"Samaradorlik.uz" да амалдорлар фаолияти онлайн баҳолаб борилади. Фаолияти "қониқарсиз" деб баҳоланган амалдорлар ишдан бўшатилиши ҳам мумкин.
"Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Унга кўра, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРИ), уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Ҳукумат томонидан тасдиқланади.
"Samaradorlik.uz" платформасида ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”, 70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”, 85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.
Баҳолаш натижасига кўра, фаолияти "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси 3 ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи, йил якунида эса фаолиятида ўзгариш бўлмаган амалдорларнинг ўз мансабига лойиқ ёки лойиқ эмаслиги кўриб чиқилади.