Инвестиция, экспорт ва янги вазифалар: Президент йиғилишидаги асосий кўрсатмалар

16.01.2025 21:58

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

2025 йил учун мутасаддиларга юклатилган асосий вазифалар:

— 230 та тадбиркорнинг божхона омборларида узоқ муддатдан буён сақланаётган 120 миллион долларлик ускуналарни эгаларига етказиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди;

—Йил якунигача камида 200 та тадбиркорни халқаро молия бозоридан 2 миллиард доллар жалб қилишга тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди;

—Вилоят ҳокимларига ҳар ой тадбиркорлар билан ярмарка ўтказиб, ўзида янги-янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш топширилди;

—Олмалиқ кон-металлургия комбинати 1 миллиард, Навоий кон-металлургия комбинати 500 миллион, “Навоийуран” ва “Ўзметкомбинат” ҳар бири 300 миллион долларлик евробонд жойлаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди;

—Мутасаддиларга тармоқлар ва вилоят ҳокимлари билан биргаликда туман ва корхоналар кесимида 2025 йилда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича дастур тайёрлаш топшириғи юклатилди;

—“Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports”, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳам халқаро рейтинг олиб, ташқи бозордан жами 700 миллион доллар олиб келиши муҳимлиги таъкидланди;

—2025 йил учун 2 миллиард доллар грант олиш бўйича ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудларнинг режаларини шакллантириш топширилди;

—Молия институтлари билан ишлаш бўйича алоҳида Фавқулодда штаб ташкил қилиниши белгиланди;

—Мутасаддиларга Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан яқиндан ишлаб, туманма-туман юриб, тадбиркорлар билан давлат кафолатисиз қилиш мумкин бўлган лойиҳаларни кўпайтириш топширилди;

—Бу йил экспортни 30 миллиард доллардан ошириш зарурлиги қайд этилди;

— Мутасаддиларга хорижий инвесторларни топиб, мавжуд иқтисодий зоналарнинг бўш ҳудудларида технопарк ташкил қилиш бўйича таклиф киритиш топширилди;

2025 йил инвестицияни кенг жалб этиш ва экспорт соҳасида режалар:

—Энди фақат экспортга ишлайдиган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши белгиланди. Ушбу зоналарда хорижий брендлар билан юқори қийматли, ташқи бозорларда талаби бор маҳсулотлар ишлаб чиқарилади;

—Экспортчиларни айланма маблағ билан таъминлаш учун алоҳида Факторинг ташкилоти очилиб, унга 100 миллион доллар ажратилади. Корхоналарнинг халқаро сертификат талабларига мослашиш харажатларининг 20 минг долларгача қисми қоплаб берилади;

Ривожланиш ва тадқиқот марказлари учун олиб келинадиган лаборатория жиҳозлари божхона божларидан озод қилинади. Халқаро маркетплейслар орқали маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш учун 2 миллион доллар йўналтирилади;

—Жорий йилдан бошлаб кластерлар пахтага талаби ва нарх таклифини биржага қўяди, фермерлар эса ўзига маъқулини танлаб, фьючерс шартномасини тузади;

—Имтиёзли кредит олмай, ўзи пахта етиштирган фермерларга биржада сотган пахтасини 10 фоизи миқдорида субсидия берилади;

—Имтиёзли кредитни йил якунигача тўлиқ қайтарган фермерларга кредитнинг 4 фоизи қайтариб берилади. Уларга кредит фоизи амалда 10 фоиздан 6 фоизга тушади.

Йиғилиш якунида вазирлар, тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари олдига туманларга тушиб, ўз ишини жойида ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар