Ўзбекистонда ортопедик касалланиш кўрсаткичлари йил сайин камаймоқда

21.02.2024 14:33

 Бунга қандай эришилди?

Маълумотларга кўра, ортопедик касалланиш кўрсаткичлари 2016 йилда ҳар 100 минг аҳолига 1020,7 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 724,4 тани ташкил қилди.

Бунга сабаб, сўнги 5 йил ичида травматология ва ортопедия соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берди. Соҳа бўйича вертикал тизимнинг жорий этилиши, барча вилоят марказларида филиалларнинг ташкил қилиниши, ҳудудларда фаолият олиб бораётган мутахассислар малакасининг оширилиши, ҳудудлар тиббиёт муассасаларининг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиши ортопедик касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имкониятини бермоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, соҳа бўйича охирги йилларда ҳудудларда эрта диагностика ва консерватив даволаш йўлга қўйилгани сабабли операциялар сони 75 фоизга камайди. Бу кўрсаткични янада камайтириш учун 2023 йилдан бошлаб янги туғилган барча чақалоқларда ультратовуш текшируви орқали дисплазияни эрта аниқлаш тизими жорий этила бошланди. Шу вақтгача Сурхондарё, Андижон, Наманган, Хоразм ва Жиззах вилоятларида сайёр цикллар ташкил этилди. Мазкур сайёр циклларда жами 36 нафар вилоят УТТ шифокорларга дисплазияни ультратовуш ёрдамида ташхислаш ўргатилди.

Бундан ташқари Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида 2023 йилга мўлжалланган узлуксиз касбий таълим тизимида тиббиёт кадрларининг мавсумий малакасини ошириш курслари календарь режасига асосан узун найсимон суяклар синишларини замонавий оператив усулларда даволаш, болаларда маймоқликни Понсети усулида даволаш, травматологик ва ортопедик операцияларда ультратовуш навигацияси ёрдамида периферик нервларнинг блокадаси (регионар анестезия), йирик бўғимларни эндопротезлаш ва артроскопияси каби долзарб йўналишлар бўйича 36 ва 72 кредитли циклларда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Республикасидан жами 100 нафар маҳаллий ва хорижий мутахассислар малакасини оширди.

Натижада, 2016 йилда эндопротезлаш фақат 5 та, артроскопия эса 2 та вилоятда бажарилган бўлса, ҳозирги кунда травматология ва ортопедия соҳасида қўлланиладиган юқори технологияли эндопротезлаш ва артроскопия барча вилоят марказларида татбиқ этилган, БИОС туманларда ҳам кенг қўлланилади.

Вилоятларда 2019 йилда 692 та эндопротезлаш, 970 та артроскопик операциялар ўтказилган бўлса, 2023 йилда 3486 та эндопротезлаш, 3500 дан ортиқ артроскопик операциялар бажарилди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида 2019 йилда 1089 та эндопротезлаш, 1438 та артроскопик операциялар ўтказилган. 2023 йилга келиб бу кўрсаткичлар 3026 ва 3265 тани ташкил этди. 2023 йил давомида тизза ва елка бўғимида бажариладиган янги замонавий артроскопик усуллар, чаноқ-сон бўғимини калта оёқчали эндопротез ёрдамида тотал эндопротезлаш усули, тизза бўғимини уникондуляр эндопротезлаш усули, умуртқа поғонаси касалликларида эндоскопик дискектомия ва орқа мия декомпрессияси каби янги юқори технологияли операциялар татбиқ этилди.

Ўзбекистонда биринчи марта бир ярим яшар болада умуртқа поғонаси билан боғлиқ жуда ҳам мураккаб операция бажарилди. Охирги йилда яна бир юқори технологияли операция – умуртқа патологиясида эндоскопик усулларни қўллаш кенг йўлга қўйилиб, 2023 йил давомида умуртқа поғонасида 400 та эндоскопик операциялар бажарилди.

Ҳозирги пайтда Марказ филиаллари ва туманлар билан телемедицина алоқаси ўрнатилган. 2023 йил давомида телемедицина орқали ҳудудлар билан 105 маротаба боғланишда 439 та тиббий маслаҳат, 297 та консилиум ўтказилди. Натижада беморларга яшаш жойида даволаниш имконияти яратилди.

Етакчи хорижий клиникалар билан ҳамкорлик ўрнатиш, марказлар ўртасида келишув меморандумларини имзолаш чораларини кўриш, тажриба алмашиш, травматология ва ортопедия марказида йўлга қўйилган қулайликларни хорижий мутахассисларга намойиш этиш мақсадида марказнинг жами 81 нафар мутахассиси 2023 йил давомида Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Озарбайжон давлатларининг етакчи клиникаларида малака ошириб келишга ва конференцияларда иштирок этишга муваффақ бўлди.

Марказ 2023 йил давомида АҚШ, Германия, Италия, Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Ҳиндистон ва Россия давлатлари тиббиёт муассасалари билан жами 14 та меморандумлар тузди.

Марказда Россия, Ҳиндистон, Туркия, Италия, Германия, АҚШ давлатларининг етакчи хорижий клиникалардан ташриф буюрган 100 га яқин мутахассис томонидан мастер-класслар ва семинарлар ташкил қилинди.

Жорий йил давомида ҳам ҳудудларда марказнинг 70 нафар етук мутахассиси мунтазам кўриклар учун сафарбар қилинади. 6500 нафар бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади ва 575 нафарида юқори технологик амалиётлар бажарилади. Туманларда бирламчи бўғин даражасида туғма ортопедик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш тизими жорий этилади. Ҳудудларда чақалоқларда чаноқ-сон дисплазиясини УТТ ёрдамида эрта ташхислаш бўйича 35 нафар мутахассиснинг малакаси оширилади. 75 нафар мутахассис хорижий етакчи клиникаларда малака оширади. Ҳудудларда чаноқ-сон бўғими дисплазиясини УТТ ёрдамида диагностика қилиш усули татбиқ қилинади. Шунингдек, Бухоро, Наманган, Андижон вилоятининг 8 та туманида тизза бўғими артроскопияси бўйича даволаш усули татбиқ қилиниши режалаштирилган.

Жанубий Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Туркия, Ҳиндистон, Беларусь Республикаси етакчи клиника ва марказлари билан 6 та ҳамкорлик меморандумлари имзолаш кўзда тутилган.

Муроджон Ирисметов,

Республика ихтисослаштирилган травматология ва 

ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар