Халқаро меҳнат ташкилотининг 2025 йил учун прогнозига кўра, 15 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёлларнинг ишчи кучидаги улуши турли мамлакатларда 5,1 фоиздан 87,2 фоизгача бўлиши кутилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида ишчи кучида аёллар иштироки бўйича энг юқори кўрсаткич Қозоғистонда кузатилади: 76,1 фоиз. Қирғизистон ва Туркманистонда бу кўрсаткич мос равишда 56,9 ва 52,6 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон эса бу борада фақат Тожикистондан олдинда: Ўзбекистонда аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 43,5 фоиз бўлса, Тожикистонда 33,2 фоиз.
Эътиборли томони, Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, юқори ва паст даромадли мамлакатларда аёлларнинг иш кучида иштироки даражаси тахминан бир хил, яъни жуда камбағал ёки жуда бой мамлакатларда аёллар ишлаши эҳтимоли юқори, ўртача даромадли мамлакатларда эса аёлларнинг меҳнат бозоридаги улуши камроқдир.
Хусусан, Шимолий Корея (87,2 фоиз), Соломон ороллари (84,3 фоиз) ва Мадагаскар (84,2 фоиз) каби камбағал мамлакатларда аёлларнинг ишчи кучидаги улуши юқори. Бироқ Исландия (84,1 фоиз), Нидерландия (82,4 фоиз) ва Швеция (82,2 фоиз) каби юқори даромадли давлатларда ҳам бу боради ўхшаш кўрсаткич кузатилади.