Олис қишлоқларда байрам нималигини билмаган аёлларга МАКТУБ

08.03.2021 07:11

БАЙРАМ! Бугун сени шу байрам билан қутлашимга ижозат бер, олисдаги қишлоқ АЁЛИ!

Байрамни эмас, иш излаб кетган фарзандини кутаётган ОНА  — Байрам муборак бўлсин!

40 йил қишлоғига сув келишини кутавериб чарчамаган, елкалари ўтин ташиб оғримаган, аммо қадди 40 га кирмай турмуш юкларидан мунғайиб қолган ЯНГАМ — Байраминг муборак бўлсин!

Ширин сўз-у, гулдасталарни эмас, оддийгина орзуни: турмуш ўртоғининг уйига ичмай келишини, бир кунгина бўлса-да ҳақорат эшитмаслигини истаётган эй олисдаги ТЕНГДОШИМ — Байраминг муборак бўлсин!

Ўзи учун эмас, фақатгина фарзандлари учун яшаётган, оёғидаги йиртиқ калишини ҳам янгисига алмаштиришга имкони йўқ, аммо ҳаётидан ҳеч қачон нолимаган соддагина ОПАМ — Байраминг муборак бўлсин!

Бир вақтлар катта-катта орзулар қилган, лекин бугун оға-иниси учун барчасидан кечиб, эгатлардан келажак излаётган СИНГЛИМ — Байраминг муборак бўлсин!

Телеэкранга ярашмаган, тантанали байрамларда кўринмаган, умрида совға-салом олмаган, деворлари нураб кетган кулбасидан нарини кўрмаган эй АЁЛ — Сенга ҳам шу байрам муборак бўлсин!

Бир бешикда, бир кийимда фарзандларини катта қилган. Оддий шароит — “свет”, газ йўқлигидан нолимаган, бу ҳаётидан бировга арз қилмаган, шаҳарликлар ваъда берган шароитга умид ҳам қилмаган муштипар ОНА — Сенга ҳам байраминг муборак бўлсин!

Эҳтимол аёл бўлиб бир бора турмуш ўртоғингдан гул олмагансан, қадоқ босган қўлларингга крем суртмагансан, аёл бўлиб, балки ҳали янги атлас кўйлак ҳам киймагандирсан... Дарду ташвишларини ичига ютган, қувончини-да ўзгага кўрсатишга ийманган эй овулнинг содда КЕЛИНИ — Байраминг муборак бўлсин!

Мен журналист бўлиб, компьютер қаршисидан туриб, иссиқ қаҳвани ташлаб сени кўргани олис қишлоққа боролмадим. Аммо ҳудди мен каби цивилизация ҳам боришга эринаётган, ўша сен яшаётган қишлоқлар шу байрам куни кўз олдимдан ўтди.

Эҳтимол сен шундай байрам борлигини эшитмагандирсан, Сиз томонларда балким бу кун оддий одатдаги кундек ўтаётгандир...

ТВда айтилган гаплар турмушингни енгиллатганмикан. Ҳайронман... Байрам куни чалинган қарсаклар сабаб, дастурхонингга тансиқ таом текканмикан? Билмайман… Умрида тўкин-сочин дастурхон қаршисига ўтирмаганингга балки бизнинг ҳам айбимиз бордир. Ахир безанган, гул-гул ёнаётган, кунда кунаро экранларда кўриниш бериш, радиоларда оғиз кўпиртириб гапиришни, суратлари газета-журналларда ҳар ой кўринишини одат қилганларга биз қалам аҳли ҳам кўпроқ эътибор берамизу, аммо не учундир сенинг дарди ташвишларингдан йироқмиз.    

Сен ҳақингда ва сени ҳақингга минбарлардан туриб баландпарвоз табрик йўллайдиганлар кўп. Сени оғир турмушингни енгиллаштираман, деб ваъда берувчилар анча. У аёллар сочларини ишириб, башанг кийиниб, минбарга чиқиб сўзлаганлари, охири кўринмас ваъдалари учун совға-саломларини олиб улгирди. Сенга-чи, Сенга бугун байрамлигини кимдир эслатганмикан? Сени соғинтирган, тирикчилик учун хорижга кетган фарзандинг сенга қўнғироқ қилдимикан? Сени шуни ўйлайсан ҳар кун.

Аслида сен учун узоқ юртларда ишлаб юрган фарзандинг қўнғироқ қилиб, сени эслаган кун ҳақиқий байрам эмасми?..

Ўчоқ боши, молхона, қўни-қўшни уйидан нарига ўтганмисан? Умрингда бир бор шаҳарга келганмисан? Эй, оғир ҳаётидан бир бора ҳам таъна қилмаган қишлоқнинг содда аёли — сени байрам билан табриклашга ижозат бер.

Шўрланган ерлар шамоли нафис юзларингни-да шўралатган аёл! Умрингда салонларга борганмисан, ё бир аёл бўлиб, ётиб даво олганмисан, ё шўр босмаган чучук сув ичганмисан? Эй олис дала-даштларда, тоғу биёбонларда, чўлу қирларда яшаётган замондошим, байраминг билан қутлашга ижозат бер. Бир кун сен яшаётган қишлоқлар ҳам обод бўлар...

Бошида униққан эски рўмол, оёғида йиртиқ калиш бўлса-да, қизига сеп йиғишдан чарчамаган ўзбек аёли умрингда нишонламаган байраминг сенга қутлуғ бўлсин!

Эридан бир ширин сўз эшитмаган. Эри ичмай, йиқилмай келиб, уни урмаган кунни байрам қилган ожиза аёл сенга-да байрам муборак бўлсин!

Мардикор бозорига чиқмаган, Туркияга, Россияга иш излаб боришга-да соддалик қилган қишлоқ аёли, сенга ҳам бугунги байрам муборак бўлсин!

Ҳар тонг оиласига бели оғриб сув ташиган. Ўчоқларда сув иситиб, кир чайган. Шу ҳолидан бир бора ҳам нолимаган эй мунис аёл — сенга ҳам байраминг муборак бўлсин!

Ишон, бугун мамлакат катта ишлар, катта ислоҳотлар бошида турибди. Камбағалликни тугатиш йўлидамиз. Ҳали барчаси ортда қолажак.

Эй!!! Байрам нелигини билмай ўтаётган қишлоқ аёли! Айёминг билан қутлашга бугун менга ижозат бер. Бир кун шу байрамлар сенинг хонадонингга ҳам кириб борар. Сен ҳам шу кунни биз шаҳарликлар, “киборлар” каби яйраб кутарсан. Лов-лов ёнадиган янги кўйлак киясан, безанасан, оёғингга зўрға илиниб юрган “тошковуш”ни бир четга олиб қўясан. Тансиқ таомлар тановвул қиласан, ўйнайсан, яйрайсан... Ахир бу байрам сенинг хонадонингга ҳам кириб боради. Ҳеч нарсадан зориқмайдиган дамлар бўлади, ўшанда...   

Ҳозирча эса сенга менинг бир репортаж қарзим бор, кимнидир “свет”, кимдир газ, яна кимдир фаровон ҳаёт қарзи бор сендан. Қарзларни ҳануз узмаган бўлсак-да, шу кунларда сени ёдга олишга, ижозат бер. Байраминг қутлуғ бўлсин!!!

Анора СОДИҚОВА, 
журналист
Манба: ЎзА

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
22
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
06.01.2022 15:38
Haqiqat achchiq
05.01.2022 20:54
Бу сатрларни кузда ёшсиз укиш кийин.
04.01.2022 04:21
Juda ham haqiyqiy ,bor narsani royi rost ochib beribsiz,qizim sizni tarbiyalagan ustozingizga rahmat.Tashakkurlar bolsin.
02.01.2022 20:11
Жуда яхши ёзилган. Сизга котта рахмат.
02.01.2022 02:39
Tabrikni ko'zimda yosh bilan o'qiganim, jamoadoshlarimga o'qib berganim esimda. Anoraxon ijodingizga omad.
01.01.2022 21:18
Рахмат
01.01.2022 20:45
Сизга таьлим тарбия берган Ота онангизга бошим ерга теккунча таьзим киламан
17.03.2021 19:22
👏👏👏👏👍👍
10.03.2021 14:51
Жудаям гузал езилган рахмат Лекин бу езганларизи Улар укишармикан азизларим Имкони булса уларга еткизиш керак Балки телефон тутишмас
09.03.2021 09:59
Бу дард тула кишлок аёлини йиглатиб юборадиган табригингиз зур чикибди.Ажаб эмаски хаммаси яхши томонга узгарса .Буни эшитган опа сингилларингиз сиздан миннатдор булиши тайин.Лекин улар хурсанд хам хафа хам булишмайди кунлари хар кунгидай оддий утаверади ЧункиУША КИШЛОКДА ТЕЛЕФОН АНТЕННАСИЯМ ИНТЕРНЕТ ХАМ ЙУКДА
08.03.2021 23:37
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги ВОЧАХ қишлоғи аҳолиси бу жонкуяр халқсевар жасур журналист Анора Содиқова опамизнинг бу байрам табрики мақоласини уқиб хурсанд булдик шундай кунлардаҳам олис ҳудудлар аҳолиси ёдидан чиқмаган биз бундай журналистимиздан фахрланамиз, опажон сизниҳам 8 март байрами билан табриклаймиз🌹🌹🌹🌹🌹
08.03.2021 17:48
Hissiz qalblarga hislarni, mehrsiz ko'ngillarga mehrni, qalblarni junbushga keltiradigan judayam ta'sirli maqola bo'libdi. O'qiyapmanu har bir qator ko'z o'ngimda gavdalanib beixtiyor ko'zlarim namlandi. Atrofimga razm solishga va e'tiborli bo'lib yanada insonlarga mehr ulashishimga sababchi bo'lgan ushbu maqola uchun rahmat sizga...
08.03.2021 17:47
Hissiz qalblarga hislarni, mehrsiz ko'ngillarga mehrni, qalblarni junbushga keltiradigan judayam ta'sirli maqola bo'libdi. O'qiyapmanu har bir qator ko'z o'ngimda gavdalanib beixtiyor ko'zlarim namlandi. Atrofimga razm solishga va e'tiborli bo'lib yanada insonlarga mehr ulashishimga sababchi bo'lgan ushbu maqola uchun rahmat sizga...
08.03.2021 13:50
Биринчи марта бундай таъсирли табрикни укидим... Сизга хам байрам муборак булсин! Хаётимизнинг, жамиятимизнинг асл муамолларини ёритишдан чарчаманг!
08.03.2021 13:44
😢😢😢