Сенат аъзолари 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилмоқда

19.01.2024 12:40

Сенатнинг 49-ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди. 

Конституцияга муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталари томонидан ўз фаолиятларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.
Парламент палаталарининг фаолиятидаги параллеллик ва бир-бирини такрорловчи ваколатлар аниқлаштирилмоқда, Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилди. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланди.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилди. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланди.  Бундан ташқари Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилди. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилиши назарда тутилди.

Қонуннинг сенат аъзолари сони ва қўмиталар номлари, Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи қоидалари 2024 йилнинг навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилиши белгиланди. 

Муҳокама якунида ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар