Каримов Эрдоғанни ёмон кўрар эди, аммо у глобал сиёсатчига айланди

25.02.2021 09:53

Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдоған эртага 67 ёшга тўлади.

У салкам 20 йиллик бошқаруви даврида нафақат ўз давлати ва Кичик Осиёда, балки бутун Яқин Шарқ, Африка, Европа ва Осиёдаги кўзга кўринган сиёсатчи бўла олди. Унинг раҳбарлигида Туркия ҳам қудратли давлатга айланди.

У Мустафо Камол Отатуркдан (1881-1938) кейин мамлакатнинг энг таъсирли давлат ва жамоат арбобига айлангани ҳам инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Отатурк Туркияни Ғарб давлатлари билан яқинлаштиришга ва дунёвий давлат қуришга интилган бўлса, Эрдоған бутун ислом оламида етакчиликка интилмоқда.

У мамлакатда ички терроризмни кучайтириб юборган курдларга қарши қақшаткич зарба берди ва уларга куч воситасида етарлича босим ўтказа олди.

У Сурия ҳудудидаги манфаатлари тўқнашуви сабабли аввалига Россия билан жиддий зиддиятга борган бўлса, кейинчалик умумий тил топишнинг уддасидан ҳам чиқди ва бу ерда ўз манфаатини тўлиқ ҳимоя қила олмоқда.

Ироқ борасида АҚШ билан анчайин қарама-қаршиликка эга бўлса-да, охир-оқибат мустақил ҳаракат қила олди. Ироқнинг чегараларини ёриб ўтиб, бу ердаги курдларга қарши қақшатқич зарба берди. Бу икки давлат билан чегарада “ҳимоя тўсиғи”ни яратди.

Шимолий Африкадаги анчайин беқарор давлатга айланган Ливия ишларида фаол қатнашмоқда. У ердаги курашаётган томонлар Туркиянинг кучи ва қудратини ҳис қилиб турибди. 2019 йил баҳорида генерал Халифа Хафтар Ливия миллий армияси кўмагида Триполига кучли ҳужум қилиб, амалдаги ҳукуматни ағдаришига яқин қолганида Туркия расмий Триполига берган реал кўмаги ва ҳарбий мадади сабабли Хафтарнинг катта режаси амалга ошмай қолди.

Туркий Кенгаш деб аталувчи ташкилот фаолиятини Ўзбекистон каби Марказий Осиёдаги муҳим давлат билан кенгайтиришга муваффақ бўлди. Ваҳоланки, Биринчи Президент Ислом Каримов даврида сиёсий муносабатлар ниҳоятда совуқлашган, олий даражадаги ўзаро борди-келдилар тўхтаб қолган, йирик турк тадбиркорлари турли сабаблар билан бозорларимиздан ҳайдаб чиқарилган эди. Туркия деганда Каримов ҳар қандай муносабатларни мутлақо инкор этар, масофа сақлаш сиёсатини олиб борар эди.

Африка қитъаси мамлакатларига нисбатан ҳам фаол инвестиция сиёсати билан кириб бормоқда, ўзининг замонавий ҳарбий қурол-аслаҳаларини катта миқдорда сотяпти. Бу ерда таъсири ва ўз сўзига эга бўлмоқда. Эрдоған бутун жаҳонни Туркия минтақавий қудратли куч маркази эканлигига қатъий ишонтира олди.

Истанбул каби йирик шаҳарлар тимсолида Осиё, Африка, Европа ва Американи бир-бири билан боғловчи йирик хаб яратди.

Эрдоған бошқаруви йилларида Туркия жаҳоннинг энг ривожланган 20 та давлати қаторига кирди ва келгусида кучли 10 таликка кириш ниятида. Космосни тадқиқ этиш борасида ҳам етакчилар қаторига кирмоқчи.

Ялпи ички маҳсулоти 2005 йилда 501 миллиард доллар бўлган бўлса, ўтган йили 754 миллиардга етди ва Жаҳон банки рўйхатида 19-ўринда бормоқда.

Камол Отатурк давридан қолган дунёвийлик тамойилларини бугун ўзгартирмоқда. Мамлакатда ҳарбийларнинг устун мавқеини пасайтиришга ва уларнинг анъанавий равишда сиёсатчиларга босим ўтказиш, керак бўлса, тўнтариш уюштириш салоҳиятини пасайтиришга эриша олди.

Озарбайжонга турк ҳарбийлари кириб келди

Ўтган йили 9 ноябрда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Президенти Никол Пашинян ўртасида Тоғли Қорабоғда уруши якунлангани ҳақида қўшма баёнот берилди. Унинг бир қисмига Россия тинчликпарвар кучлари киритилган эди.

Лекин урушнинг кўзга кўринмаган қаҳрамони ва ғолиби, ҳеч шубҳасиз, Туркия бўлди. У ҳеч иккиланиб ўтирмай, Тоғли Қорабоғ масаласида ўзининг қардоши ва иттифоқчиси Озарбайжонни фаол қўллаб-қувватлади. Озар армиясини энг замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлади. Қолаверса, азалий рақиби Арманистондан ўч олишга муваффақ бўлди. Натижада баҳсли ҳудуд расмий Боку томонидан тортиб олинди.

Россия етакчиси Путин билан биргаликда Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар тугаши билан Бокунинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун платформа яратиш ғоясига қўшилди ва ўз ҳарбийларини Озарбайжон ҳудудига йўллади.

Азалдан Россиянинг геосиёсий таъсир доираси, деб қараб келинган Кавказ минтақасига шиддат билан суқилиб кирмоқда ва устун мавқеига эга бўлишга интилмоқда. Бу билан чекланмасдан Каспий денгизи ва Ўрта Осиё минтақаларига ҳам таъсири кучайиб бораётгани расмий Москвани ташвишга солмай қўймайди.

У Қримни ҳам Россия босиб олган деб ҳисоблайди ва Украина раҳбарияти билан уни қайтариш борасида жиддий ҳаракат қилинаётганини яширмайди.

Шу билан бирга, Туркия НАТОдаги ягона мусулмон давлат бўлиб, у билан алоқаларни бузмаган ҳолда Россия билан стратегик ҳамкорликни олиб бормоқда.

612 минг кишилик армия билан НАТОда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди. Бунга захирадагилар қўшилмаган. 2025 йилга бориб ўз қурол-яроғ экспортини 25,5 миллиард долларга етказишни режа қилгани ҳам унинг ҳарбий салоҳиятидан далолат беради. Ҳарбий мақсадлардаги учувчисиз дронлар соҳасида амалда жаҳонда етакчилардан бирига айланган.

“Икки халқ икки давлат”

Кипр масаласи Туркияни кўп йиллардан бери қийнаб келадиган жиддий муаммодир.

Ўтган йили 15 ноябрда Эрдоғаннинг Кипрнинг турк қисмига, хусусан Вароша шаҳрига ташрифи нафақат Кипр Республикаси ва Грецияда, балки Европа, БМТ ва Америка сиёсатчиларида жиддий эътироз уйғотган эди. Чунки Шимолий Кипр Турк Республикасини фақат расмий Анқара тан олган. Ташриф тан олинмаган бу мамлакат мустақиллигининг 37 йиллиги арафасига тўғри келди.

1974 йилга қадар энг машҳур курорт ҳудуди бўлган бу шаҳарга 1984 йилдаги БМТ Хавфсизлик кенгаши №550 резолюциясига кўра, унинг аҳолиси бўлмаган шахсларнинг киришига йўл қўйилмайди. Ваҳоланки, ўтган йили сентябрь ойида бу курорт шаҳар хорижий сайёҳларга яна очилган эди. Бу билан Эрдоған керак бўлса Хавфсизлик кенгаши билан ҳам ҳисоблашиб ўтирмаслигини билдириб қўйди.

Кипр инқирозини икки давлат тузиш асосида ҳал қилиш вақти келди. Кипрда икки турли халқ ва икки алоҳида давлат бор. Икки давлат ҳақидаги қарор суверен тенглик асосида муҳокама қилиниши зарур. Кипрлик турклар бу вазиятнинг асосий жабрдийдаларидир”, деди Туркия президент бу ердаги нутқида.

Кипр ташқи ишлар вазирлиги Эрдоған раҳбарлигида 2023 Туркия Республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги муносабати билан Кипрнинг шимолий қисмини ўзига қўшиб олиши мумкин, деган хавотирни билдирди.

Октябрда сайланган бу Кипрнинг турклар қисми президенти Эрсин Татар оролда икки давлат тузилиши тарафдоридир. Ваҳоланки, ундан аввалги раҳбар икки миллат бўлса-да, умумий ягона давлат остида бирлашиш ғоясини қўллаб-қувватлар эди.

Кипрнинг мақоми аниқ эмаслиги, унинг атрофидаги денгизда катта миқдордаги нефть ва газ конлари аниқлангани, расмий Анқаранинг оролда ўзининг ҳуқуқий мақомини қандай қилиб бўлса-да мустаҳкамлаб қолишга интилишига сабаб бўлмоқда.

Боз устига Греция билан уруш ҳолатидаги қарама-қаршилик сақланиб келаяпти.

Макрон керакли жавобини олган

Эрдағон Европанинг айрим давлатларида исломга қарши ҳаракатлар, баъзи номатлуб шахсларнинг пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.ни асоссиз ва иғвогарона танқид қилиши ортидан ўсиб бораётган зиддиятларни қоралади. Айниқса, Франция етакчисининг бу борадаги баҳсларга сабаб бўлган фикрларига ҳам муносиб жавоб қайтарди.

Франция Президенти Эммануэл Макроннинг “маърифий ислом” ғояси бўйича билдирган фикрига жавобан уни “ўз руҳиятини даволаш”га чақирган эди. Шу билан бирга у ўз фуқароларини француз маҳсулотларини харид қилмасликка ундади.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан маълум қилишича, “Париж ва Анқара ўртасида муҳокама қилинадиган кўплаб тушунмовчиликлар бор. Бироқ Туркия Президентининг ҳақоратли фикрлари мулоқотга имкон бермайди”.

Туркия етакчиси Европада яшовчи 6 миллион турклар ва миллионлаб мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилишини билдиради.

Мустафо Камол Отатурк 1935 йил музей мақомини берган “Аё София”ни ўтган йил ўрталарида Эрдоған қайта масжидга айлантириб ислом оламида ўзининг обрўйини энг юқори поғонага кўтариб олди.

Шу билан бирга...

Туркия икки йилдан буён чуқур иқтисодий ва молиявий инқироз ҳолатида яшамоқда. Миллий валюта курси тушиб кетмоқда, бюджет тақчиллиги кучаймоқда. Ишсизлик кўрсаткичи баланд. Пандемия оқибатида мураккаб вазият чуқурлашиб бормоқда.

Иқтисодиёт учун энг даромадли ва муҳим йўналиш бўлган сайёҳлик тармоғи ҳам ўрнатилган чекловлардан катта зарар кўрган. Охирги бир йилда 2,5 миллион киши ишсиз қолди. Ташқи қарзи 450 миллиард долларга ўсди.

Бу ҳам етмаганидай аввалги айрим хатолар сиёсатчига қимматга тушиши мумкин. 2016 йилдаги ҳарбийларнинг давлат тўнтаришидан кейин 80 минг киши ҳибсга олинди, 160 минг давлат хизматчиси ишдан ҳайдалди.

Ўзининг сиёсий маслакдоши, кейин эса ашаддий рақибига айланган Фатхулла Гюллен тарафдорларини тақиб қилиб, зуғум ўтказиш ҳолатлари ҳам кучайди. Сўнгги йилларда ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясининг рейтинги ҳам мамлакатда кескин тушиб кетган.

Чунки Эрдоған бутун ҳокимиятни ягона қўл остида бирлаштиришга интилмоқда. Шу мақсадда бир пайтлар катта ваколатга эга бўлган Бош вазир институтини тугатди, бошқарув тизимини парламентликдан президентлик тизимига муваффақиятли ўтказа олди.

Аммо, кўплаб масалалар бўйича АҚШ ва Европа давлатлари билан муносабатлари бузилди.

Кўп йиллар мамлакатга ҳар томонлама таъсир кўрсатиб келган расмий Вашингтонга ўз ўрни қаерда эканлигини кўрсатиб қўйди ва унинг ички ишларига яхшиси кўп ҳам бурун тиқмаслик кераклигини уқтирмоқда. Шу кунларда Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш орзуси деярли амалга ошмаслиги ойдинлашган. Шу сабабли бу йўналишга Эрдоған асосий эътиборни қаратаётгани йўқ.

Миср ва бошқа етакчи араб давлатлари билан муносабатлари таранглашди. Араблар кучайиб бораётган Туркия тимсолида янги Усмонийлар империяси тикланаётганини кўришмоқда. Бундан ҳадиксирашяпти ҳам. Ҳаттоки, улар жазо чораларини қўллашга доимо шайлик принципида ишлашмоқда.

Конституцияга киритилган ўзгаришларга кўра, Эрдоған 2023 йилда ҳам ўз номзодини Президентликка қўйиши мумкин ва унинг ғалаба қозонишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Аммо ичкарида мухолиф кучлар ҳам тобора кучайиб бормоқда.

Сўнгги сайловларда “Адолат ва тараққиёт партияси” сайловчиларнинг атиги 52 фоиз овозини олганини ҳисобга олсак, унинг янги сайловларда ресурслари ва имкониятлари етармикан деган савол очиқ қолмоқда. Қолаверса, бу ойдан бошлаб норози ёшлар университетларда ўз сиёсий эътирозларини ҳам билдира бошлади.

Туркияда жорий йилда «Иқтисодий ва демократик ислоҳотлар йили” деб эълон қилинган ва бу бўйича асосий устувор йўналишлар Эрдоған томонидан кейинги ойда эълон қилиниши билдирилган.

Р.S. “Rost24” жамоаси қардош турк халқи етакчисини эртанги – 26 февраль таваллуд айёми билан самимий қутлайди, узоқ умр ва сиҳат-саломатлик, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшаётган ишлари бардавом бўлишини тилайди.

Шерали ОТАБОЕВ, журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.02.2021 12:12
ИАКни Эрдўғонни ёқтирмамлик сабаби аниқ у ( ИАК) исломофоб раҳбар эди. Шунинг учун Ўзбеклар шу аҳволда.
27.02.2021 12:06
Мақолада "курдларга қарши" дейилиши нотўғри. Террорчи "Курд ишчи партияси" (PKK) ва у билан боғлиқ Суриядаги ва Ироқдаги ҳарбий сиёсий гуруҳлар (YPG ва PYD) дейилиши кк. Курдларнинг аксарияти эса террорчи эмас ва Туркиянинг тенг ҳуқуқли ватандошларидирлар. Улар орасида Эрдўғанни қўллаб қувватловчилар кам эмас.
26.02.2021 21:41
Ассалому алайкум ! Каримов номини қўшишдан муддаони тушунмадим. 🤷‍♀️
26.02.2021 01:40
Жуда тугри ва холисона тахлил.Келажакда узбекистон хам туркия Билан муносабатларни юкори боскичга чикариб Кардошларга суяниб рувожланиш ва Рассия ва хитой босимларидан кутилиши тарафдориман. Олга бос кардошлар.
25.02.2021 17:02
Жуда яхши ўта хақоний, чуқур мазмунли мақола тайёрланибди. Rost24, жамоасини табриклайман. Шерали Отабаев ўзини билимли журналист, сиёсатчи сифатида кўрсата олибди. Ташакурлар муалифга. Шу журналист укамизни бир рағбатлантириб қўйишини раҳбариятдан сўраб қоламан. P. S. Эрдўғонни Хитойдаги Уйғирлар масаласидаги қатъий талаби қўшиб ёзилса, мақола янада Супер бўлар эди.