Давлат солиқ қўмитасининг хабар беришича, 1 январдан бошлаб қуйидаги соҳалар бўйича солиқ тўловчиларга имтиёзлар берилган:
– 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури”да иштирок этадиган тижорат банкларининг лойиҳалар учун ажратилган банк кредитлари бўйича олинган фоизлар тарзидаги даромадлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида чегириладиган харажатлар сифатида эътироф этилади.
– 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар “Изланиш ва ривожланиш” марказларининг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари учун юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида, шунингдек ижтимоий солиқнинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
– 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар Қимматбаҳо, рангли ва (ёки) радиоактив металларни, нодир элементларни ҳамда нодир ер элементларини қазиб олувчи ва (ёки) уларни техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олувчи, шунингдек углеводород хомашёсини қазиб олувчи юридик шахсларга нисбатан махсус рента солиғи солинмайди. Мазкур қоида 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда қазиб олиш бошланган ер қаъри участкасига нисбатан қўлланилади ва металларни ёки углеводород хомашёсини қазиб олиш (ажратиб олиш) бўйича фаолиятни амалга оширишнинг бутун даври учун татбиқ этилади.
Ушбу қонун бозор қоидалари ва соғлом рақобат тамойилларига зид эканига, бу орқали давлат миллионлаб солиқ тушумини йўқотишига қарамай, депутатларимиз бу қонунни ёқлаб овоз берди. Мазкур ҳолат қонун ишлаб чиқилишида коррупция аломатлари борлиги ёки буюртма асосида тайёрланган ҳужжат деган тахминларни юзага келтирди.
Шунингдек, 2028 йил 1 январга қадар халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ва жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товар (хизмат)ларни реализация қилишга доир айланма ҚҚСдан озод қилинади (Солиқ кодекси 483-моддаси).
2023 йил якунига кўра, давлат бюджети профицитга эришиши прогноз қилинганига қарамай, дефицит кутилганидан ошиб кетди. 2023 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги 39 трлн сўмга етди. Бу ўтган 2022 йилдаги умумий консолидациялашган бюджет дефицитидан (35,2 трлн сўм) ҳам кўп. Бундан ташқари, давлат қарзи рекорд даражада ошиб, 31,5 млрд АҚШ долларга етди.
Бундай шароитда давлатга солиқ тушумини камайтирадиган қонун ишлаб чиқиш қанчалик тўғри? Аслида, тадбиркорларга "ўйин қоидаларини" тез-тез ўзгартириб турадиган бошқарув тизими эмас, соф рақобатни таъминлайдиган, мустаҳкам қонун ҳужжатлари ва эркин бозор муҳити керак эмасми?