Ўзбекистон дунёнинг энг йирик олтин харидорига айланди

06.03.2025 11:57

Жаҳон қимматбаҳо металлар кенгаши (WGC)нинг хабарига кўра, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон дунёнинг энг йирик олтин харидорига айланди.

2025 йил бошида жаҳон марказий банклари олтинга кучли қизиқиш кўрсатишда давом этиши натижасида соф харидлар 18 тоннага ошди.

WGC ҳозирги пайтда олтиннинг стратегик аҳамиятини, айниқса, геосиёсий хавф-хатарлар ортиб бораётган шароитда, регуляторлар захираларидаги ролининг ошаётганини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Марказий банки 8 тонна олтин сотиб олганидан сўнг, қимматбаҳо металлнинг халқаро захирадаги улуши 82 фоизга, яъни 391 тоннага кўтарилди.

Хитой банки эса, соф олтин харид қилишда 5 тонна билан иккинчи ўринни эгаллади. Январь ойи охирида Хитойнинг захираларидаги жами қимматбаҳо металлар 2 285 тоннага (жами активларнинг 6%) етди.

Кучли учликни 4 тонна олтин сотиб олган Қозоғистон Марказий банки якунлади. Кейинги ўринларни Польша ва Ҳиндистон (ҳар бири 3 тонна), Чехия (2 тонна) ва Қатар (1 тонна) эгаллади.

Маълумот учун, 2024 йил ноябрда Ўзбекистон Марказий банки олтин захираларини 9 тоннага ошириб, жами 11 тонна соф олтин сотиб олди. Натижада, умумий захиралар 382 тоннага етди.

2024 йил октябрда эса 833,4 миллион долларлик олтин экспорт қилиб, умумий экспорт ҳажмини 6,6 миллиард доллардан оширди. Йилнинг ўн ойида савдо айланмаси 6,7 фоизга ўсиб, экспорт 22,42 миллиард долларга (+9,6%), импорт эса 31,92 миллиард долларга (+4,7%) етди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистон 119,6 тонна олтин ишлаб чиқариб, дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатлар орасида ўнинчи ўринни эгаллаган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар