МУЛОҲАЗА ва ТАКЛИФ
2023 йилда болалар ҳуқуқларининг бузилиши, вояга етмаган қизлар билан боғлиқ турли нохуш ҳолатлар кўпайди. Афсуски, бундай ҳолатлар ҳали ҳам давом этмоқда. Жазо эса муқаррар белгиланмаган.
Бу орада эса, Олий мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова 14 сентябрь куни ўзининг фейcбукдаги саҳифасида “Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен бола ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан”, дея пост қолдирди.
Бу ҳолатга нисбатан Kun.uz журналисти Илёс Сафаров “Фикримча, Алия Юнусова болалар омбудсмани сифатида яхши ишламади, ишлолмади. Айни унинг даврида болалар зўравонлиги билан боғлиқ содир қилинган жирканчли жиноятларни ҳали эсдан чиқарганимиз йўқ. Аммо, шуларга қарамай, мавжуд оғир вазиятни ҳис қилолгани, мард бўлиб постни топширгани учун Юнусованинг олдида шляпамни ечишга тайёрман. Қани энди, ҳеч нарсани эплолмаётган бўлса-да, амал курсисини бошқаларга бермай келаётган амалпарастлар ҳам ундан ўрнак олса”, дея фикр билдирган.
Бу йил ҳар йилгига нисбатан болалар ҳуқуқлари борасидаги вазият оғирлашди ва бунга қайсидир маънода, тизимдаги камчиликлар ва назоратнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлса ажаб эмас.
Ўзбекистонда мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ўзи бошқараётган тизимни эплолмаётганидан фаолиятини якунласа, кимлар истеъфога чиқиши мумкин эди?
Ички ишлар вазирлиги тизимда фуқаролар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўпайган, аммо вазир ҳамон сукут сақламоқда.
Охирги йилларда аслида фуқаролар ҳуқуқини муҳофаза қилувчи орган - Ички ишлар органида тергов, қийноқ, калтаклардан кўплаб фуқаролар жабр кўрди, вафот этди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Чироқчи туманида ИИБ қўлида вафот этган фуқаро воқеаси юзасидан ўтказилган брифингда, “ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган”, деган фикрни айтиб ўтганди. 2022 йил ноябр ойида эса публицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилиб, пойтахтдаги Гагарин ҳайкали олдида бир кишилик пикет уюштирган эди. Шунингдек, блогер ушбу ҳолатга нисбатан “Фуқароларнинг ИИБ биноларида ўлаётгани вазирни безовта қилмаётгани жуда ёмон сигнал. Бу сигнал тагида узун занжир ётибди”, дея айтиб ўтган эди. Бу каби мавзулар жамоат фаоллари томонидан кўп бора ва қайта-қайта ёзилди. Аммо, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бу ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмаган ва ҳалигача ҳеч нима бўлмагандек фаолиятини давом эттирмоқда.
Соғлиқни сақлаш собиқ вазири – "Док-1 Макс" иши бўйича узр билан қутилган эди
Соғлиқни сақлаш тизимида “Док-1 Макс” препарати сабаб 65 бола вафот этди, аммо ҳали бу тизимдан ҳеч ким истеъфо талаби билан чиқмади. Ушбу дори юзасидан ҳали ҳам суд иши давом этмоқда. Соғлиқни сақлаш собиқ вазири Беҳзод Мусаев “Док-1 Макс” сабаб вафот этганлар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан яширилганлигини айтиб, ушбу дорига алоқадор барча жавоб беришини таъкидлаган ва фарзандини йўқотган ота-оналардан узр сўраган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар соғлигига бевосита масъул ва жавобгар бўлган ўринбосари Элмира Боситхонова Халқаро пресс клубнинг ушбу соҳага бағишланган сонида gazeta.uz мухбирининг “Фарзанди вафот этган ота-оналарга компенсация тўлаб бериладими?” мазмунидаги саволига “Ҳозирда ҳамма ўлим ҳолатлари ўрганилмоқда, агар улар ҳужжат билан тасдиқлансагина, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин», дея жавоб берган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўтган йил қиш аномал келиб, энергетика инқирози кузатилди. Ноқулай шароитларда, айниқса ис газидан ўлим ҳолатлари сони сезиларли даражада ортиб кетди.
Бу борада Энергетика вазирлигининг ўтган йили бўлган муаммоларга қай даражада ечим топгани эса бу йилги қишда маълум бўлади. Балки бу вазирликда ҳам ўзгариш қилиш вақти келгандир.
Иш бор жойда камчилик бўлади, аммо камчиликларга кўз юмиш эмас, уни бартараф этиш керак.