Аждодларимиздан қолган эзгу анъаналаримиздан бири – дуогўйлигимиз. Дастурхон бошида, яхши ишларнинг аввалида, сафарлар олдида ҳамиша дуога қўл очамиз. Энг аввало, тилимизга дилимиздан: Тинчлик, хотиржамлик бўлсин, деган тилак қалқиб чиқади.
Ҳа, биз ҳамма нарсадан аввал Яратгандан элу юртимизга, қолаверса, бор инсониятга, еру самога тинчлик, хотиржамлик сўраймиз. Ва биламизки, саломатлик ҳам, фаровонлик ҳам, орзу-ҳаваслар ижобати ҳам бир бутунликка айланган ўша икки сўзга эргашиб келади.
Аммо бу деганимиз биз урушдан қочамиз, қўрқамиз, агар тақдир бизнинг бошимизга синов тариқасида “уруш” аталмиш кулфатини солса, бирор ҳимоя қобиғига ўралиб жонимизни сақлаймиз, деганимиз эмас. Қайси замон, қайси даврда халқимизга шундай синов берилган бўлса, биз бу синовлардан мардона ўтганмиз. Узоққа бормайлик, тарихларда гоҳ “Улуғ Ватан уруши”, гоҳ “Иккинчи жаҳон уруши” деб номланган муҳорабани олайлик...
Шахсан мен бу урушдан анча кейин дунёга келганман. Унинг изтироблари, йўқотишларини ўзим кўрмаганман. Лекин қонли жанггоҳларда иштирок қилганларни, тўрт мучаси бутун кетиб, майиб-мажруҳ қайтганларни ва “фронт орқаси” аталган жабҳаларда битта ўзи уч-тўрт эркак ўрнига меҳнат қилган жасоратли аёллар ва оталари, акалари урушга кетгач, бир кунда болалигидан айрилиб, улғайиб қолган бола – ботирларни кўрганман. Мактабда ўқиётганимда “изтопарлар” деб аталган аълочи ўқувчилар гуруҳи бўларди. Мен ҳам аъзо эдим. Биз байрам муносабати билан қишлоқма-қишлоқ юриб, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган зафарга ҳисса қўшган инсонларни излаганмиз:
– Бизни босиб-янчиб олиб кетишмаган, – деган эди ўшанда Неъмат бобо. – Мен энди Пединститутни битириб, физика ўқитувчиси сифатида мактабда бир йил дарс берган эдим. Уруш бошланди, деган хабарни эшитгач, уч-тўртта ёш муаллимлар ҳарбий комиссариатга бордик. Бизни жангга юборишни сўрадик.
– Ҳозирча сизларга эҳтиёж йўқ, сизлар шу ерда – мактабга кераксиз, – деди формали киши.
Аммо биз гапимизда туриб олдик. Қўнгиллилар қаторида жўнатинг, дедик...
Шу хотираларни гапираётиб отахон кўзларига ёш олди. Йўқ, улар кўнгилли бўлиб фронтга кетгани учун изтиробда эмас эди. Ўша кетганлардан фақат ўзи қайтганига, қадрдонлари, “душманни ер билан яксон қилиб, она юртга ёруғ юз билан қайтамиз”, деб аҳдлашган дўстларининг адолатсиз уруш қурбони бўлгани учун алам чекарди. Ҳа, адолатсизлик алами ўттиз йилдан сўнг ҳам, уч юз йилдан сўнг ҳам унутилмайди.
Кўнгиллилар... Улар уч-тўртта эдими? Йўқ! Улар саф-саф эди. Уларнинг юрагида ўзбекнинг минг йиллик орияти уйғонган эди. Академик, техника фанлари доктори Сарвар Қодировнинг, шоир Миразиз Аъзамнинг оталари ҳам (хотираларида ўқиганман) бу урушга кўнгилли бўлиб кетган.
Рафиқалари аёллигига бориб:
– Қолинг, сизга имкон берилар экан, – деса, юрагида босқинчиларга ғазаб ўти ёлқинланган йигитлар: – Ҳамма эркаклар урушда бўлса, мен қайси юзим билан иссиқ кўрпада ётаман, – деган ва бир йил жанг қилар-қилмас икковидан ҳам “қора хат” келган.
Аммо уларнинг жасорати озгина фурсат – ўша бир йил билан эмас, кўра-била туриб, ўзларини оловга ургани билан ўлчанади. Мен яна ўша “изтопарлар” йўлларида фронт орқасида ҳам ҳижрон, ҳам меҳнат юкини кўтарган бардошли аёллар билан ҳам суҳбатлашганман. Бири Хайринисо ая...
– Пахтадан ўқ ясалади, деса, онам сепимга қилган атлас, духоба кўрпа-ёстиқларимни сўкиб, пахтасини оқ чойшабга тугиб, элтиб берибман. Худди шу пахтам ўқ бўлиб, эрим, икки акам, отамнинг садоғига солиб бериладигандек, чойшабга “Мунглик Хайринисонгиздан”, деб қизил ипак билан ёзибман, – дея хотирлаганди Хайринисо ая.
– Хайринисо аянинг келинлик сарпоси пахталари ўз жигарларига, эҳтимол етмагандир... Лекин минглаб Хайринисолардан мерос тилло, кумуш тақинчоқлар фронтга мадад сифатида юборилгани ва улар чиндан мадад бўлгани, ҳақиқат.
Мана бу маълумотларга эътибор берайлик: “...танк колонияси ва авиа эскадрилья қурилиши учун аҳолидан 320 миллион сўм пул тўпланган... 1944 йилнинг биринчи ярмида Украинага 300 тонна ғалла, 8300 бош қорамол, 6700 бош қўй жўнатилган... Сентябрь ойининг охирларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва жиҳозлар тўлдирилган 374 вагон жўнатилган... 12 октябрда Украинага 450 вагонда совғалар билан бирга яна 300 тонна ғалла, 8300 бош қора мол, 100 минг жуфт оёқ кийим юборилган...”.
Бу уруш майдонлари ва урушдан озод этилган ҳудудларга Ўзбекистондан жўнатилган жўнатмаларнинг мингдан бири ҳам эмас. Қуруқ мева, газлама, ҳатто трактор, автомобиль... (Уруш йиллари жуда кўп саноат корхоналари бизга кўчириб келтирилган эди). Уларнинг турлари ва сонини санашга саноқлар камлик қиларди. Халқимиз ўзлари зоғора нон еб бўлса-да, болаларига ёвғон таом едирса-да, егуликларнинг сарасини урушда жон олиб, жон бераётганларга, қолаверса, урушдан илиги узилиб чиққан қардошларига илинган.
Уруш майдонларида ҳам ҳамюртларимиз бошқа халқлар билан тенгма-тенг жанг қилган. Тарихни сўзлатамиз:
“...Омон Умаровнинг кичик ҳарбий бўлими фавқулодда катта қаҳрамонлик кўрсатди. Бўлим жангчилари Одесса шаҳри ёнида қурилган душман аэродромига ҳужум қилиб, фашистларнинг 16 та самолёти, 30 та автомашинасини ёқиб юборди. Ҳамид Зарипов ротаси миналаштирилган йўлда душманнинг 27 танки 13 бронетраспортерини портлатди”.
Улар “Ватан учун! Ғалаба учун!” дея жангга кирганлар! Босиб турган тупроғи балки Украина, балки Беларусь, балки Польша бўлгандир... Лекин уларнинг кўз олдида ўша пайт Самарқанднинг осмонўпар миноралари, Фарғонанинг зилол сувлари тургани ҳақиқат. Улар сочларини майда ўрган севгилилари, атлас кўйлакда қорачиқларига муҳрланган жуфти ҳалоллари, офтоб чеҳрали оналари меҳридан қувват олгани рост. Ўша меҳр-муҳаббат кучи билан 120 минг ўзбекистонлик орден ва медаллар соҳиби бўлган, 338 юртдошимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовга ҳатто ўша пайтда Совет Иттифоқининг Бош қўмондони: “Темир, метин генерал”, дея баҳо берган экан. Тепаликни эгаллаш учун душман минамётига кўксини қалқон қилган Тўйчи Эрйигитов, Брест қалъасини озод қилишда жасорат кўрсатган Дониёр Абдуллаев, Аҳмад Алиев... Улар жуда кўп эди, улар расмий маълумотларда 1,5 миллион эди... Шундан 420 минг нафари қайтмади... Жигарбандининг ўрнига бир парча “бедарак йўқолди” деган қоғоз олган, шу қоғозга умрининг охиригача умид шуъласидек тикилган оналар қанча! “Онам эслайдилар: – Карима хола бор эди иккинчи кўчада... Абдураҳим исмли ўғлидан “бедарак йўқолди”, деган хабар келган экан. Муштипар она доим телевизорга термилиб ўтирар экан. “Германни кўрсатмаяптими? Қаранглар, балки, Абдураҳимим ҳам кўриниб қолар...”, деб зорланар экан.
Вақти-соати етиб, Карима холанинг сўнг сафари яқинлашибди. Боши ёстиқда экан-у, аммо жон бера олмасмиш... Нуқул “Абдураҳим, Абдураҳим”, деб зорланар эмиш. Шунда ёши улуғлардан бири:
– Невараларидан кимдир келиб, “Она, мен келдим, Абдураҳимман”, деб бошига энгашсин, – дея маслаҳат берибди. Шундай қилишган экан, онаизор: “Шукр, ўзингга шукр”, деб, калима қайтарибди ва жон таслим қилибди. Онам ҳар гал шу воқеани эслаганида шоира Зулфиянинг бир сатрини такрорлаб қўяди:
Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда!
Ҳа, ўзи ҳаётимиздан ўчган бўлса-да, аламлари хотираларда яшаётган бу уруш жабрдийдалари – Хайринисолари, Карималари ярим юрак билан ҳам жанггоҳлардан юртимизга эвакуация қилинган оилалар, болаларга уйлари тўридан жой, дастурхонидан нон берганлар.
Каттақўрғонлик Ҳамид Саматовлар оиласи 13 ўғил-қизни, самарқандлик колхозчи аёл Фотима Қосимовалар оиласи 10 болани бағрига олган. Ҳатто, Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов каби раҳбарларнинг оилалари ҳам уруш етимларига ота-оналик қилганлар. Тошкентлик Шомаҳмудовлар хонадонида эса 14 ўғил-қиз вояга етган. Улар ўша йиллардаёқ меҳр-муҳаббатлари билан тилларда достон бўлиб кетган. Ҳа, юртдошларимиз “ўзбек” сўзининг моҳиятига содиқ қолган, бу сўзни жасорати, садоқати билан бошқалар кўзида яна ҳам юксакларга кўтарган.
Яқинда шу фикримизни далиллайдиган тарих китобининг яна бир жасорат саҳифаси очилди. Нидерландиялик тадқиқотчи-журналист Ремко Рейдиннинг узоқ йиллик изланишлари натижасида дунё аҳли Нидерландияда отиб ташланган 101 ўзбек, уларнинг фожиали қисмати ва жасорати ҳақида маълумотларга эга бўлди. Гап шундаки, фашизм уруғини экиб, миллионларнинг уволига қолган ва ҳаётининг сўнгида бу увол тутган “оқпадар” (Ғафур Ғулом ибораси) Адольф Гитлер Москва жангидан олдин немис аскарларига руҳ бериш учун бизнинг армиямиз ночорлигини кўрсатувчи фильм яратишни буюрган экан. Асир олинган 101 ўзбек аскари тутқунда сақланаётган “Амерсфорт” концлагери бу фильмга объект сифатида танланибди. Фашистлар асирларни бир неча вақт давомида оч қолдириб, уларни руҳан, жисмонан эзиб, кино олишга келишади. Бир бўлак нонни маҳбусларга ташлаб манзарани сувратга олишга шайланишади. Улар бир бурда нон учун асирлар бир-бирига йиртқичлардай ташланишади, деган хаёлда эди. Аммо уларнинг ёши кичиги нонни олиб пешонасига теккизиб, ёши улуғининг қўлига беради. У ҳам нонни пешонасига теккизади-да, бир тишламдан ҳаммага бўлиб беради. Ўзбеклар бир тишлам нонни еб, “Шукр”, деб юзларига фотиҳа тортишади.
Гитлер Москва учун бўлган жангларда бир миллион аскарини қурбон берди, мағлубиятдан сўнг шармандаларча келган йўлидан изига қайтди. Унинг бу мағлубиятида очликда ҳам руҳан синмаган, жисми Нидерландия тупроғига қўшилса-да, исми мард ўзбеклар саноғида ярқираб қолган ўша 101 жангчининг муносиб ҳиссаси бор. Чунки фашистларга руҳ берувчи фильм яратилмади. Уларнинг режалари чиппакка чиқди.
Урушнинг ҳар бир йилида худди шундай юракка куч берувчи, ғурурга тўлдирувчи воқеалар чиқиб келади, келаверади. Улар бугун мамлакат миқёсида баланд даражада хотирланмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимиз тавсиялари билан пойтахтимизда Ғалаба боғи бунёд этилмоқда. Ундаги ҳар бир ашё ўша унутилмас йиллардан сўзлайди. Тинчликни қадрлашга ундайди. Бизнинг халқимизнинг “меҳнатсевар, меҳмондўст” ва яна шундай бир қанча эзгу сифатлари бор. Бу боғни кезганлар, уни зиёрат қилганлар ўзбекларнинг “Қаҳрамон халқ” деган яна бир шарафга муносиб эканини англайди.
Мунаввара Усмонова,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси
“Саодат” журнали бош муҳаррири