Тиббиётимиз ўз оёғи билан борган одамларни ўлдиришга ихтисослашганми?

07.04.2025 17:11

Халқ кўз олдидаги машҳурлар касалхоналарда ўлаётган бир даврда, оддий одамларнинг тақдири нима бўлмоқда? 

Беморлар тирик қолиши учун ҳоким ёки вазир аралашиши шартми?

Сўнгги йилларда тез-тез қулоққа чалинаётган воқеалардан асосийлари Ўзбекистон тиббиётида турли хатоликлар туфайли беморларнинг ҳаётдан кўз юмиши, ногирон бўлиб қолиши каби мудҳиш воқеалар. Бу ҳолат юзага келишига нима сабаб бўлмоқда? Шифокорларнинг тажрибасизлигими, зарур жиҳозлар етишмайдими? Маош камлигидан беэътиборлик қилишяптими? Ёки бўлажак шифокорларга яхши таълим берилмаяптими? Бу масалаларни ўртага қўйиб, уларга ечим топиш лозим, акс ҳолда одамлар қурбон бўлишда давом этаверади.

Жорий йил Наманган вилояти Поп туманида 36 ёшли Ҳожиакбар Қирғизов ҳам биргина сон қисми синиши билан бориб, охири шифохонадан унинг жасади қайтгани хақида хабар берилди. Оёққа темир қўйиш учун шифокор беморнинг яқинларидан 1 000 АҚШ доллари сўраган. Жарроҳлик столига яхши кайфиятда, соппа-соғ кириб кетган Ҳожиакбар Қирғизовнинг иккинчи амалиётдан кейин аҳволи ёмонлашиб, комага тушиб қолган. Бир неча кун комада ётган бемор 27 март куни вафот этган. Балки унинг жарроҳлик амалиётига ҳам "каттароқ" шахс аралашганида, тирик қолармиди?!

Бундан ташқари, блогер Фарҳод Маннопов вафоти ва яқинда Кокош тахаллусидаги блогер Комила Абдуқодирова аҳволи оғирлашган вазиятни кузатсак, иккала ҳолатнинг ҳам хусусий клиникада содир бўлганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, блогернинг яқинлари даъво қилишича, операция қилган шифокор аслида мутахассис бўлмаган, операцияни You Tube тармоғидан кўриб қилганини тан олган. 

Фарҳод Маннопов операциядан чиқмай вафот этгач, воқеанинг якуни суд жараёни билан битган эди. Бунда ҳам кимдир шифокорни айбласа, шифокорнинг ўзи эса Соғлиқни сақлаш вазирлигимизда даво учун зарур препаратлар йўқлигини айтиб эътироз билдирган.

Блогер Комила билан содир бўлган кўнгилсизлик юзасидан ҳам аниқликлар киритилди. Хабарга кўра, блогерга дастлаб, операциядан сўнгги касаллик тарихи очиқланмаган, у эса бошқа таниш шифокорлардан ёрдам сўраб ҳолатига изоҳ олганини айтиб, видео мурожаат йўллади. Шунингдек, унинг қариндошига кўра, операция жараёнида 2-курс талабаси, ҳеч қандай ҳужжати йўқ ординатор Достон ҳам иштирок этган. Операция 8 соат давом этган. Шифокорнинг қон босими ошиб операцияга қатнаша олмасдан стоматолог шифокорни таклиф қилган, унинг ҳеч бир ҳужжати ва бу клиника билан шартномаси бўлмаган, яъни бу клиникада ишламайдиган шифокор ва унинг шогирдлари – талабалар операция қилишган.

Хусусий шифохоналар мурожаат қилса, тажриба қуёни қилишса, давлатники ҳужжатбозлик қилса, унда барча четда даволаниб келиши керакми? Шунингдек, актриса Ҳалима Ибрагимова ҳам иккинчи операциядан сўнг аҳволи оғирлашиб қолгани ва вафотига шу воқеа сабаб бўлгани ҳақида шоу-бизнес оламида хабарлар тарқалган эди. Аммо воқеа ёпди-ёпди қилиндими, ҳар ҳолда, мавзу қайта очилмади ҳам, текширилмади ҳам.

2022 йил 8 июнда Оҳангарон туманида шоир Муҳаммад Исмоилнинг 25 ёшли ўғли автоҳалокатга учраган. Оғир аҳволда туман шифохонасига олиб борилган беморга қўл ва оёқ синиши ташхиси қўйилиб, зарур операцияни амалга оширмай, 5 кунлаб олиб ўтиришган. Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб боришга эса, рухсат берилмаган. Келтирилишича, 16-тез тиббий ёрдам шифохонасига кўчириш учун беморнинг отасидан жуда кўп ҳужжатлар талаб қилинган. “Тумандан ўзларича олиб кетишолмас экан, олдин вилоятга, вилоятдан кейин 16-тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб бориш керак. Бирови бош кўтариб, айтолмас экан, айтишса, ўзларини қараёлмаганликда айблашаркан. 6 кундан бери болангизни қўл-оёғи синиб ётса-ю, ҳеч ким эътибор қилмаса, нима қилиш қилиш мумкин?”, – деган беморнинг отаси. Кейинчалик воқеага Сирдарё вилояти ҳокими ва Соғлиқни сақлаш вазири аралашувидан кейин муаммо ҳал қилиниб, беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган. 

Пойтахт тиббиёт муассасаларида ҳолат шундай бўлса, вилоятлардан нима кутиш мумкин? Ахир ҳеч кимга сир эмаски, кўпчилик фалон пул турса-да, соғлиги учун қаердан бўлмасин пул топиб, Тошкент тиббиётига интилади. Тўғри, даво топиб қайтаётган беморлар ҳам кўп, аммо ҳозирги кунда ихтисослашган шифо жойи, малакали шифокор ва мақбул нархларни бир жойдан топиш анқони уруғини топишдек ноёб ҳолат бўлиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Юқоридаги ҳолатларда беморлар шоу-бизнес вакиллари, нисбатан таниқли бўлганидан уларнинг ҳолатидан хабардор бўлиб қолдик, лекин бизга маълум бўлмаган аҳоли орасидаги қурбонликлар қанчадан қанча? Вазият шу зайлда давом этаверадими? 

Ёки муаммонинг илдизи ўрганилиб, якуний ечим топиладими? Танганинг икки томони бўлганидек, ушбу масалага фақат шифокорларни айблаб ва жазолаб ечим топиб бўлмайди. Соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар талайгина. Жумладан, ҳоким Эркинжон Турдимов Сирдарё вилоятининг катта шифохоналаридан бирига ташриф буюриб назорат ўтказганда, бир неча камчиликлари сирасида керакли дори-дармонни халққа бермасдан, уларни сотиб олишга мажбур қилганини қоралаган эди. Ҳоким, ҳатто устига кийиб олишга оқ халат топилмагани юзасидан ҳам эътироз ҳам билдирган.

Давлат тиббиёт ташкилотларида ходимлар ойлиги пастлиги, шу сабаб кўп кадрлар хусусий секторга ишга ўтиб кетаётгани бўйича ҳам эътирозлар билдирилган эди. Бундан ташқари, энг кўп коррупциявий ҳолатлар соғлиқни сақлаш тизимида кузатилган. Бу ҳолатга президент коррупция мавзуси бўйича ўтказилган йиғилишда эътироз билдирганидан сўнг Антикоррупция раҳбари "тепа"даги муаммоларни четга суриб, майда коррупция ҳолатларини ўрганишга киришиб кетганига ҳам қисман гувоҳи бўлдик. Нега ҳар бир масалага президент аралашмагунича, масъул шахслар жойидан жилмаслиги алоҳида масала. 

Тиббий ёрдам машинасида ўтин ташилса, Тез тиббий ёрдам ходимлари, барибир ўлади, уйи йўқ дея тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиб бемор аёлни зинада қолдириб кетса, бундай юртда инсон қадри ҳақида яна нималар дейиш мумкин? Эътирозлар, танқидлар шунчаки оғизда ёки ёзувларда қолиб кетаверса, саломатлик бўйича келажакдаги ҳолатни тасаввур қилаверинг. Масъуллардан ушбу масалага жиддий эътибор қаратишини ва камчиликлар бартараф этилишини сўраб қоламиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар