500 млрд. сўмга Шаввозсойни қурган темирйўл — 30 йилда ҳам вагонларини алмаштира олмади...

26.02.2021 14:43

ЁХУД КЕЙИНГИ АВЛОД БЎЙНИГА ЮКЛАНАЁТГАН  СОВЕТ ДАВРИ ПОЕЗДЛАРИ 

Журналистга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ мутасаддиларидан қўнғироқ бўлди:

— Поездларнинг аҳволи ҳақидаги мақолани сиз ёзганмисиз?..
— Ҳа, мен ёзгандим...
— Қаердасиз, сизга машина юборамиз.
— Йўқ машина юборишингиз шарт эмас. Мен ҳозир бора олмайман.
— Сизга ўзингиз кўришингиз учун «Тошкент-Қўнғирот» поездимизнинг йўлга чиқишдан аввал қандай тозаланиши ва тайёргарлик кўришини кўрсатмоқчимиз...
— Иложим йўқ, бора олмайман...
— Нега келолмаймиз, мақолангизда чанг босган, кир-чир деб ёзгансиз-ку, асл ҳолатни сизга кўрсатмоқчимиз. (Журналист холис ахборот бериши керак, мазмунида пўписа эшитилди)
— Мени тўғри тушунинг, афсуски, ҳозир бора олмайман, чунки мен ҳозир ўша сизлар айтаётган поезднинг ичидаман...

«Ўзбекистон темир йўллари» мутасаддилари билан деярли шу мазмундаги савол-жавобимиз вагонлардаги ҳақиқий ҳолат аслида сиз айтганчалик эмас, ёзганларингиз асоссиз эканлигини кўрсатамиз, қабилидаги таклифдек туюлди бизга.

***

Rost24.uz ахборот сайтида 22 февраль куни «Тошкент–Қўнғирот» йўналишидаги поезднинг 50-60 йилдан буён ишлатиб келинаётгани, аллақачонлар муддатини ўтаб бўлган вагонлари ва бу вагонлардаги айни пайтдаги манзара ҳақида мақола эълон қилинган эди. «19 йил Раматов бошқарган «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бадбўй, кир ва чанг босган вагонларидан репортаж» номли танқидий материалимизда гувоҳ бўлиб тасвирга олганларимиз баён этилганди...

Айрим ташкилотларни умуман тушуниб бўлмайди, ҳамон совет давридаги «комиссия келди» қабилида ишлайди. Ким учундир ёки ҳисобот учунми, вазият яхшиланади.

Матбуот учун махсус тайёрланиш кўзбўямачилик эмасми? Сайтда поезднинг абгор аҳволи тасвирлангани учун «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати таҳририяти журналистдан эмас, алмисоқдан қолган поездларни янгиламаган раҳбариятдан норози бўлиши керак.

Улар аслида ҳолат қандай эканини кўрсатмоқчи бўлиб, журналист ёзганларига гумон қилиб айтган таклифини рад этишга тўғри келди. Чунки ўша пайтда мен айнан вагонлар ёнида туриб, кузатганларимни таҳлил қилиб турганимни айтдим, яъни ўзим айнан вокзалда эдим.

Энди вагонларнинг ҳолатини менга кўрсатишдан нима наф? Ҳақиқий вазият ёритиб бўлинди.

Хуллас, уруш йилларини эслатадиган темир арава эринмай йўлда давом этаркан, биз Нукусдан қайтиш учун яна шу вагондамиз. Бу сафар эса бироз бошқача манзара. «Агентлар» журналистларнинг қайси вагонда ўтирганини топиб келишди. Манзилга етгунимизча, парвона бўлиб, чой дамлаб, хабар олиб туриш давомли бўлди.

Поезд бошлиғи вагонлар ҳолатини кўрсатиб чиқди. Ҳамма ёқ чиннидек эди. Лекин, поезд қанчалар тозаланмасин, у янги бўлиб қолмайди. Тозаловчи ишчилар қанча уринмасин, ўтган асрни 70-йилларини эслатувчи поезд кўриниши ўзгариб қолмайди.

Худди 80 ёшли онахон атлас кўйлак кийиб 16 ёшга ўхшаб қолмагандек, поездни кичик ишчилар меҳнати билан «одам» қилиб бўлмаслиги аниқ.

«Ўзбекистон темир йўллари» вакили телеграм орқали мулоқотда аста-секинлик билан янги поездлар сотилиб олишини билдирди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти ҳам шу поездлари каби имиллаб иш кўрсатади шекилли 30 йил ичида совет иттифоқидан қолган поездларни эксплуатациядан чиқаришга шошилаётгани йўқ. Сабаб шуки, вагонлар оз-мунча пул турмайди.

Буни қарангки, янги вагонлар қимматлигини баҳона қилиб турган вақтда интернет сайтларида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг 495 миллиард сўмлик «Шоввозсой» дам олиш мажмуаси борлиги маълум бўлди.

Мамлакатимизнинг узоқ ерларига қатнаётган «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти 30 йилда бир вагонга ёлчимаганда ярим триллион сўмлик мажмуани 10 йилда қуриб битказиб қўйишибди.

Бу кунгача «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфида «Назарбек», «Чимён», «Хожикент», «Омонхона» каби дам олиш масканлари борлиги маълум эди.

Акционерлик жамиятининг ишчилари 40 йиллик, бурга босган темир аравага айланиб қолган вагонларда аҳолига хизмат кўрсатгач, «Шоввозсой»дек мажмуада ҳордиқ чиқаришига ким ҳам ишонади?

Нукус чўлларидан тақир-туқир қилиб кетаётган поездда қанча ишчидан суриштирмай, улар юқорида номи келтирилган биронта дам олиш масканида соғлиқларини тиклаганини тасдиқлай олмадилар.

Шунча дам олиш масканига эгалик қилган компания аслида халққа кўпроқ зарур бўлган вагонларнинг донасини 1 миллион АҚШ долларига сотиб ололмаслигига шубҳа қилмаймиз. Биров ғиринг деса, ана «Афросиёб» ва «Шарқ» поездлари борлиги эслатиб қўйилади.

Демак, Совет иттифоқи поездларини истеъмолдан чиқаришни кейинги авлод бўйнига юклаш мумкин. Термиз ва Нукус тарафларга янги поездлар шарт эмас. Балки янги дам олиш масканлари «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамиятига жуда зарурдир.

Компаниянинг бир қатновга 600 минг сўм олиб ишлайдиган ходимлари 495 миллиард сўмлик масканда дам оладими? Шу ўйлар билан манзилга етдик.

Журналистлар яхши кузатиб қўйилди. Танқидий материалдан кейин раҳбарият аҳолининг хизматига зўрға яраётган бадбўй поездларни алмаштириш ўрнига шу ходимларни жазолаган кўринади.

Аслида мақсад ходимларни жазолатиш эмас, фойдаланишга ярамай қолган ўтган аср поездларини янгисига алмаштиришларига эришиш эди!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
38
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.01.2022 23:07
Ёз пайтида кучада 50 градус иссикда, купе вагонда кондиционер ишламагани хакида пост колдирган эдим. Вагонда чет эллик мехмонни кийимлари шилимшик сув булиб кетганини куриб ер ерилди ерга кирмадим. Самолёт Ургенч-Ташкент 500 минг сум, купе учун жой 485 минг сум эди. Жанжал кутарганимдан кейин страший проводникларни вагонидан жой бердилар. Тунда, келиб уйготиб, вагонинга бор , ойнани очиб куйсанг салкин хаво келади деб уйготишган эди. P.S. Самолётга билет булмагани учун поездда чиккан эдим.
02.01.2022 15:37
Ассалому алекум мен шу темир йулда ишлиман ойлик моашни кутарсин илтимос шуни куриб чиксин биздан эшакни от килишни талаб килишади ойлик шунга яраша эмас
01.01.2022 01:55
Biz yozda xivaga safarga chiqdik😓😓😓😓. Poezdlar xolati chindan xam achinarlik axvolda 😭😭😭. Monopoliyaga chek qoyilmas ekan bu tizimni yaxshilab bolmaydi!
04.03.2021 23:20
Xa poyizlarimiz talabga javob bermeydi tez orada turistlar yurtimizga yana tashrif buyirishdi boshlashadi festivalga bizi yuzimiz emasmi bu poyizlar xulas uzoq yulga qatnovchi poyizladi yagilash kereg jurlasilaga omad
28.02.2021 17:20
Перездларни хаддан ташқари кўп ва узоқ вақт ёпиб қўйилишини хам рахбарият кўриб чиқиб ижобий хал қилса яхши бўлар эди. Хар холда ўша йўллардан тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва шунга ўхшаш махсус транспортлар 30-40 дақиқагача перезд очилишини кутиб қолади. Гохида узун навбатнинг охирида турган машина перезд очилганидан кейин навбати билан перездга етиб келгунича яна ёпилади ва хали сояси хам кўринмаётган поезд қачон етиб келадию қачон ўтиб кетади ва қачон перезд очиларкин деб узоқ вақт кутиб қолишлар жуда кўп кузатилмоқда
27.02.2021 20:21
Вагон кузатувчиларни ишдан олишгандур камида бутун бригадани
27.02.2021 00:18
Ofarin
26.02.2021 22:57
Ҳар қандай ҳолатга чидаб, нафасини чиқармай келадиганлар учун янги вагон шарт эмас, борига шукр қилсин, дейишадида...
26.02.2021 21:56
Аслида буларнинг тагида бошқа гап борлигини ҳамма билиб турса ҳам, Раматовга ўхшаганларнинг доим ошиғи олчи. Ҳалқимизнинг бойлигини обдон ўмараверидилар. У дунёни, савол-жавобни ўйлашмайди.
26.02.2021 21:55
Аслида буларнинг тагида бошқа гап борлигини ҳамма билиб турса ҳам, Раматовга ўхшаганларнинг доим ошиғи олчи. Ҳалқимизнинг бойлигини обдон ўмараверидилар. У дунёни, спвол-жавобни ўйлашмайди.
26.02.2021 21:25
Энди мақола тўғри ёритилган. Савол жавоблар, нуқталар жойида. Поезднинг қайси йўналишдалиги кўрсатилган. Яна қўшиш керак эди поезд номери, вагонлар номери, қайси числода. Поезд бригадири фамилияси қўшиб қўйилса янада ишончли чиқар эди. Барибир журналияст савияси ўсган. Энди Ўзб Темир Йўлларидан жавобини,, Шоввозсой,, бўлишини Ўзбекистон фуқораси сифатида А.Раметов имзоси билан кутамиз ва талаб қиламиз. А. Раметов имзо қўйса бу ҳукумат жавоби бўлади. Бошқалар имзо қўйса даражаси паст бўлади. Rost24 раҳбарияти шунга эътибор беринглар ва талаб қилинглар. Мени фикримча А. Раметов катта жиноятга қўл урган Давлат мулозимига ўхшамоқда.
26.02.2021 21:11
жуда тугри
26.02.2021 21:00
Gaplarizga qo'shilaman!!! Ehh Ramatov, Ramatov... Istarangiz boshqachada sizni!!! Bu ham shaxsiy fikrimda mani!
26.02.2021 20:58
Zo'r maqola bo'pti, haqiqattan ham poyezd vagonlarini oxirgi 5 yilda yangilab borilganida mana o'zgarish bo'lyapti der edik.