Мулоҳаза
- Ойи, ойи телефонингизни бериб туринг.
- Нима қиласан телефонни? Ўзим ишлатяпман, дарсингни қил.
- Дарс жадвалига қараб уйга вазифани кўриб олай.
- Қани кундалигингни олиб кел, баҳоларингни кўраман.
- Эээ, ойиииии, кундалик йўқ-ку бизда, шу мактабга сумкасиз борсак яхши бўлар эди, устозларимизга ўхшаб!
Бу суҳбатни эшитиб таажжубландим. Касбим тақозоси сабаб мактабга кўп бориб тураман... У ердаги тизим, билим хуллас ҳаммасидан хабарим бор. Ўзига тўқрок оиланинг фарзанди репетиторга боради. Юпунроқ, ўртаҳолроқ оиланинг фарзанди репетиторга бормайди.
Мактабда билим қай тарзда олиняпти? Ўзи умуман билим олиняптими? Хўп, агар билим яхши берилаётган бўлса, нимага керак яна қанчадир пул сарфлаб репетиторларга бориш?
Хўжакўрсинга дарс ўтиш ҳолатлари авжига чиққан. Ўқитувчилар билан суҳбатлашиб қолсангиз ўқувчиларнинг мактабга келмаслиги, дарсдан қочишини ва давомат масаласидан “дод”дейишади. Танганинг икки тарафига қаралса, бунга фақат ўқувчи айбдор эмас. Қайсидир маънода ўқитувчи ҳам айбдор бўлмас. Жумбоқ тайёр, ким айбдор унда? Таълим тизимдами ҳамма гап?
Турли давлатларнинг таълим тизимини ўрганяпмиз, амалда қўллаб кўряпмиз. Аммо охирига етиб бормай, иккинчи давлатнинг таълим тизимини ўртага қўямиз. Ўрган, ўргат, амалда қўлла қабилида. Финляндия таълим тизими деб кўп бора тўхталдик. Ушбу таълим тизимида ўқитувчи ўқувчининг ота-онаси қаерда ишлашини сўрамас экан. У ерда болалар орасида тенглик тамойили ҳукмрон! Бизда эса боғча ёшидаги болалардан ҳам ота-онаси нима иш қилиши ҳақида сўрашади. Шундай бир танг ҳолатда эканмиз репетиторларга талаб ошса ошадики, асло камаймайди...
Ҳайратга солган жиҳати шунда-ки, ижтимоий фанлар бўйича тайёрлов курслари шу мактаб дарсликларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Айнан ўша хизмат учун биргина тарих фанига битта бола учун қишлоқ шароитида 250 минг сўм тўлов қилинади. Яна иккинчи қайсидир фан учун шунча тўлов. Бу дегани ҳамма оиланинг ҳам фарзанди бора олади дегани эмас. Агарда шу таълим мактабда қойилмақом қилиб ўтилса, бундай тоифаланиш, табақаланишнинг олди олинармиди?
Узоққа бормаймиз илгари бундай репетитор деган хизмат бўлмаган, мактабда олинган билими билан олий таълимга ўқишга кирган. Репетиторга эҳтиёж сезилмаган, ўқувчи ўз интилиши ва ўқитувчининг берган билимларининг самарасини талабалик кўрсатиб берган.
Бугун ҳам маблағини, ҳам вақтини сарфлаб ўқув марказларига бораётган ёшларга борманг деган чақириқни онгларига сингдирмоқчи эмасман. Мактабдаги таълим тизими бу қадар репетиторларга суяниб қолганидан ҳавотирдаман. Исталган инсонингиздан сўраб кўринг репетирор ҳақида фикрини. “Репетиторга бормаса ўқишга киролмайди”,- деган жавобни оласиз. Албатта аввал пулини тўлайсиз, кейин тайёрлов курслари ўтилади. Бу дегани пулингиз бўлмаса ўқув марказларида ўқий олмайсиз. Балким, ўқув марказлари пул берилгани учун мактаб дарсликларини сифатли таълим орқали мустаҳкамлаб бераяптими?
Ўз ўрнида таълим тизими ҳақида гап кетар экан, яна бир масалага тўхталмоқчиман! Тошкентда кундузги таълим йўналишида хусусий университет, институтларда таҳсил олаётган ўқувчилар билан бир хонада ижарада туриб қолдим. Бир хусусий университетининг тиббиёт факултетида ўқийдиган қизларнинг кун тартибини кўриб ҳайратдан ёқа тишладим. Нега дейсизми? Бирор марта ўтириб дарс қилганини кўрмадим, қўлидан телефони тушмайди ва ҳакозолар... Бу ерда гап кўп, қоғозга ўралган ҳолатда қолдирдим, ёзишни афзал кўрмадим! Яқин келажакда қайсидир шифохонага ишга жойлашади!
Илм олиб ўрганадиган вақтини бўлмағур нарсаларга сарфлаётган бундай ёшларга нима дейиш мумкин.? Яна тағин тиббиёт йўналишидаги талабалар.! Хулоса шу-ки, университетда ҳам таълим тизими мақтанарли ҳолатда эмас! Ўша талабалар учун ота-онаси томонидан сарфланаётган маблағлар, ўзлари шунчаки йўқотаётган вақтлари учун ачинаман! Тиббиёт соҳасини ўйлашга қўрқиб қолдим қайсидир маънода...
Мактаб иректорлари билан ўзаро келишув “битимини имзолаб” фарзандларини репетиторга бериш кундан-кунга ортиб бормоқда. Боз устига олий таълим тизими бир аҳвол! Нима бўлган тақдирда ҳам ҳамма ўз ишини ўз вақтида қилиш тарафдориман!
Ўқувчими, демак мактаб дарсларини қойилмақом қилиб бажарсин, кейин бўш вақтида қизиққан соҳасига тайёрлансин, ўқитувчими, у ҳам дарсини масъулият билан ўқувчини қизиқтириб ўтиб қўйсин! “Ўқишга кирсанг бўлди” қабилида иш тутиш бу яхшилик аломати эмас!
Муқаддас Саддинова