Бир ойда 6 та туманга янги ҳоким тайинланди

02.03.2025 12:54

2025 йилнинг февраль ойида туман ҳокимлари лавозимида бир қатор ўзгаришлар содир бўлди. Хусусан, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида раҳбарлик лавозимларида бир нечта тайинловлар амалга оширилди.
Хўш, бу тайинловлар қанчалик асосли ва қандай сабабларга кўра амалга оширилмоқда? Rost24.uz шу каби саволларга жавоб излади.


Сирдарё вилойатининг 3 та туманига янги ҳоким тайинланди


27 февраль куни Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркин Турдимовнинг тегишли буйруғи билан Олимжон Ўрозалиевич Жўраев Гулистон тумани ҳокими этиб тайинланган.
Шу пайтгача Гулистон тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган Ўлмасжон Ярмахамматович Мамадаминов эса вилоят ҳокимининг қарори асосида ўз лавозимидан озод этилган.

 

 


Шу кунга қадар Гулистон туманининг Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи, шунингдек, ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Олимжон Жўраев депутатлар томонидан туман ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Олимжон Жўраев 1982 йилда Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. У 2004 йилда Гулистон давлат университетини тамомлаган ва иқтисодчи мутахассислиги бўйича таълим олган.


Сирдарё ва Оқолтин тумани


Сирдарё туманидаги Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Азизбек Маҳаммадқул ўғли Турдимуродов Сирдарё тумани ҳокими этиб тайинланди.



Аввал Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган Азизбек Турдимуродов 1994 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У 2019 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини, 2022 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини тамомлаган.
Шунингдек, Эрназаров Комилжон Юлдашалиевич Оқолтин тумани ҳокими лавозимидан озод этилип, унинг ўрнига Сувонов Хуснитдин Яхшиликўвич тайинланган.


Хуснитдин Сувонов тайинловдан аввал туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари –ва молия-иқтисодиёт бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.


Мирзаобод тумани


Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида ўтказилган Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида янги ҳоким тайинланди. Сессияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Сессия давомида Абдураҳим Абдулҳамидович Умаров Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Шу пайтгача туманга ҳокимлик қилиб келган Ориф Худойбердиевич Раҳмонқулов бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилди, аммо ҳозирда унинг қайси лавозимга тайинлангани маълум қилинмаган.



Абдураҳим Умаров Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинланишидан олдин, Сирдарё вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. У Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.


Юқорида берилган фактларга кўра, Турдимов Сирдарё вилояти ҳокимлигига келганидан сўнг янги кадрлар билан ишлашга катта эътибор қаратиб янги ҳокимларни ўзининг жамоасига киритаётганини кўриш мумкин. Бироқ собиқ ҳокимлар нима учун лавозимидан озод қилингани номаълумлигича қолмоқда.


Самарқанд вилоятининг 2 та туманига янги ҳоким тайинланди


Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ҳам Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиб, Пахтачи туманига янги ҳоким сифатида депутатлар томонидан Қаюм Норбекович Хушбақовнинг номзоди тасдиқланган.
Сессия давомида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Пахтачи туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши борасидаги ишлар ва эришилган натижаларни муҳокама қилиб, йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, вилоят ҳокими Қаюм Норбекович Хушбақовни Пахтачи туманининг ҳокими этиб тайинлашни таклиф қилди. Депутатлар эса унинг номзодини бир овоздан маъқулладилар.



Қаюм Хушбақов мазкур тайинловга қадар Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳининг раҳбари сифатида фаолият юритган.


Жомбой тумани

 


Жомбой туманига беш йил давомида раҳбарлик қилиб келган Қаюм Собиров ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига янги ҳоким сифатида Хуршид Назаров тайинланди.
Хуршид Назаров мазкур тайинловга қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. У 2020 йил апрелидан буён Жомбой тумани ҳокими бўлган Қаюм Собировнинг ўрнида иш бошлади.
 


Қизиқарли томони шундаки, Хуршид Назаровнинг акаси Умид Назаров ҳам бир вақтлар Жомбой туманига ҳокимлик қилган ва 2019 йилга қадар ушбу туманда раҳбарлик қилган. Шу тариқа, Назаровлар оиласининг туман раҳбарлигидаги илк тажрибаси оилавий анъанага айланган.


Муборак туманига янги ҳоким тайинланди


2023 йил октябридан буён Муборак тумани ҳокими бўлиб келган Мухтор Ҳайитмуродов ўз лавозимини Ғолиб Неъматович Муродовга бўшатиб берди.
Ғолиб Муродов мазкур тайинловга қадар “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали директори лавозимида ишлаган.

 


У 1981 йилда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида туғилган. Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент молия институтини тамомлаган.
Муборак туманига 2023 йил октябридан буён ҳокимлик қилган Мухтор Ҳайитмуродовнинг истеъфоси сабаби эса маълум қилинмаган.


Ҳокимлик лавозимларидаги ўзгаришлар тизимдаги ишлашни яхшилашга қаратилган бўлиши керак. Аммо баъзи ўзгаришлар сабаблари тўлиқ ошкор қилинмагани учун уларнинг самарадорлиги сўроқ остида қолади.

 

 

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар