Амалда қурилаётган талабалар тураржойлари вазирлик томонидан кўрсатилди

30.08.2023 12:12

Талабаларни тураржойларга жойлаштириш ҳар ўқув йили боши ва йил давомидаги муаммолардан бири ҳисобланади. Сентябрь ойининг бошида пойтахтдаги “Талабалар шаҳарчаси” вилоятдан оғир юклари билан келган талабалар билан тўлади.

Шу каби вазиятлар инобатга олинган ҳолда, 14 август куни Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини тураржой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда бу йил талабаларни тураржойларга жойлаштириш тизимини соддалаштириш ва жараёнда инсон омилини камайтириш мақсадида, тураржойларга ариза топшириш электронлаштирилиши белгиланган эди.

Яъни, энди талабалар Давлат хизматлари орқали онлайн ариза топшириб, навбатни ҳам онлайн кузатиш имкониятига эга бўлиши айтилган.

Ушбу янгиликдан сўнг Rost24.uz “Масъуллар талабалар учун тураржойлар етишмовчилигини ўзларидан соқит қилмоқда” танқидий мақоласини эълон қилиб, унда онлайн аризалар ётоқхона етишмовчилиги муаммосини ҳал этадими, деган саволни қўйди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 23 август куни ўтказган матбуот анжуманида ҳам мутасаддилар ҳозирда бир қанча тураржойлар қурилганини ҳисоботларда айтиб ўтди. Ушбу матбуот анжуманидаги билдирилган фикрлар асосида, сайтда "Онлайн навбат ётоқхона етишмовчилигига қандай ечим бўла олади?" номли видеоматериал эълон қилинди. Унда ҳам тизим электронлаштирилгани билан тураржойлар етишмаса, бу тизим ўзини оқлайдими, деган савол ўртага ташланди.

Шундан сўнг, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Rost24.uz'ни қоғозлардаги ҳисоботлардан ташқари, Тошкент шаҳрида амалда қурилаётган талабалар тураржойлари билан таништирди.

Вазирлик мутасаддиларининг айтишича, 2023 йил якунига қадар республика бўйича 18 минг ўринли талабалар тураржойларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, йил якунига қадар улар тўлиқ қуриб битказилар экан. Шунингдек, 2023 йил 1 июль ҳолатига 4 702 ўринли 12 та талабалар тураржойлари қуриб битказилиши ҳам айтилди.

Вазирлик тақдим этган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида вазирлик ва ташкилотлар қисқариши ҳисобига олдиндан мавжуд бўлган бинолар таъмирланиб, 1800 ўринли талабалар тураржойларига айлантирилмоқда. Ушбу ётоқхоналар жорий ўқув йили бошида қуйидаги олий ўқув юртларига топширилади:

Тошкент давлат Техника университетига 800 ўрин;
Ўзбекистон Миллий университетига  400 ўрин;
Тошкент Тиббиёт академиясига 600 ўрин.

Зафар Амирқулов
Вазирлик бош мутахассиси

«Шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети учун 1000 ўринли, Техника университети учун 400 ўринли, Молия институти учун 550 ўринли, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти  учун 800 ўринли, Тошкент давлат шарқшунослик университети учун 400 ўринли тураржойлар ҳам қурилиш жараёнида ва уларнинг айримлари йил охиригача, бошқалари эса 2024 йил март ойигача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган», — деди вазирлик бош мутахассиси Зафар Амирқулов.

Бундан ташқари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш институтининг мавжуд 220 ўринли талабалар тураржойи 350 ўринга мўлжаллаб қайта таъмирланиб, ўқув йили бошида фойдаланишга топширилиши ҳам маълум қилинди.  

Тураржойлар сони ўтган йилгига нисбатан кўпаймоқда. Энди ҳар йили талабалар тураржойлари билан боғлиқ муаммолар камаяди деган умиддамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар