Давлат дастуридаги мавҳум тушунчалар: амалдорларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш режалаштирилмоқда

14.01.2025 12:47

Ўзбекистондаги давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда ушбу борада превентив механизмларни жорий этиш мақсад қилинган. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳага кўра, 2025 йил февралдан бошлаб йил давомида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш марказида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси асосида камида 500 нафар раҳбарлик лавозимларда ишлаётганлар ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга мойиллиги даражасини баҳолаш режалаштирилган.

Бу хорижий грант маблағлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни сингдириш бўйича қадриятлар тизимини шакллантириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш асосида таъсирчан чора-тадбирларни жорий этишга оид таклифларни мунтазам (йилига камида бир марта) киритиб бориш ҳам кўзда тутилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар