Фарғонада ҳоким қарори билан 270 туп кўп йиллик дарахт ноқонуний кўчирилган

03.03.2025 14:19

Фарғона вилояти Қувасой шаҳар “Ҳувайдо” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Бешолиш” сой бўйидан 270 туп кўп йиллик соғлом дарахтлар ноқонуний кўчирилиши ҳолати бўйича тегишли ўрганиш ишлари ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра ушбу  ер майдонида кўп йиллик қимматбаҳо дарахтлар мавжудлигига қарамасдан, 2025 йил 22 январда Қувасой шаҳар ҳокими томонидан аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарор (31-11-167-Қ/25-сонли) қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу ер майдонида кўп қаватли турар жой бинолари, йирик универсаль ва ихтисослаштирилган савдо дўконлари, супермаркетлар, ресторанлар қуриш лойиҳасини амалга ошириш ва аукцион савдоларига чиқариш мақсадида ер майдони 2 та лотга бўлинган ҳолда “ERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. 

Таъкидлаш жоизки, келишиш  жараёнида Қувасой шаҳар экология бўлими томонидан 2025 йил 3 февралда “ERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўп йиллик дарахтлар мавжуд бўлганлиги сабабли ушбу ер майдонида лойиҳани амалга ошириш мумкин эмаслиги кўрсатилган ва рад жавоби берилган.

Шунга қарамасдан, Қувасой шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари в.б. Н.М.нинг топшириғига асосан 11–14 февраль кунлари шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан махсус техникалар ёрдамида 270 туп (сасна, каштан, каталпа, Япон  сафораси, тут, айлант) дарахт 16 та жойга ноқонуний равишда кўчириб ўтқазилган ва 9 туп дарахт кўчириш жараёнида нобуд қилинган.

Шунингдек, ҳокимлик мансабдор шахсларининг нотўғри қарорлари ва ноқонуний топшириқлари оқибатида кўчирилган дарахтлар келгусида нобуд бўлиши хавфи юқори бўлган ер майдонларига экилган.

Дарахтларни ноқонуний кўчириш натижасида табиатга умумий 1 млрд 829 млн 437 минг 500 сўм зарар етказилганлиги аниқланди. 

Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар