2024 йил ноябрь ойида Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи лойиҳани кўриб чиқди ва Сенат ушбу қонун лойиҳасини 34 овоз билан маъқуллади.
Нега бу қарорга келинди?
Австралия бош вазири Энтони Албанезе ушбу қарорга келиш сабаби сифатида, болаларни ижтимоий тармоқ зарарларидан ҳимоя қилиш зарурлигини келтирган. "Мен болаларни ўз қурилмаларидан четлаб, ўрнига пиёда сайр қилишларини, сузиш ҳавзалари ва теннис кортларида кўришни истайман. Биз уларнинг ҳақиқий одамлар билан ҳақиқий тажрибага эга бўлишларини истаймиз, чунки барчамиз ижтимоий медиалар бир вақтнинг ўзида ижтимоий зарар ҳам келтираётганини биламиз"— дейди Албанезе. Шунингдек, у ҳукумат ижтимоий тармоқлар учун минимал ёш чегарасини жорий этишдан олдин ёшни текшириш усулларини синовдан ўтказиши лозимлигини таъкидлади.
Ушбу қарордаги маъқулланмаган фикрлар
Австралиянинг интернет электрон хавфсизлик бўйича комиссари ёшларнинг интернет ёрдам керак бўлганда тармоққа киришини чеклаш уларни хавфсизлиги кафолатланмаган, асосий бўлмаган хизматлардан фойдаланишга мажбур қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Академик ва сиёсатчилар ҳукумат томонидан назарда тутилган тақиқ тескари таъсир кўрсатиши, яъни болалар ўзларини янада яккаланиб қолган ҳис қилишига олиб келиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, кўпчилик бу жараён жуда шошилинч қабул қилинганидан хавотирда. Айтиб ўтиш жоизки, агар фойдаланувчилардан ёшини исботлаш сўралса, бу ижтимоий медиа компанияларига шахсий маълумотлар берилишига олиб келиши мумкин.
Халқаро Амнистия ташкилоти қонун лойиҳасини қабул қилмасликни тавсия қилган, чунки ёшларни изоляция қилувчи тақиқ ҳукуматга ўзлари кутган натижани бермаслиги мумкинлигини таъкидлади.
Айрим қўмиталар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, бироқ ижтимоий медиа платформалари фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини, жумладан, паспорт маълумотларини тақдим этишга мажбурламаслик шартини қўшди. Ижтимоий медиа компаниялари ёш чекловларини қўллаш учун қандай усуллардан фойдаланиши эса, номаълум.
Австралия ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ташкилоти ижрочи директори Кристофер Стоун ўз баёнотида шундай дейди: “Ҳукумат кўзлари боғланган ҳолда ғишт деворга қараб югурмоқда. Бу каби мураккаб масалаларда шошилиш эмас, эҳтиёткорлик билан маслаҳатлашиш ва мулоҳаза юритиш талаб қилинади. Биз ҳукуматни шошмасликка чақирамиз”.
Баъзи экспертлар болаларнинг рақамли дунёдаги иштирокдан четлаштирилиши уларнинг яширин онлайн фаолият юритишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
Маълумот учун, қонун кучга киргунга қадар камида 12 ой вақт кетади. 2025 йил ўрталарига қадар синовдан ўтказилади. Кучга киргандан сўнг, агар Ижтимоий медиа компаниялари қоидаларга риоя қилмаса, улар 25,7 миллион фунт стерлинг (50 миллион Австралия доллари) жаримага тортилади.
Буюк Британия тажрибаси
Ушбу масала бўйича Буюк Британия ҳам бир неча тартиблар жорий этган. Жумладан, у ердаги кўпгина ижтимоий медиа иловаларида фойдаланиш учун ёш чекловлари мавжуд – баъзиларида 13 ёш, бошқаларида эса 16 ёки, ҳатто 18 ёш. Маълумотларга кўра, Буюк Британия интернет қоидаларини назорат қилувчи гуруҳ болалар мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда зарарли контентлар кўришини маълум қилган. Шунингдек, ўсмирлар телевизордаги анъанавий янгиликлардан юз ўгиришмоқда ва янгиликларни кўпроқ ижтимоий тармоқлардан олишмоқда.
Мамлакатда телевидение, радио ва видеони тартибга солувчи Ofcom компанияси ҳисоботига кўра, 5-7 ёшли болаларнинг деярли тўртдан бирида смартфон бор ҳамда ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган ёшлар сони ортиб бораётгани аниқланган.
Буюк Британия парламентининг Фан ва технология қўмитаси ҳисоботида, ижтимоий медиа компанияларини кузатиб бориш ва улар қонунни бузган тақдирда, чора кўриш учун янги ташкилот ташкил этилиши кераклиги таъкидланган.
Ўзбекистонда бу борада қандай чора-тадбирлар мавжуд?
Ўзбекистонда ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солиш ва уларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, ижтимоий тармоқларда ёшлар учун хавфсиз муҳит яратишни мақсад қилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги 139-сонли қарори таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган. Ушбу қарор ўқувчиларнинг дарс жараёнида чалғимаслигини таъминлашга қаратилган.
Масалан, телеграм Ўзбекистонда энг кўп фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқ бўлиб, ундан 20 миллионга яқин одам фойдаланади. Аммо, афсуски, телеграм Ўзбекистонда кибержиноятлар энг кўп содир этилаётган платформага айланган. Бунга чора сифатида эса, фойдаланувчи шахсий маълумотларини ўз телеграм саҳифасига жойламаслиги ва турли шубҳали хабарлардан огоҳ бўлиши сўралади.
Юқоридаги чора-тадбирлар ва натижалар болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солиш ва уларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган. Аммо фойдаланмаслик бўйича қатъий қарорлар қабул қилинмаган.
Ижтимоий тармоқларнинг саломатликка таъсири:
Ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётига кўплаб қулайликлар олиб келган бўлса-да, уларнинг саломатликка салбий таъсири ҳам бор. Жумладан:
1. Уйқу сифатининг пасайиши. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўпчилик кечки пайт ижтимоий тармоқларда вақт ўтказгани сабабли уйқу вақтини кечиктиради. Бу эса уйқу етишмаслигига сабаб бўлади ва организмнинг тикланиш жараёнларига тўсқинлик қилади.
2. Руҳий саломатликка таъсири. Доимий равишда бошқаларнинг "идеал ҳаёти"ни кузатиш ўзини паст баҳолаш, депрессия ва хавотирга сабаб бўлиши мумкин.
3. Эътибор ва концентрациянингпасайиши. Ижтимоий тармоқларнинг чексиз "scrolling" функцияси инсон эътиборини қисқа муддатли бўлишига олиб келади. Тадқиқотларга кўра, одамларнинг ўртача эътибор давомийлиги 2000 йилдаги 12 сониядан 2015 йилда 8 сониягакамайган.
4. Гиподинамия (ҳаракатсизлик) ва семириш. Ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказиш камҳаракатлиликка сабаб бўлади. Бу эса семириш, юрак-қон томир касалликлари ва бошқа метаболик касалликларнинг ривожланишига олиб келади.
5. Доимий стресс ва маълумотлар юкламаси. Ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп маълумот олиш ва уни қайта ишлаш мия учун ортиқча юк бўлиши мумкин. Бу эса хотира пасайиши ва чарчоққа олиб келади. Pew Research Center тадқиқотига кўра, ижтимоий тармоқларда ёмон янгиликларни тез-тез кўрганлар доимий стресс ҳолатида бўлишади.
6. Қарамлик шаклланиши. Ижтимоий тармоқларда ишлатиладиган алгоритмлар фойдаланувчиларда допамин (роҳат гармони) ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади, бу эса қарамликни кучайтиради.
Ушбу фактлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқларни меъёрида ва онгли равишда ишлатиш инсон саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Ижтимоий медиа ижобий тарафларга эга, шу билан бирга мунтазам фойдаланиш оқибатида тана ҳолатига ҳам таъсири борлиги, бузилган уйқу режимига олиб келаётгани маълум бўлган. Тўғри, ижтимоий тармоқлардан келаётган бу хавфлар олдин ҳам мавжуд бўлган, бироқ иловаларнинг оммавийлиги ва машҳурлиги муаммонинг кўзга кўринмас бўлиб кетишига етакчи омил бўлиб қолмоқда.
Мутахассислар фикрича, ижтимоий медиа компаниялари ўз фойдаланувчиларига нисбатан қонуний "ғамхўрлик бурчи"га эга. Яъни, улар фойдаланувчиларнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш учун масъулдирлар.
Болаларни ижтимоий тармоқ хавфларидан сақлашнинг яна қандай чоралари бор?
Турли тарғиботчилар ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини бутунлай тўхтатишдан кўра, ижтимоий медиа компанияларига ёш фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлайди. Жумладан, болалар учун зарарли контентларни олиб ташлаш каби назоратлар ўрнатилиши сўралади.
"Ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали қайта-қайта зарарлар билан “озиқланадилар” ва бу одатий ҳолга айланди, аммо буни ўзгартириш керак", — дейди Британиянинг Ofcom компанияси раҳбари Мелани Доус.
Баъзи йирик ижтимоий медиа компаниялари 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун қўшимча ҳимояга эга эканликлари ва бу, ота-оналарга фарзандлари кўрган нарсаларни назорат қилишда ёрдам беришини айтишади. Британия сиёсатчиларининг фикрига кўра, ижтимоий медиа компаниялари болаларни ҳимоя қилиш учун қонуний мажбуриятга эга бўлиши керак. Уларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар зўравонлик ва бошқа муаммоларни онлайн тарғиб қилишга ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда минимал ёш чегараси қандай?
Ижтимоий медиа талабларига кўра, Facebook, Инстаграм, Х (Твиттер) ва Snapchat иловаларига обуна бўлиш учун камида 13 ёшда бўлиш керак. YouTube кўрсатмаларига кўра, ҳисоб қайдномасига эга бўлиш учун ҳам камида 13 ёшда бўлиш керак, лекин кичик болалар фойдаланиши учун YouTube Kids ҳисобларини ўрнатиши мумкин. 2018 йилда киритилган ўзгартиришдан сўнг, WhatsAppdan фойдаланиш учун камида 16 ёшда бўлишингиз керак. Аввалги ёш чегараси 13 эди. Аммо ушбу медиа тармоқларнинг хавфсизлик даражаси мукаммал кафолатланмаганлиги ҳақида юқорида ҳам келтириб ўтдик.
Австралия тақдим этган қонун лойиҳаси тартибига кўра, Snapchat, ТикТок, Х (Твиттер), Инстаграм, Реддит ва Facebook тақиқнинг бир қисми бўлиши мумкин. YouTube таълим олишда муҳим аҳамиятга эгалиги сабабли, бу сафга киритилмаган.
Болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланишига қандай қарайсиз? Сизнингча, ушбу усул қанчалик самара беради?
Муштарий Ғаниева