Олий Мажлис Сенатининг 2023 йил 20 декабрь кунги мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева Тошкент шаҳрининг кўчаларида қурилган кўприкларда лифт ва эскалаторлар ишламаётгани, бу эса пиёдалар ҳаётини хавф остига қўяётганини таъкидлаган эди.
“Кўприклар ўзи аҳолига қулайлик яратиш учун қурилган. Шундай экан, улардаги лифт бўладими, эскалатор бўладими, ёки бошқа бирор қурилма бўладими, барчаси рисоладагидек ишлаши зарур. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, идоралар, вазирликлар бу масалани ўрганиши керак. 10 кун муддатда бизга ечим кўрсатилган таклифларни берасизлар”, — деган эди Сенат раиси.
Аммо ҳамон кўп ҳолларда уларнинг ишламаётганига гувоҳ бўламиз. Аслида аҳолининг оғирини енгил қилиш учун яратилган ушбу лифт ва эскалаторлар доим ҳам ишлайдими? Бунга аниқлик киритиш мақсадида ушбу савол билан биз жамоатчиликка юзландик.
Шу ердан доимий иш ва ўқишга қатнайдиган аҳоли вакиллари саволимизга қуйидагича жавоб берди:
- Лифтлар ҳар доим ишлайдими?
- Бу томондагиси деярли умуман ишламайди, нариги томондагиси ишлайди. Мен ўзи лифтдан фойдаланмайман, зинадан чиқаман. Ёши катталар, қариялар кўпинча шикоят қилишади. Ичида одами қолиб кетган пайтлари ҳам бўлган.
- Ҳар доим эмас. Кўп ҳолда ишламайди, чунки болам билан “коляска”да қийналган пайтларим кўп бўлган.
- Аниғини билмайман, чунки кўп чиқмаганман. Баъзида ишламайди лекин.
- Ишласа керак, бир-бир чиқиб турамиз.
- Лифт йўқку. Ишламайди кўрмаганман.
- Лифт олдинлари ишлаб турарди, лекин чиқмайман. Чунки эрталаб келганимда ишламайди.
- Бирор марта чиқмаганман. Лифтга эҳтиёжим бўлмаган, чунки кўп ҳолда ишламайди.
- Йўқ, мен лифт ишлаганини кўрмаганман
- Йўқ мен ҳали кўрмаганман ишлаганини, фақат зинадан тушиб чиқаман.
- Баъзида ишлаб туради, лекин кўпинча ишламайди.
2023 йил 20 декабрда ўтказилган мажлисга эса, деярли икки ой бўлмоқда. Бироқ ҳали ҳеч қандай ечим берилгани йўқ. Маъсуллардан ушбу ҳолатга чора кўришларини сўраб қоламиз.