“Олий таълимимизга тутилган кўзгу” сарлавҳаси остида олий таълимдаги жараёнларни акс эттирган танқидий мақола эълон қилган эдик. Унда талаба қизнинг бир семестр мобайнида кўрган-билганлари бўйича хулосаси баён этилган.
Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалининг 3-босқич талабаси мазкур мақолага жавоб сифатида муносабат билдирибди.
Rost24.uz жамоаси муносабатда келтирилган сўзларга қўшилмасада, талабанинг фикрларини иккинчи тараф сифатида тўлиғича эълон қилишга қарор қилди. (Эслатма, муносабатни талаба ёзганми ёки олийгоҳ маъмурияти ёзганми, буниси бизга қоронғу.)
Талаба муносабати:
Иллат излаганга иллатдир, ҳикмат излаганга ҳикматдир бу дунё. Энг аввало, ниятни тўғри қилиш керак, деб ҳисоблайман.
Олийгоҳларда формани муаммо қилиб кўтаришга кетказилган вақтни илм олишга, изланишга сарфлашни маъқул кўраман. Тартиб ва интизом ҳам керак қайсидир маънода.
Давомат масаласига келадиган бўлсак, бу борада ҳам фикрим аниқ. Давомат қилиниши шарт, яни талабалар доимий тарзда илм олиш учун келишлари лозим. Давомат муҳим эмас, билим ўзлаштирилса бўлди, десангиз қаттиқ адашасиз. Оддийгина шўрва тайёрлаётганда маза берса бўлгани, деб гўштни қозонга бир солиб, сўнгра қайтариб олмайсиз-ку. Унинг мазаси яхши чиқиши учун, бир маромда қайнатасиз. Ана шундагина асл маззали шўрва тайёр бўлади. Бошқа олийгоҳларда билмадиму, мен таҳсил олаётган ТДТУ ОФда талабалар ҳеч қандай мажбурий тўгараклар, тадбирлар ва ҳоказоларга жалб этилмайди. Истасанг, дарс машғулотларидан сўнг уй (ётоқхона, ижара хонадони)га кет, истасанг, қолиб кутубхонадан фойдалан, спорт тўгаракларида қатнаш, театр ва юмористик саҳна асарларига тайёрлан ва ўз имкониятларингни синаб кўр!
3-босқич талабаси бўлсам, бирон марта стипендияни кечикиб тушганини эслай олмайман. Иқтидорли талабалар стипендияга қўшимча рағбат олишганига гувоҳ бўлдим, аммо стипендия тушмаябди деган гап ҳатто қулоғимга чалинмади. Конспект борасида бир гап айтмоқчиман: кези келганда бозордан олинадиган маҳсулотлар рўйхатини ёзиб оламиз, келажакда бизни нонимиз бўладиган касб-ҳунаримизга оид маълумотларни ёзишимиз қанақасига керак бўлмаслиги мумкин, очиғи ҳайронман. Якуний имтиҳонлар ҳам жуда содда: саволларга жавоб бер ва тамом. Албаттаб саволларга жавоб бериш учун семестр мобайнида ўқиш лозим. Қайд этилганидек, атиги бир семестр ўқиб хулоса қилиш бу мантиқсизлик. Ҳеч бўлмаса, бир ўқув йилини тугатмаган бир семестрлик талабадан Ўзбекистондаги олийгоҳлар борасида хулоса олиш, фикримча, тўғри эмас. Вазиятга бошқа ракурсдан қарашни бошлашимиз керак. Қачонгача фақат муаммо деймиз? Қачон таклиф беришни ўрганамиз? Қачон ечим топамиз? Дейлик, бизда ўша муаммолар бор экан, хўп, унга сизда ечим борми?
Сиз кўтараётган муаммоларни ҳал қилиш учун, ўзбекистонлик сифатида, шу халқ, миллат фарзанди сифатида, жиллақурса, таклиф борми?
Асадбек Абдазим,
ТДТУ ОФ талабаси, Ёшлар етакчиси