Давлат олийгоҳлари ҳудудида боғча ташкил этишга рухсат берилди

09.10.2024 12:41



30 сентябрь куни президентнинг «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПФ-152-сонли] фармони қабул қилинди. 

Фармон билан давлат олий таълим муассасаларига ўзларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бўш ер участкаларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга рухсат берилди.

Мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш мақсадида:

2018−2022 йилларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш учун Давлат бюджети ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддати 5 йилга узайтирилади;


2024 йил 1 октябрдан бошлаб бир вақтнинг ўзида бир нечта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсдан ижтимоий солиқ суммаси унинг битта (асосий) иш жойи бўйича тўланади.

Эслатиб ўтамиз, фармонга кўра, боғчаларда директор ўринбосари лавозими жорий этилади. Муассасаларда кичик ва ўрта гуруҳлардаги болаларда когнитив, психомотор ва ижтимоий кўникмалар ривожлантирилади. Боғча раҳбари ва педагог кадрларини вазир жамғармаси ҳисобидан рағбатлантиришга рухсат этилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар