Жаҳон банки электр таъминотини яхшилаш учун Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратди

18.05.2025 10:19

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга қайта тикланувчи энергия манбаларини тақсимлаш электр тармоқларига интеграция қилиш ва мамлакатнинг устувор ҳудудларида электр таъминоти ишончлилигини оширишга қаратилган дастурни амалга ошириш учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Дастурни амалга ошириш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча 50 млн доллар ажратади.

2024 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлашда техник йўқотишлар тахминан 13 фоизни ташкил этади. Асосий сабаб – эскирган ва юкламаси ошиб кетган инфратузилма. Тақсимлаш тармоқлари объектларининг 50 фоиздан ортиғи 30 йилдан ортиқ эксплуатация қилинмоқда, бу уларнинг норматив хизмат муддатидан анча кўпроқ бўлиб, авариялар ва электр таъминотидаги узилишларга олиб келади.

Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларидан электроэнергия ишлаб чиқариш ҳажмини 25 гигаваттга (ГВт) етказишни режалаштирмоқда. Бироқ, тақсимлаш тармоқларини зудлик билан модернизация қилмасдан, қайта тикланадиган энергиянинг янги етказиб берувчиларини ушбу тармоқларга улаш имкони бўлмай қолади.

Жаҳон банки ва “ҲЕТ” АЖ томонидан биргаликда молиялаштириладиган янги дастур доирасида 150 млн долларни ўзлаштириш режалаштирилган. Дастур доирасидаги асосий чора-тадбирларга қуйидагилар киради:

6 000 км узунликдаги паст кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш;
умумий қуввати 250 мегаволт-ампер (МВА) бўлган 1 200 та тақсимлаш трансформаторини алмаштириш ва ўрнатиш;
“ҲЕТ” АЖ тармоқларида электр энергиясининг тижорат йўқотишларини камайтиришга ёрдам берадиган 150 мингта “ақлли” ҳисоблагичларни улаш;
тақсимлаш тармоқлари фаолиятини автоматлаштириш ва рақамлаштиришни таъминлаш учун 4 мингта маълумотлар концентраторини ўрнатиш, бу уларни замонавий ва самарали тизимга айлантиради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар