Бош прокуратура хабари: сотилган захира ерлар, ўзлаштирилган мактаб маблағлари ва талон-торожликлар...

08.02.2021 15:10

Бош прокуратура матбуот хизматининг Rost24 сайтига берган маълумотига кўра, қуйидаги фирибгарлик ва талон-тарожликлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда:

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Н» МТП раҳбари О.А., фуқаро Ғ.нинг ишончига кириб, унга тумандаги «Т.» чорва фермер хўжалигига қарашли 30 сотих суғориладиган ер майдонини 27 700 АҚШ долларига сотилишини айтиб, кейинчалик ушбу ер ҳужжатларини танишлари орқали расмийлаштириб беришга келишиб, олдиндан 10 300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Департамент ҳамда ДХХнинг Гурлан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Э.А. укасининг номига электрон-онлайн аукционида ютиб олинган 5 сотих ер майдонига қўшиб туман ҳокимлиги захирасида бўлган 19 сотих экин ер майдонини 50 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, кейинчалик ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 20 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Департаментнинг Шофиркон туман бўлими томонидан вилоят «Сувинспекцияси» ва Бухоро шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари иштирокида Шофиркон туман маркази ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш ишлари бўйича ўтказилган назорат ўлчовида, «Э.» МЧЖ раҳбарлари ҳужжатларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 254,4 млн. сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро О.А. фуқаро Ш.К.нинг ишончига кириб, унга Россия Федерациясидан «Коллер» номли турли ранг берувчи бўёқ маҳсулотларини олиб келиб беришини ваъда қилиб, эвазига 82 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда М.Ф. ва И.Ш.лар фирибгарлик йўли билан «Абу Али Ибн Сино» номидаги жамоат саломатлиги техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 21 нафар фуқаронинг 5 000 АҚШ доллари ва 5,2 млн. сўмини, шунингдек, фуқаро С.ни Қарши давлат университетига ўқишга киритиш ва «Тошкент шаҳридан уй олиб бераман», деб алдаб, 17 500 АҚШ долларини қўлга киритган.

Департаментнинг Нукус туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “N.» МЧЖга ҳудуддан оқиб ўтувчи канални қазиш ва қайта таъмирлаш ишлари бўйича туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан жамият ҳисоб рақамига ишлар тўлиқ бажарилмаган бўлса-да 145,3 млн. сўм бюджет маблағлари ўтказиб берилганлиги, ушбу маблағлар эса талон-торож қилинганлиги, шунингдек туман ҳокимлиги танлов комиссияси баённомасига танловда иштирок этмаган жамиятларни танловда иштирок этганлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритилиб, “N.» МЧЖ танлов ғолиби этиб белгилаганлиги аниқланган.

Департаментнинг Кегейли туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тумандаги умумтаълим мактаби биносида «Н» МЧЖ томонидан амалга оширилган жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаган бўлса-да, туман халқ таълими бўлими томонидан 104,8 млн. сўм бюджет маблағлари жамият ҳисоб рақамига ўтказиб берилиб, ушбу маблағлар растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар