатини ташкил этишнинг барча техник стандартларини (белгилар, чизиқлар, йўл қопламаси сифати, масалан, "колейность") замонавий халқаро меъёрлар асосида янгилаш; 

- янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган барча йўл обектларини ногиронлиги бўлган шахслар ва мустақил ҳаракатлана олмайдиган аҳоли учун тўлиқ мослаштиришни мажбурий стандарт қилиб белгилаш;

- ҳар бир йўл участкасининг аниқ эгасини белгилаб, жавобгарликни кучайтириш; 

- жарималар миқдорини ижтимоий хавфлилик даражаси ва аҳолининг тўлов қобилиятидан келиб чиқиб белгилаш. Жаримадан тушган маблағларнинг мақсадли (йўл инфратузилмаси ва хавфсизликка) йўналтирилиши ва шаффофлигини таъминлаш; 

- барча йўл лойиҳаларини амалга оширишдан аввал мустақил экспертлар томонидан мажбурий хавфсизлик аудитидан ўтказиш тизимини жорий этиш; 

- йўл белгилари ва чизиқларини ўрнатишга масъул СМЭУни ИИВ таркибидан чиқариб, мустақил ташкилотга айлантириш ёки алоҳида назорат органи тузиш; 

- мавжуд шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини (ШНҚ) пиёдалар (шу жумладан, ногиронлиги бор шахслар) ва велосипедчилар учун хавфсиз, узлуксиз ва ёритилган йўлаклар яратиш талаблари билан қайта кўриб чиқиш ва уларнинг бажарилишини қатъий назоратга олиш; 

- муҳим ва ЙТҲ хавфи юқори бўлган ҳудудларда, айниқса, мактаблар атрофида, об-ҳаво ва куннинг вақтига қараб ўзгарувчан (динамик) тезлик чекловларини кўрсатувчи электрон йўл белгиларини синов тариқасида жорий этиш; 

- ҳар бир туман/шаҳар ЙҲХБ ва йўл хўжалиги ташкилотлари раҳбарларининг ўз ҳудудидаги йўллар ҳолати, ЙТҲлар сони ва жамоатчилик шикоятлари асосида очиқ рейтинг тизимини жорий этиш ва натижаларини эълон қилиб бориш; 

- ҳар бир мактаб учун ўқувчиларнинг уйидан мактабгача бўлган энг хавфсиз пиёда йўналишларини (ёритилган, пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд) акс эттирувчи интерактив хариталар ишлаб чиқиш ва уларни ота-оналар ҳамда ўқувчиларга тақдим этиш; 

- жамиятда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, пиёдаларга ҳурмат ва ўзаро ёрдам тамойилларини тарғиб қилувчи ижтимоий роликлар, таълим дастурлари ва жамоатчилик аксияларини ўз ичига олган узоқ муддатли миллий дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

- аҳолига носоз светофорлар, яроқсиз ёки нотўғри ўрнатилган йўл белгилари ҳақида махсус қисқа рақам ёки мобил илова орқали тезкор хабар бериш имкониятини яратиш ва бундай мурожаатларга 24 соат ичида жавоб қайтарилишини таъминлаш; 

- барча даражадаги (республика, вилоят, туман/шаҳар) йўл қурилиши, таъмирлаш ва ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишга оид лойиҳаларни тасдиқлашдан олдин, уларнинг мустақил транспорт экспертлари, шаҳарсозлар, ногиронлиги бўлган шахслар вакиллари ва фаол фуқаролардан иборат эксперт-жамоатчилик кенгашлари томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилиши ҳамда ижобий хулосаси олиниши тартибини кучайтириш.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар