Сўнгги 5 йилда 617 та: Ўзбекистонда сел-сув тошқин ҳодисалари кўпайиб бормоқда

19.05.2025 19:15

Ўзгидромет агентлиги хабарига кўра, республикада 2018−2024 йилларда сел-сув тошқин ҳодисалари рўй бериши кўпайган, агентлик сўнгги 5 йилда 617 та шундай ҳодисани қайд этган.

Республиканинг 12 фоиз ҳудуди сел ва сув тошқин ҳодисалари рўй беришига мойил. Асосан бундай ҳодисалар аҳолига хавф солиши тоғолди ва паст тоғ ҳудудларининг ўзлаштириб борилиши ва иқлим ўзгариши ҳисобига юз беради.

Сел-сув тошқинларининг кўпайиши ҳодисаси бўйича асосан 2018−2024 йилларни мисол қилиб олиш мумкин. Бу вақт оралиғида республикамизда сел-сув тошқинларининг кўпайганини кўришимиз мумкин, сўнгги 5 йилда 617 та шундай ҳодиса Ўзгидромет агентлиги томонидан қайд этилган. Жумладан, 2020 йилда 119 та, 2021 йилда 134 та, 2022 йилда 170 та, 2023 йилда 47 та ва 2024 йилда 155 та сел-сув тошқини ҳодисаси рўйхатга олинган. Бу йил бироз қурғоқчилик кузатилгани ортидан шу вақтгача 14 та, хусусан, Сурхондарёда 8 та, Жиззах, Қашқадарё ва Самарқандда 1 тадан, Наманганда 3 та сел ва сув тошқинлари юзага келган.

Бундай табиий офатлар асосан аҳолига хавф соладиган ҳудудларда, дарё ва сойларда кўп бўлганлиги сабабли бу каби объектлар агентлик томонидан доимий назоратга олинган. Ҳодиса хавфини камайтириш мақсадида Ўзгидромет ва ҳукумат комиссияси аъзолари тезкор штаб жорий этган.

ФВВ бошқарма бошлиғи Ғайрат Жўраевнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда бутун дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолат сабабли Ўзбекистонда кузатилаётган сел тошқинларининг даврийлиги ҳам ўзгариб бормоқда. Жумладан, ФВВ 2024 йилда 158 та сел-сув тошқинлари ҳодисасини қайд этган, уларнинг айримлари июнь, июль ойларида ҳам содир бўлган.

ФВВ вакили сел-сув тошқин ҳодисалари ҳали давом этаётганидан огоҳлантириб, фуқаролардан асосланган огоҳлантириш хабарларига эътиборли бўлишларини сўради. Шунингдек, тоғ ва тоғолди ҳудудда бўлганлардан хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш тавсия қилинди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар