Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликлар қайд қилинган базаси ўчиб кетганлиги рад этилган хабарнинг ўзи ростмикан?
Кеча Ўзбекистон бўйлаб, фото-видео камералар орқали қайд қилинган ҳуқуқбузарликлар базаси ўчиб кетганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотга аниқлик киритиш учун Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига боғланишнинг имкони бўлмади, навбатчи телефон рақамлари берган телефонларни ҳам ҳеч ким кўтармади.
Оммага изоҳ берилиши ҳар томондан “блокировка” қилинганига қараганда, Ўзбекистон бўйлаб, фото-видео камералар орқали қайд қилинган ҳуқуқбузарликлар базаси ўчиб кетганлиги ростга ўхшайди, деган тахмин ўзини оқламоқда.
Айни шу мавзу ижтимоий тармоқларда тарқалган вақтда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов эса ўзининг телеграм саҳифасида фақатгина “Фейк” деган сўзни қолдирди холос. Аммо бу биргина мавҳум сўз қайси маълумотга тааллуқли эканлигига изоҳ берилмаган.
Шу кунларда ички ишлар вазири алмашиши ҳақидаги хабарлар ҳам ижтимоий тармоқларни қамраб олган эди. Шоҳрух Ғиёсовнинг изоҳсиз “Фейк” сўзи балки шу хабарга тааллуқлимикан? Шу каби жавобсиз саволлар эса, шубҳа-гумонларда ҳақиқат борлигига ишора бермоқда.