Пойтахтдаги 65 гектарлик боғ йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолинди

07.10.2023 19:15

“Ботаника боғи” ҳокимларга берилмайдиган бўлди. Аммо яна 195 та истироҳат боғларини ким асраб қолади?

“Ботаника боғи”ни асраб қолмоқчи бўлганлар ҳам, йўқотмоқчи бўлганлар ҳам Президент қарорларини асос қилиб кўрсатмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги жамоатчилик эътирозларидан сўнг биргина “Ботаника боғи” (Бош вазир А.Арипов имзолаган) қарор лойиҳасидан чиқарилишини маълум қилди. Агентликка кўра, бу бўйича Фанлар академияси таклиф берган.

Аммо, қарор лойиҳасида яна 195 та истироҳат боғларини ҳокимликлар ҳузурида тузиладиган “Истироҳат боғларини бошқариш дирекцияси”га ўтказиш режаси турибди.

Ушбу дирекцияларга истироҳат боғларида савдо қилиш, пуллик хизмат кўрсатиш, объект ва ер участкаларини ижарага бериш ваколати берилмоқда.

Бироқ, лойиҳа ташаббускори бўлган агентлик эса “лойиҳада боғларни хусусийлаштириш ёки бошқача тартибда бегоналаштириш кўзда тутилмаган”, демоқда.

Аммо агентлик Ўзбекистонда 262 та боғлар хатловдан ўтказилганини қайд этиб, улардан айримлари (196 таси, жумладан, “Ботаника боғи” ҳам) ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолганини, уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётгани аниқланганини билдирди. Шу сабабли, улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани ва таклифларни тегишли қарор лойиҳаси кўринишида келишиш учун 11 та вазирлик ва идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали юборилганини маълум қилди.

«Мазкур қарор лойиҳаси барча вазирлик ва идоралар, жамоатчилик фикрини инобатга олган ва қайта ишланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади», — дейилади Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарида.

Мазкур можаро бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам ўз муносабатини билдирди.

Пойтахт ҳокимлигининг расмий муносабатида 2023 йил 24 мартда имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 102-сонли Президент қарори сабаб қилиб кўрсатилган.

«102-сонли Президент қарори асосида республикадаги боғлар фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулайликлар яратиш, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида, Давлат активлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилган», – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги муносабатида.

Ўзбекистон Фанлар академияси ҳам Ботаника боғини асраб қолиш учун Президент қарори мавжудлигини билдрди.

«Президентнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-171-қарорига мувофиқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Фанлар академияси билан биргаликда “Академик Ф. Русанов номидаги Ботаника боғи фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий салоҳиятини кучайтириш, моддий-техник базасини яхшилаш, ҳудудларда уларнинг тажрибасини қўллаш ва филиалларини ташкил этиш” бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва идоралараро келишувга жойлаштирилди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ботаника боғини бошқа вазирлик ва идораларга ўтказиш имкониятини чеклайди», – дейилади Фанлар академиясининг расмий муносабатида.

Пойтахт марказида 65 гектар майдонга эга “Ботаника боғи”ни қўлга кирита олмаган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур можароли қарор ташаббускори эмаслигини ҳам маълум қилиб ўтди.

«Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди», – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий муносабатида.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар