Rost24.uz ахборот таҳлилий порталига кутубхоналардаги иш ўрни қисқаришига оид мурожаат келди. Жиззах вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи номига ёзилган мурожаатга илова қилинган хатда шундай дейилади:
"Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2024 йил учун тасдиқланган "Иш режаси"га асосан, жорий йилнинг 13-27 май кунлари Жиззах вилоятининг Бахмал, Зарбдор, Зомин ва Пахтакор туман ахборот-кутубхона марказларида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан "Ички аудит тадбири" ўтказилди. Ўрганиш жараёнларида Зомин туман ахборот-кутубхона маркази бўйича умумий кутубхоналар сони ва китоб ресурсларининг берилиши штат меъёрларига нисбатан 3 штат бирлиги, Зарбдор туман ахборот-кутубхона маркази бўйича 2.5 штат бирлиги кўп режалаштирилганлиги аниқланди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, сиздан Зомин туман ахборот-кутубхона маркази бўйича 3 штат бирлиги, Зарбдор туман ахборот-кутубхона маркази бўйича 2.5 штат бирлиги ҳамда Пахтакор туман ахборот-кутубхона маркази бўйича 2 штат бирликларини қисқартириб беришингизни сўрайман".
Юқорида келтирилган хат ахборот-кутубхона маркази директори томонидан ёзилган.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, статистика агентлиги очиқ маълумотлар базасида келтирилган маълумотларга қараганда, 2000 йилда Ўзбекистонда 6027 та кутубхона бўлган, 2021 йилга келиб, бу кўрсаткич сезиларли ва ачинарли даражада 402 тагача қисқариб кетган.
Кутубхоналар сони қисқариши ва бунинг оқибатида иш ўрни йўқолиши, баъзи ходимлар ишсиз қолиши - бу каби ҳолатлар ижодкор сифатида мени ҳам хавотирга солди. Мамлакатимизда кутубхоналарнинг ёпилиши, туман ва шаҳар марказларида биттагина кутубхона қолиши нечоғлик ҳақиқатга яқин. Маданият вазирлиги ўз соҳасидаги кутубхоналардан воз кечаётган бир замонда, кунимиз кимларга қолди ? Биз қўлда китоб кўтариб улғайган авлодларнинг фарзандимиз. Қани шу авлодларга муносиблик?
Бугун дунёда турли шаклдаги 2,7 миллиондан ортиқ кутубхона мавжуд. Уларда рўйхатдан ўтган муштарийлар сони эса 1 миллиард 40,2 миллион нафар атрофида. Энг тез ривожланаётган давлатларда китоб ўқиш ва кутубхоналарга ташриф буюрувчилар сони кутилганидан кўп. Демак, ривожланиш шартларидан бири мутолаа эканлиги маълум.
2021 йил маълумотларига кўра, бугун энг кўп китоб ўқувчилар Ҳиндистон, Таиланд ва Хитойда яшайди. АҚШда аҳолининг 55 фоизи кутубхонага аъзо ёки доимий фойдаланувчи. 2017 йилда дунёда кутубхоналарга ташриф йилига 1 млрдлик кўрсаткичдан ўтди.
Ажабланарли жиҳатига эътибор қаратинг, Ўзбекистонда бугун ҳар 100 минг нафар фуқарога 1 та кутубхона тўғри келар экан. Президентимиз китобга меҳр қўйиш ва кутубхоналарни кўпайтириш ҳақида бот-бот такрорлайди. Биргина "Китобхонлик тарғиботи" тадбирлари ҳар ҳафтада ўтказилаётганини расмлар сўзлайди. Бу тадбирлар расмлар ва ҳисоботлар учун ўтказилаётгани сир эмас.
Китоб расталарида энг яхши сотиладиган асарлар, ёлғон-яшиқ пул топишни "ўргатувчи" мотиватор китоблар, абитуриентга ахборотномалардан иборат. Бир мактаб кутубхоначисининг “Кутубхоналар сони қисқариши ва унинг оқибатида, бизга ўхшаган ходимлар ишсиз қолиши яхши эмас, аксинча, кутубхоначиларни қўллаб-қувватлаш, ойликларини ошириш ва чекка ҳудудларда кутубхоналар сонини ошириш керак.
Арзимаган 1 млн 360 минг сўм ойликка ишлайман, билмадим, уни ойлик деб айтсам тўғри бўлармикан?” деган фикрлари сўзимизнинг яққол исботидир. Яна бир жиҳат эътиборимизни тортди, кутубхоначиларимиз ўзларини қисқартиришни талаб қилишмоқдами? Ёки аксинча, юқоридан шундай буйруқ бўлганми?
Минглаб кутубхоналар фаолияти тўхтатилаётган бир замонда сиз билан биз жим томошабин бўлиб турмоқдамиз. У ерда ишлаётган қанчадан-қанча кутубхона ходимлари ишсиз қолишаётганини кимдир ўйлаяптими? Бугун китобхонлик тарғиботи деган тадбирларда баралла сўзлаётган сўзловчилар хабардор эканми кутубхоналар сонининг қисқариб кетаётганидан? Унда китобхонлик тарғиботи тадбирлари нега керак ? Умуман кутубхона ўзи нимага керак!?