Хоразмга миллиардлар йўналтирилади. Ким нима қилади, қаерда нималар қурилади?

02.05.2025 17:30

Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унга кўра, Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги 8 та қадимий қалъаларни ўзаро боғловчи тўрт кунлик “Қалъа тур” маршрути ишлаб чиқилади.

“Арда Хива” мажмуасида бир неча ресторанлардан иборат 2 та замонавий “фуд-корт” ташкил қилинади.

Мевастон маҳалласида 6 гектар ерда Ҳунармандчилик маркази ташкил этилиб, ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.

Йил якунигача 2,5 минг ўринли 40 та меҳмонхонани ишга тушириб, шундан камида 2 таси бренд меҳмонхона бўлиши шартлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан-тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, Урганч аэропорти Кореянинг Инчхон аэропортига хусусий шерикликка берилиб, миллий меъморчилик анъаналарига мос ҳолда реконструкция қилинади.

Қорақалпоғистондан Хоразмга келадиган йўл сифати ёмонлиги сабаб “Урганч – Гурлан – Манғит” йўлини реконструкция қилинади.

Хусусийлаштириш дастурига асосан 2025 йилда Хоразмда 41 та давлат биноси, 350 гектар ер участкаси савдога қўйилади.

Хива шаҳрида фақат туристларга хизмат кўрсатадиган объектлар бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шу сабаб Урганч, Хивадаги барча маъмурий биноларни савдога чиқарилади.

Тупроққалъадаги “Дамас” заводида Евро-5 экологик стандартига жавоб берадиган, 7 ўриндиқли арзон автомобиль ишлаб чиқариш бошланади.

Қўшкўпирда сув йўқлиги учун ишлатилмаётган 165 гектар майдон тадбиркорларга коллектор сувидан фойдаланиб, балиқ етиштиришга берилади.

Тадбиркорлар билан биргаликда бу йил 80 та, кейинги йил яна 20 та замонавий автобус ва 50 та микроавтобус олиб келиниши, Қўшкўпир, Хонқа, Янгибозор, Хива шаҳрида 4 та янги автостанция қурилиши, йил якунигача 10 та янги замонавий троллейбус харид қилиниши белгиланди.

Берилган топшириқларни амалга ошириш учун триллионлаб маблағ ажратилиши маълум қилинди.  

Жумладан:

Қурилиш ва инфратузилма соҳаларидаги вазифалар ижроси учун 1,1 триллион сўм;

Хоразмнинг барча туманларидаги оқова тизимига 85 миллион доллар;

Жорий йилда 70 та оғир маҳаллага тадбиркорлик инфратузилмаси учун бюджетдан 233 миллиард сўм;

Бунга қўшимча яна 10 та маҳаллани танлаб олиб, 15 миллиард сўм;

Инвесторга 4,5 минг гектар қумли ерни фойдаланишга киритиб, рапс ўсимлигини экиш ва ундан биоэтанол ишлаб чиқариши учун 170 миллион доллар;

Тупроққалъадаги “Дамас” заводига 100 миллион доллар ажратилади.

Шунингдек, ҳунармандчилик маркази ташкил этилиб, ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.

Пахта ва ғалла майдонлари учун ҳам лазерли текислаш учун гектарига 1 миллион сўмдан субсидия берилади.

Боғот, Гурлан Хонқа, Янгибозор, Ҳазорасп ва Урганч туманида 49 та маҳалла инфратузилмасини яхшилашга халқаро молия ташкилотларидан 61 миллион доллар жалб қилинади.

Фермерларга жами 15 миллион евролик ёмғирлатиб суғориш техникалари тайёр ўрнатилиб берилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар