Rost24.uz яқинда Ўзбекисонда мустақил сайёҳлик қилган бир фуқаро билан суҳбатлашган эди. У ички туризм яхши ривожланмаганини, Қашқадарёда Оқсарой комплексида бирорта ҳам гид хизматидан фойдалана олмаганини айтди. Бундан ташқари, музейларда, ҳатто туризмни ривожлантириш мақсадида бўлса ҳам, суратга олиш мумкин эмас экан. Биз билан суҳбатлашган сайёҳ Қорақалпоғистондаги машҳур Савицкий музейида суратга олиши учун музей маъмурияти 600 минг сўм сўраганини айтган эди. Бу ҳолатларга туризми мутасаддилари қандай изоҳ беради?
Rost24.uz журналистининг ушбу саволига Туризм қўмитаси Бошқарма бошлиғи Иброҳим Барнаев қуйидагича изоҳ берди:
“Ички туризм ривожланмаган деган фикризга мен қўшилмайман. Шахсан ўзим Қашқадарёда 2 ойлаб юрдим. Агар у ерга ёзда борилса, ҳеч қаердан жой топа олмайсиз. Ҳамма ҳудудлари одамлар билан гавжум бўлади. Ҳозир Қашқадарёда иккита туристик зона ташкил қилиняпти. Бу бўйича президент қарори ҳам чиқди. Қашқадарёнинг Китоб ва Қамаши туманларида иккита туристик зона қурилиши режалаштирилган. Агар туризм ривожланмаган бўлса, бу нарса қилинмайди. Гидлар масаласида эса, ҳақсиз. Ўзим ҳам оилавий саёҳатларга борганимда, айниқса Оқсаройда гид топишга қийналганман. Ҳозир ўқитиш ишлари кетяпти. Бу соҳани ривожлантириш учун асосий мақсадлар бор. Бундан ташқари, Оқсаройда қурилиши режалаштирилган туристик марказда тур оператор, гид хизматини ҳам ўзимиз йўлга қўймоқчимиз. Музейларда суратга олиш бўйича, балки бу ички тартибдир, сабаби, ўзи суратга олиш тақиқланган объектлар бор”, дейди И.Барнаев.