2024 йилда Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп хорижий сайёҳлар Қозоғистонга ташриф буюрган – 15,3 миллион киши. Бу ҳақда “Ranking.kz” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда хорижий сайёҳлар сонининг ўсиш суръати бўйича етакчилик қилмоқда. 2024 йилда уларнинг сони 20,1 фоизга ошиб, 8 миллион кишига етган. Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, улардан 6,3 миллиони ёки 79,4 фоизи мамлакат чегарасини пиёда кесиб ўтган хорижликлар ташкил этади. Бу эса Ўзбекистонга келишни истаган шахсларнинг автомобиль транспорти орқали трансмиллий ҳаракати мавжудлигини кўрсатади.
Ўтган йили Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида хорижий сайёҳлар сони ўсган. Миллий статистика идоралари маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ташриф буюрган норезидентлар сони 28,6 миллион кишига етган, бу эса 2023 йилга нисбатан 11 фоиз ўсишни ташкил этган. Туркманистон бўйича маълумотлар тақдим этилмаган.
Энг катта ўсиш Қозоғистон кўрсаткичлари ҳисобига амалга ошган. Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, 2024 йилда мамлакатга 15,3 миллион хорижий меҳмон ташриф буюрган, шундан 10,4 миллиони мамлакатда бир суткадан ортиқ қолган. Хорижликларнинг ўртача мамлакатда бўлиш муддати тўрт кунни ташкил этган. 2023 йилга нисбатан ўсиш 1,2 миллион меҳмон ёки 13 фоизга ошган. Хорижий сайёҳлар сони бўйича иккинчи ўринни Қирғизистон эгаллаган. Маҳаллий ОАВнинг Қирғизистон Туризмни ривожлантириш жамғармаси маълумотларига таяниб хабар беришича, ўтган йили мамлакатга 8,6 миллион хорижлик ташриф буюрган.
Ўзбекистонда сайёҳлик саноати ривожланишининг ижобий динамикаси HoReCa сектори (меҳмонхона, ресторан ва кафе бизнеси) хизматлари ҳажмининг ошиши орқали ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида ушбу молиявий кўрсаткич 10,6 фоизга ўсган, 2023 йилда 13,5 фоизга, 2022 йилда эса 22,3 фоизга ошган.