Йўл чизиқларини босганлик учун радар орқали жарима қўлланилмайди

16.05.2025 21:17

"Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра 2025 йил 1 июндан бошлаб:

— йўл чизиғини босган ҳолатлар фото ва видео қайд этиш қурилмалари орқали автоматик жаримага олиб келмайди. Фақат “стоп-линия” (5.33 белги) бундан мустасно бўлади;

—шаҳарларда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва йўл чизиқларини янгилаш ишлари фақат соат 21:00 дан 07:00 гача — тунги вақтда амалга оширилади. Фақат дам олиш кунлари ёки кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бу талабдан мустасно ҳисобланади.

Шунингдек, соат 23:00 дан соат 6:00 га қадар автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни "А" ҳарфли тасмаларда бошқа транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлади ва бу қоидабузарлик ҳисобланмайди.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилувчи стационар ёки мобиль радар ўрнатилган ҳудудларда радар йўл белгисини қўйиш мажбурий этиб белгиланди.

Ушбу белги радар ўрнатилган нуқтагача камида 250 метрдан кам ва 500 метрдан кўп бўлмаган масофада жойлаштирилиши шарт.

ИИВ томонидан 2025 йил якунига қадар чорраҳа ва йўллардаги барча махсус техника воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилади:

- хатлов натижалари бўйича ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда ўрнатилган, техник ва стандарт талабларига жавоб бермайдиган техника воситалари демонтаж қилинади;

- ҳайдовчилар томонидан тезликни ошириш ҳолатлари кўплаб кузатилаётган ҳудудларда автомашиналарнинг айни вақтдаги тезлигини кўрсатиб огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади;

- тадбиркорларнинг махсус техника воситаларидан фойдаланишда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Темир йўл кесишмаларида ҳайдовчилар ҳаракатсиз турган вагонлар ёки фаолиятсиз темир йўлларга қарамай, "Стоп" белгиси талабига кўра тўхташга мажбур бўлаётгани сабабли темир йўл кесишмаларидаги "Стоп" белгилари светофорларга алмаштирилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ айрим енгил турдаги ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори томонидан маъмурий огоҳлантириш берилади.

Шунингдек, зарурат бўлмаган жойларда ўрнатилган йўл белгилари демонтаж қилинади, уларнинг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгилари ўрнатилади.

Қарор билан шу белгиларда кўрсатилган амал қилиш вақтидан ташқари пайтда транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ҳамда тўхтаб туришига рухсат берилди.

Жумладан, "Тўхтаб туриш тақиқланган" белгисининг тагида амал қилиш вақти соат "7.00 - 21.00" деб кўрсатилган бўлса, транспорт воситалари ушбу белги ҳудудида соат 21.00 дан 7.00 га қадар бемалол тўхтаб туришлари мумкин бўлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар