Яқиндагина Бекобод туманига ҳоким этиб тайинланган Зайнилобиддин Низомиддинов ишни туманнинг энг оғриқли нуқталаридаги муаммоларни тизимли бартараф этишдан бошлади.
Бекобод томонлардан келаётган хабарларга кўра, Зайнилобиддин Низомиддинов Тошкент вилоятининг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан энг оғир ҳудудига ташланганидан сўнг “ҳокимман” деб шинамгина офисида, қулф-калит қилиб ўтириб олмаган. У тўғридан-тўғри оддий одамлар орасига кириб бориб, халқ билан шу элнинг оддий бир фуқароси сифатида дардларини эшитиб, муаммоларини ўрганишга бел боғлабди.
Янги ҳоким бугун нафақат Бекобод туманининг, балки бутун Ўзбекистоннинг жиддий муаммоси сифатида қаралаётган – тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Туман марказий шифохонасига сўнгги технологиялардан иборат жарроҳлик аппаратларини олиб келиб, бир пайтларда Тошкентда ҳам жуда кам сонли ўтказиладиган очиқ юракда аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилмоқда.
Бундай қийин амалиётлар бугун юртимизнинг чекка бир тумани шифохонасида ҳам ўтказилиши бошлангани, ҳоким, энг аввало, Давлат Раҳбарининг сиёсатини чуқур тушуниб, энг пастга тушиб, ижросини таъминлаётганидан далолатдир.
Энди Бекобод ва унга ёндош туманлардаги беморлар 150 кмдан ортиқ масофа босиб, Тошкент шаҳрига келиши ва у ерда ойлаб навбат кутиши шарт эмас. Ўз ҳудудидаги шифохонада дардига малҳам топаверади.
Бундай муҳим янгиликка шунчаки оддий хабардек қарашимиз хатоликдир. Бу оммавий ахборот воситалари орқали жар солса арзигулик ютуқ ҳисобланади. Бу бошқа ҳокимларга ўхшаб, олдин тортиб олиб, кейин ижтимоий тармоқлар орқали кўз-кўз қилган ҳолда қайта “инъом” қилиш стратегияси эмас. Бу – ҳақиқий халқпарварликдир. Туманда олиб борилаётган ва охирги ойларда тилга тушаётган маънавият, таълим, санъат ва маърифат масалалари энди алоҳида мақола мавзуси...
Бу нимани англатади?
Қоғозда эмас, ҳақиқий ҳаётда амалга оширилаётган бу ҳаракатлар – халқ дарди билан яшаш амалдорларнинг биргина хоҳиш ва ҳаракатига, чин истагига боғлиқлигини англатади, холос. Тўхтовсиз ҳаракат бўлса бас, имкониятлар эшиги доим топилар экан.
Янги ҳоким тайинланганига атиги икки ой бўлган бўлса-да, туманда республика миқиёсидаги ютуқлар жаранглай бошлади. Эндиги навбат – туман марказий туғруқхонаси билан болалар шифохонаси қурилишида экан. Бекобод туманига йўлингиз тушганда ўзингиз гувоҳи бўлишингиз мумкин бўлган ҳақиқат шуки, ўнлаб йиллар мобайнида қилинадиган ишлар саноқли ойлар ва кунлар ичида бажарилмоқда.
Маълумотларга кўра, Бекобод туманининг янги ҳокими кунига 4-5 соат аҳолини қабул қилиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш билан шахсан шуғулланаётган экан. Бошқа популист ҳокимларга ўхшаб, битта фуқаронинг муаммосини ҳал қилганини бутун дунёга сенсацион воқеа сифатида кўрсатмаяпти. Чунки мақсад – пиар эмас, мақсад – Президентимиз таъбири билан айтганда оддий одамларни рози қилиш, саройда янграётган ҳар бир қарор ва фармонни хонадонларга қадар рўёбга чиқишини таъминлаш.
Аслида бир пайтлар Администрация Раҳбари бўлган амалдор учун бу ишлар хамирдан қил суғургандек осон-да, дейишнгиз ҳам мумкин. Аммо юқоридан пастга, аниқроғи, вилоят ёки туман даражасига тушган қанча-қанча тўралар, Ўзбекистон замонавий тарихида кўп бора кузатилган. Уларнинг аксарияти бирор ишни қойиллатишганини ҳали эшитмадик. Аксинча, сувга тушган тангадек йўқолиб кетишган. Ваҳоланки, хоҳиш ва холис ният бўлса, қаловини топиш мумкин эканлигини шу жойда яна қайтариб айтсак арзийди.
Аммо...
Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўзи раҳбарлик қилаётган туман аҳолиси учун амалга ошираётган ишлар халққа манзур бўлаётгани бор гап. Бироқ, бу ишлар кимларгадир ёқмаётгани ҳам шу кунларда сезилиб қолмоқда.
Айрим ижтимоий тармоқлар орқали З.Низомиддинов фаолиятига нисбатан айтилаётган бир томонлама фикрлар унинг холис интилишларини кўролмаётганлар ҳам борлигидан далолат. Махсус “қораловчи” компаниялар орқали зимдан отиладиган маломатлар бежизга эмас. Чунки З.Низомиддиновнинг ҳаракатлари шу кунгача фақат қоғозлардаги ҳисобот ва статистика орқали ишлаб келган совуққон ва бюрократ амалдорлар учун ишга нисбатан ёндашувнинг ўзига хос эталони ҳамки, бу энди фақат ўз манфаатни ўйлайдиганларга ёқмаслиги ҳам тайин.
Яна қайтариб айтамиз, шу жонажон халқ ва шу азиз Ватан учун ишлаш ХОҲИШИ Бекобод туман ҳокимини тарк этмасин!
Р.С. Бугун, 27 май куни Бекобод туман ҳокими Зайнилобиддин Низомиддиновнинг туғилган куни. 51 ёшни қарши олаётган бу инсоннинг ишларига ривож тилаймиз. Эл дарди билан ёниб яшаётган ҳокимларни ёмон кўзлардан ва ёвуз кучлардан Яратганнинг ўзи асрасин...