Мулоҳаза
"Хотинчалиш қайниука", "Кундош"," Хотининг зўр нарса эди", "Азарт", "Душман", "Хотинбоз", "Аёлим фохишами?", "Бева аёлнинг кирдикорлари", "Синглисининг эрини севган опа", "Хиёнаткор", "Кундошлик азоби", "Зўрланган қиз", "Хиёнатда қўлга тушган келин", "Бир уйда икки хотин билан яшаган одам", "Ахлатга айланган қисмат", "Дугонамнинг эри", "Эримдан шубҳаланяпман", "18 ёшли жазман", "Эрини заҳарлаган аёл"...
Бу ҳали шунчаки "миллий" сериалларга берилган номлар!
Воқеалар ривожини эса баён этишга на қалам ва на тил ожиз...
Гапнинг индаллоси шуки, "миллий сериал" деб эфирга узатилаётган ушбуларни сериал дейишга ҳам тилим бормаяпти, ўшалар фақат ўзликни, миллийликни йўқотиш учун дастак бўлиб қолмаяптимикан? Оила даврасида ўтириб кўришга ярамайди, уялиб кетасан сарлавҳасидан...
Шу "миллий сериаллар"га талаб борлигидан уларнинг сони урчиб боряптими?
Мисол учун, “Номус”да заррача ҳам номусни топиб бўлмайди, “Журналист” сериалида эса журналистнинг ўзи йўқ. Номи жарангдор, ўзи эса…
Бир расмий йиғилишда шу сериаллар бўйича савол бергандим.
Каттаконроқ амалдор хусусий телеканалларни бошқара олмаймиз, чунки улар хусусий-да, майли, мен бир бу муаммони тегишли ташкилотларга етказаман, ечим топамиз, деган эди!
Ишонмайсиз айтсам, ечимни ҳали-ҳамон кутаман, кўўўўп кутсам керагооов...
Телеканал хусусий экан, кечирасизлар-у халқ хусусий эмаску! Қўлида ҳунари бор, ўқиган аёллар сериал кўришга вақт топмас, аммо ишламайдиган, овунчоғи телевизор бўлган уй бекалари кўр-кўрона сериалдаги воқеаларга эргашмоқда.
Бундай савияси паст сериалларнинг олдини олиш учун ечимни ўзимиз топишимиз керак. Танлов ўз қўлимизда, сериал ўрнига бирор-бир бадиий китоб ўқиш 100 марта манфаатли. Сериаллар ҳаётдан олиняпти, деган қарашлар бор, хўш, шундай енгилтакликдан иборатмикан ҳаёт? "Кўрпага қараб оёқ узатиш" деб жим юриш керак эмас. Сериални ҳаётдан олмоқчи бўлсангиз хақиқий халқнинг ичига киринг, улар билан суҳбатлашинг, уларнинг дардини тингланг, улар иштирокида сериал олинг! Тошкентнинг қайсидир кафесида, бой хонадонда сериал олишдан, бир хилликдан зерикмадингизми? Биз кимнинг авлодимиз, ўзингизга савол беринг, жаноб сериал оладиганлар!? Сиз ҳам "ўзбек миллий сериал"ларини кўрасизми? Нима беради сизга? Халққа нима бераяпти деб ўйлайсизми? Ҳаётда ўрнак олишга арзийдиган зиёли инсонлар кўп. Марҳамат олинг шулар иштирокида сериал, ким тўсқинлик қилади?
Немис ёзувчиси Георг Лихтенберг айтади: "Қаердаки лоқайдлик – у ерда хато, қаердаки совуққонлик – у ерда жиноят".
Кўпчилик ўзбек миллий сериалларини кўрмайман деб инкор этишади, ана шу лоқайдлик ҳисобига ўзбек миллий сериаллари қўштирноқ ичига тушиб, булғанди...
Хўш, буни ким назоратга олади?
Болалигимни яхши хотирлайман. "Суюнчи", "Осмондаги болалар", "Кичкина табиб", "Тангалик болалар", "Чинор остидаги дуэл", "Меҳробдан чаён", "Кеча ва Кундуз", "Майсаранинг иши", "Келинлар қўзғолони", "Маҳаллада дув-дув гап", "Мафтунингман"ларни қайта-қайта кўрсам ҳам тўймайман, ҳар кўрганимда илгари пайқамаган сирларни кашф этаман. Бу кинолар асрлар ўтса-да, ўз қийматини йўқотмаслигига ишонаман!
Маълумот ўрнида бир сўз айтсам ишонасизми? Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратилар экан. Шунча маблағ ажратилса-да, нега сериаллар ўзини, кетган харажатини оқламаяпти? Бу каби катта маблағларга шу маиший мавзудаги сериаллар ишланиши қанчалик адолатли?
Қаҳрамонларнинг сохталиги, шевадаги сўзлардан фойдаланиш, тирноқлар олинмаслиги, юз, лаблар шишган сунъий қиёфалар, кийиниш маданияти, буларнинг барчаси ҳиссиётга хизмат қилаяпти.
Бу каби майда муаммоларга тўхталсак, сериалнинг маъноси, халққа нима бериши ҳақида, умуман олганда, асрлар ўтса-да, ўлмайдиган сериаллар олишга сира кўзим етмайди...
Шу қадар маиший мавзуда ўралашиб қолганмиз. "Калаванинг учини йўқотганимиз"га анча бўлди, айнан сериаллар борасида.
Бу кетишда ўзлигимизни ҳам йўқотишдек бир жар ёқасидамиз, деган хавотир қийнайди мени...
Муқаддас САДДИНОВА,
журналист